Амр қилдимки, қачонки асл сипоҳийлардан иш кўрган, жангу жадал билан суяги қотган ўн киши йиғилса, булардан қайси бирининг шижоати, ботирлиги ортиқроқ бўлса, қолган тўққизтаси ўз розилиги ва маъқуллаши билан, уни ўзларига сардор қилиб, отини ўнбоши деб атасинлар.
Ўн нафар ўнбоши жам бўлса, ўз ичларидан энг иш кўрган, жанг майдонларида тобланиб, тажриба орттирган, баҳодирликда номи чиққан бировини амир қилиб, уни юзбоши деб номласинлар.
Агар ўн юзбоши йиғилса, амирзодалардан ақлли, шижоатли, баҳодир бир кишини амир этиб сайлаб, уни мингбоши десинлар ва амири ҳазора дея мурожаат қилсинлар.
Агар қарамларидаги бирон кимса ўлса ёки қочиб кетса, ўрнига янги кишини тайинлаш ўнбошиларнинг ихтиёрида бўлсин. Шунга ўхшаш юзбошилар ўнбошиларни, мингбошилар юзбошиларни тайин қилсин. Булардан ўлган, қочган, янги тайинланганлар бўлса, сабабларини айтиб, менинг арзимга етказсинлар.
Яна буюрдимки, уруш кунларида ва салтанат ишларини бошқаришда мингбошининг ҳукми юзбошига, юзбошиники ўнбошига, ўнбошиники (эса) қўл остидагиларга жорий этилади. Агар бу тузукка қаршилик қилсалар жазога тортилсинлар. Агар уруш ишларида ким камчиликка йўл қўяр экан, уни четлатиб, ўрнига бошқани қўйсинлар.
Амир Темур фақат маҳаллий муаллифларнигина рағбатлантирмай, балки ўз пойтахтига чет эл олимлари ва шоирларини ҳам жалб этди ҳамда уларнинг ҳаммасига ҳотамтойларча мукофотлар ҳадя этар ва ўз шахсий эътибори ва ҳомийлиги билан уларни қўллаб-қувватларди. Ана шу олимларнинг айримлари Амир Темур салтанатида ўз ватанидагидан кўпроқ таъминланган эди. (Г. Вамбери)