Амр қилдимки, қачонки асл сипоҳийлардан иш кўрган, жангу жадал билан суяги қотган ўн киши йиғилса, булардан қайси бирининг шижоати, ботирлиги ортиқроқ бўлса, қолган тўққизтаси ўз розилиги ва маъқуллаши билан, уни ўзларига сардор қилиб, отини ўнбоши деб атасинлар.
Ўн нафар ўнбоши жам бўлса, ўз ичларидан энг иш кўрган, жанг майдонларида тобланиб, тажриба орттирган, баҳодирликда номи чиққан бировини амир қилиб, уни юзбоши деб номласинлар.
Агар ўн юзбоши йиғилса, амирзодалардан ақлли, шижоатли, баҳодир бир кишини амир этиб сайлаб, уни мингбоши десинлар ва амири ҳазора дея мурожаат қилсинлар.
Агар қарамларидаги бирон кимса ўлса ёки қочиб кетса, ўрнига янги кишини тайинлаш ўнбошиларнинг ихтиёрида бўлсин. Шунга ўхшаш юзбошилар ўнбошиларни, мингбошилар юзбошиларни тайин қилсин. Булардан ўлган, қочган, янги тайинланганлар бўлса, сабабларини айтиб, менинг арзимга етказсинлар.
Яна буюрдимки, уруш кунларида ва салтанат ишларини бошқаришда мингбошининг ҳукми юзбошига, юзбошиники ўнбошига, ўнбошиники (эса) қўл остидагиларга жорий этилади. Агар бу тузукка қаршилик қилсалар жазога тортилсинлар. Агар уруш ишларида ким камчиликка йўл қўяр экан, уни четлатиб, ўрнига бошқани қўйсинлар.
Саййидлар, олимлар, фақиҳлар ва билим эгалари, шунингдек, уйғур бахшиларию форс адиблари Соҳибқиронга сафарда ҳам, уйда ҳам узлуксиз мулозимликда бўлган эканлар. Фармонга мувофиқ улардан бир гуруҳи мунтазам (равишда) ул Ҳазратнинг юриш-туриши ва гап-сўзларида, мулк, миллат ва аркони давлат аҳволида нимаики гап бўлса, тўла-тўкис ёзиб борардилар. Бу ишда муболаға қилинмасин, деб алоҳида таъкидлаб буюрилган эди. Шу йўсинда туркий манзума ва форсий қисса, ҳар бири ул Ҳазратнинг юриш-туришидаги энг йирик (воқеаларни) қамраб олган назм ва наср қаламига олинган эди. (Шарафуддин Али Яздий)