Хуросон мамлакати бўйсундирилгандан кейин амирларим юқорида эслатилган уч мамлакатга лашкар юборайлик, деб маслаҳат бердилар. Мен дедимки: «Агар лашкарларнинг ўзи билангина иш битмасачи? Унда ўзим боришим керак бўлади. Менинг эса мўлжаллаб қўйган бошқа ишларим кўп».
Маслаҳатни шундай деб билдимки, ўша диёрлар ҳокимларини ўзимга оғдириб олиш учун: «Агар менга қўшилсанглар (қутуласизлар), курашсанглар йиқиласизлар. У ҳолда такдирингизда нима бўлса, ўшани кўрасизлар», –деган мазмунда ёрлиғлар йўлладим. Бу тадбирим такдирга тўғри келди. Ёрлиғларим уларга етиши биланоқ итоат бошларини бўйсуниш мақомига қўйдилар[1].
[1] Бу воқеа 1383 йили рўй берган.
Амир Темур ва унинг авлодлари даврида «Китоблар уйлари» («Дор ул-кутуб») мавжуд бўлиб, улар йилма-йил ноёб асарлар билан тўлдириб борилган. Афсуски, XVII - XIX асрлардаги босқинлар, мустамлакачилик оқибатида бу китоблар жаҳоннинг турли бурчакларига олиб кетилди. Ҳозирда ота-боболаримизнинг, айниқса темурийлар даврининг ноёб дурдона қўлёзмалари дунёнинг энг машҳур музейларини безаб турибди. (Тўлқин Ҳайит «Амир Темур хазинаси»)