Мустақиллик туфайли халқимиз ўзлигини таниди, буюк боболаримизнинг тарихдаги ўчмас жасорати ва юксак даҳоси ҳақидаги асл ҳақиқат рўёбга чиқди. Бу улуғвор ишларнинг дебочаси сифатида мамлакатимизда Соҳибқирон Амир Темур ҳақидаги адолат қарор топди.
Президентимизнинг "Юксак маънавият – енгилмас куч" китобида халқимизнинг топталиб келган миллий ғурурини юксалтириш, Соҳибқирон бобомизнинг муборак номи, тарихий сиймоси, бой мероси ва хотирасини тиклаш йўлида мамлакатимизда қўйилган қутлуғ қадамлар тўғрисида батафсил ҳикоя қилинган. 1996 йил Ўзбекистонда "Амир Темур йили" деб аталди. ЮНЕСКО қарори билан Соҳибқирон таваллудининг 660 йиллиги бутун дунё бўйлаб нишонланди.
Тошкент, Самарқанд ва Шаҳрисабзда Амир Темурнинг муҳташам ҳайкаллари ўрнатилди.
Соҳибқирон Амир Темур шахсияти жаҳон тарихида жуда кам учрайдиган ҳодисадир.
"Буюк шахсларни миллат қайғуси, халқ дарди яратади", – деган эди Президентимиз. Чиндан ҳам, миллат қайғусидан, халқ дардидан яралган улуғ бобомиздай зотнинг дунёга келиши замон зарурати ва талабига айланди, бошқача айтганда, тарих ва замон ўз қаҳрамонини ўзи жаҳон майдонига олиб кирди.
Амир Темур қачон ва қаерда туғилган?
Амир Темур, Темурбек, тўлиқ айтсак, Амир Темур ибн Амир Тарағай милодий 1336 йил 9 апрель куни Кеш (ҳозирги Шаҳрисабз) яқинидаги Хўжа Илғор қишлоғида туғилди.
Отаси – Амир Тарағай, Тарағайбек (туғилган йили номаълум, вафоти 1360) барлос қабиласининг нуфузли оқсоқоли эди. Ўзбек халқи таркибида тўқсон икки уруғ борлигини биламиз. Барлос ана шу "тўқсон икки"нинг биридир. Амир Тарағай Туркистоннинг ўша пайтдаги ҳукмдори Амир Қозоғон олдида ишонч қозонган ҳурмати бор беклардан ҳисобланар, Чиғатой улуси беклари қурултойларига қатнашиб турарди. Ҳарбий ишларга майли йўқ, тақводор мусулмон, вақтини дарвешлар билан ўтказарди. Шарафиддин Али Яздийнинг ёзишича, "Тарағайбек уламо ва сулаҳо ва муттақийларга мушфиқ ва меҳрибон эрди ва буларнинг мажлисига борур эрди...".
Онаси – Тегина Хотун, Такина бегим, Такина Моҳбегим (тахм. 1318, Бухоро – 1353, Шаҳрисабз) Бухоро уламолари пешвоси мавлоно садр аш-шариъа, яъни шариат қонунларини шарҳловчи аллома Убайдуллоҳ ал-Бухорийнинг қизидир. Милодий 1334 йил 16 ёшда Тарағайбекка узатилган. Орадан икки йил ўтгач, Темурбек таваллуд топди.
Онаси ва отаси Шаҳрисабзда дафн этилган. Амир Темур онаси хотирасига баландлиги етмиш бир метр келадиган дунёга машҳур Оқсарой ёдгорлигини бунёд эттирди.
Ривоятларга қараганда, кунлардан бир кун Соҳибқироннинг саккизинчи бобоси Қочувли баҳодир туш кўрибди, тушида унинг қўйнидан бир юлдуз учиб чиқиб жамол кўргизибди ва шу заҳотиёқ сўнибди, кейин иккинчиси, учинчиси, тўртинчиси ярқираб чиқибди, бари сўнаверибди. Бу ҳол етти марта такрорланибди. Бироқ саккизинчи мартасида катта порлоқ юлдуз отилиб чиқибди-ю, бутун дунёни ёритиб юборибди! Мана шу Амир Темур юлдузи деб тахмин қилинади. Ундан яна бир неча кичик юлдузлар пайдо бўлибди, катта порлоқ юлдуз мағриб чизиғига бош қўйиб сўнгандан кейин, кичик юлдузлар порлашда давом этибдилар...
Амир Темурнинг болалиги
Болалигиданоқ табиатан оғир-босиқ, зеҳни ўткир, шошилмай фикрлайдиган Темурбек даставвал мактабда сабоқ олди, саводини чиқарди, устозлар назоратида камон дастасини ушлаш, ўқ узиш, найза тутиш, отларни саралай олиш, шикорлар уюштириш, чавандозлик ва қиличбозлик сирларини яхшилаб ўрганди. Шарафиддин Али Яздийнинг ёзишича, Темурбек ўн икки ёшида тенгқурлари билан "пошшо-вазир" ўйнашар экан. Темурбек подшо бўлар, қолганларнинг ҳар бирига бир "мансаб" берилар, "гуноҳкор" одамни жазолаб, "юрт" бошқарар экан. Ўн икки ёшлигидаёқ юрт бошқариш ҳавосини олишга интилиш кучли бўлган, ниятни катта қилган.
Кичиклигиданоқ Қуръони каримни ёд олганини айтишади, Қуръон ўқишда унинг овози қориларники каби салобатли ва ёқимли бўлган.
1360–1370 йилларда Туркистондаги вазият
Милодий 1358 йилда Туркистон (Мовароуннаҳр) ҳукмдори Амир Қозоғон ўлдирилгандан кейин бошбошдоқлик авж олиб кетди. Тарихчи Хондамирнинг хабар беришича, мамлакат ўнга яқин бекликларга бўлиниб кетган, ҳукмдорлар ўзаро низолар, жанглар билан овора, бирлашишни ўйламасдилар. Шу сабабдан, Мўғулистон хони Туғлуқ Темурхон 1360–1361 йилларда ягона ҳокими йўқ юртимизга босқин уюштирганда унга бас келадиган куч топилмади.
Амир Темур ана шундай вазиятда тарих майдонига кириб келди. Худо келажакда улуғ салтанат барпо қилишни унинг кўнглига жо этган эди. Бунинг учун мамлакатни бирлаштириш лозим бўларди. У ўзбошимча амирлар бошини бир жойга қовуштира олди. Оғир курашлардан кейин милодий 1370 йилда Амир Темур давлат бошига келди. Туркистон тарихида 1370 йил 9 апрелдан бошлаб мутлақо янги саҳифалар бошланди.
Мустақил Турон давлатига асос солиниши
Соҳибқирон Амир Темур Қашқар, Еттисув, Туркистон ва Хоразмнинг бир қисмидан иборат Чиғатой улусининг вориси сифатида майдонга чиқди ва улус ерларига тўлиқ эгалик қилишни ўзининг қонуний ҳуқуқи деб ҳисоблади. Ўша пайтдаги таомилга кўра, давлатга Чингизхон асос солган, шунинг учун фақат унинг авлодидан бўлганларгина хон аталишга лойиқ кўриларди. Амир Темур давлат бошига келишдан олдин чингизий Суюрғатмишхонни номигагина хон қилиб кўтарди, сохта обрўлар кетидан қувишга эҳтиёжи бўлмаган Соҳибқирон ўзини хон деб атамади, чунки у хон авлодидан эмас, балки оддий халқ ичидан чиққан қаҳрамон эди. Самарқандни Турон салтанатининг пойтахти деб белгилади, 1391 йилда Тўхтамишхон билан жангга бораётиб, Дашти Қипчоқда улкан тошга хотира сатрларини ўйдириб ёздирганда, ўзини "Турон султони" деб атади.
Биринчи қадамлар парчаланиб кетган юртни – Турон мамлакатини бирлаштиришдан бошланди. Бу ишни амалга ошириш учун Жета (бошқа номи Мўғулистон)га беш марта, Хоразмга беш марта юриш қилишга тўғри келди. Пароканда мустамлака юрт яхлитлик мақомига эга бўлиб, озодликка эришди. Бу тарихимиздаги диққатга сазовор улкан воқеалардан биридир.
Ўттиз беш йил (1370–1405) ҳукм сурган Соҳибқирон Амир Темур Марказий Осиё ҳудудларини ягона марказлашган давлатга бирлаштирди, Ҳинд ва Гангадан то Орол денгизигача, Тянь-Шандан то Босфоргача улкан империя барпо этди.
Амир Темур, энг аввало, мустақил улкан Турон давлатини тузган ватанпарвар, буюк давлат арбобидир, ватанимизни мўғул босқинчиларидан озод этган халқ қаҳрамонидир. У мустабидларга қарши кураш ва мустақил давлат бунёд этиш ўзининг бурчи эканини чуқур англаб етди. Президент Ислом Каримовнинг: "Амир Темурни англаш – ўзлигимизни англаш демакдир", – деган сўзлари замирида ана шундай теран маъно мужассамдир.
«Соҳибқирон» сўзининг маъноси
«Соҳибқирон» сўзининг арабча «саодатли, зафарли, ғолиб» маънолари бор. Илми нужум (астрология)да ва афсоналарда Зуҳра (Венера) – дўстлик ва меҳру муҳаббат туғёнларини инъом айлагувчи, Муштарий (Юпитер) – омаду иқбол, музаффарияту шодиёналар сайёраси деб таърифланади. Шу икки сайёранинг бир буржда учрашган вақти саодатли лаҳзалардур, уни қирон дейдилар, шундай вақтда туғилган бола ўша қирон соҳиби ҳисобланади. Бундай боланинг бахтли, улуғ мартабалар эгаси бўлиши олдиндан башорат этилади. Шарқ мамлакатларида ҳукмдорларга бериладиган шарафли унвон. Амир Темур Кўрагон ҳам шу унвонга мушарраф бўлган.
Уч йиллик, беш йиллик, етти йиллик юришлар ва уларнинг сабаблари
Амир Темур урушнинг айтгани-айтган, дегани-деган қаттол бир замонда яшади, қиличу найзага суянган бу замоннинг ҳеч кимга бўйсунмайдиган ўз қонунлари бор эди. Уларга риоя қилмаслик ёки четлаб ўтиш мумкин эмасди. Шуни таъкидлаш жоизки, Соҳибқирон худо измидан чиқмайдиган бандалардан эди, ҳеч қачон биринчи бўлиб уруш бошламасди, савашишларни ёқтирмасди. Унинг юришлари заруратдан келиб чиқарди. Энг аввало, у урушнинг олдини олиш чорасини изларди. Айрим ҳолларда, қайсидир мамлакатда зулм ортиб кетган бўлса, у жойнинг улуғлари соҳибқирон Амир Темурга кўмак сўраб мурожаат қилишарди. Амир Темур ўз "Тузуклар"ида давлат ишларининг тўққиз улушини кенгаш (дипломатия)га ажратгани, бир улушини қиличга қолдирганини ёзган. У умр бўйи бунга риоя қилди. Мухолиф мамлакатга такрор-такрор элчилар юборар, қуда-андачиликни йўлга қўйишга тиришар, қариндошчиликни ривожлантириш йўлларини изларди. Бунинг ёрқин мисоли Хоразмнинг гўзал маликаси Хонзода хонимнинг Турон салтанати валиаҳди шаҳзода Жаҳонгир Мирзога узатилиши эди.
Амир Темурнинг "уч йиллик" (1386–1388), "беш йиллик" (1392–1396), "етти йиллик" (1399–1404) юришлари тарихдан маълум. Бу юришлар замирида Буюк ипак йўлига эгалик қилиш учун курашлар ҳам ётади. Савдо йўллари давлатга катта даромад келтиришдан ташқари, халқаро сиёсий майдонда мавқе, обрў-мартабани юксак даражага кўтарарди.
Амир Темур юришлари, урушлар, албатта, ўз асоратларини қолдирди, лекин уларнинг жаҳон тарихида ижобий томонлари борлиги ҳам ҳақиқат.
Соҳибқироннинг юришлари Хитойда Минь сулоласи давлат бошига келганда мўғулларнинг Хитойга солаётган хавфини бартараф этди...
Олтин Ўрда ҳоқони Тўхтамишхон билан 1391, 1395 йилларда олиб борилган улкан жанглар Россияни мўғуллар зулмидан халос қилди, рус халқига марказлашган давлат тузиш имкониятини яратди.
Амир Темурнинг Усмонлилар империяси устидан қозонган ғалабаси Европани усмонлилар мустамлакасидан қутқариб қолди, уни Европа халоскорига айлантирди, Византия империяси умрига ярим аср умр қўшди. Француз тарихчиси Рене Груссе ХХ аср бошларида: "Амир Темурнинг Боязид устидан ғалабаси христиан оламини асраб қолди", – деб ёзган эди.
Амир Темур дипломатияси
Амир Темур узоқни кўра оладиган моҳир дипломат сифатида тарихда чуқур из қолдирди. Ўша йилларда Испания мамлакати қироли Энрико III, Франция қироли Карл VI, Англия қироли Генрих IV саройларига алоқалар боғлаш учун элчилар йўллади, мактублар ёзди, мактублар олди. Ўз навбатида, испан, француз, инглиз, хитой ва бошқа хорижий мамлакатлар элчилари унинг саройига тез-тез ташриф буюриб туришар эди.
У улкан давлат арбоби сифатида Европа ва Осиё ўртасида ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган ягона макон яратиш чораларини қидирди. Бунда ўзаро савдо-иқтисодий муносабатлар ўрнатилишига катта эътибор берди. Жаҳоннинг нуфузли давлатлари билан яхши алоқаларни йўлга қўйди. Бу маънода бир тарафдан – Хитой, Ҳиндистон, иккинчи тарафдан – Франция, Англия, шунингдек, Усмонлилар империяси, Испания, Италия, Миср ва бошқа давлатларни айтиб ўтиш мумкин. Соҳибқирон фаолиятининг жаҳоншумуллиги ҳам шунда намоёндир.
Куч – адолатда
Шарқда "одил подшо" тушунчаси қадим-қадимдан мавжуд ва халқ ана шундай подшони ҳамиша орзу қилиб келган. Соҳибқирон Амир Темур ана шундай подшо бўлишга интилди. "Куч – адолатда" сўзлари Амир Темур узугига ўйиб ёзилган ва давлат муҳрида ҳам акс этган эди. "Мамлакат зулмга чидаши мумкин, аммо адолатсизликка чидай олмайди", – деб ёзганди Амир Темур ўз "Тузуклар"ида. Бу – салтанат шиори. Соҳибқирон бунга қаттиқ амал қиларди. Адолатнинг кучи шунчалар юксак эдики, агар мамлакатда бирор одам бир товоқ олтин ё кумушни бошига қўйиб, мағрибдан машриққача борса, ҳеч ким унга қўл чўзмас, олтин ё кумушдан биттаси ҳам камаймасди.
У ҳар қадамда, хоҳ ўзининг фарзандлари бўлсин, хоҳ бошқа фуқаро – барчага бирдай адолат кўзи билан қарарди. Сафарлардан қайтиб келганда, шахсан ўзи бозорни текширар, агар қассобу баққол, новвойлар ва ҳоказолар фойда топаман деб нарх-навони ошириб юборган бўлсалар, адолат русуми бузилганини кўрса, эл олдида аёвсиз ўша гуноҳкорнинг жазосини берарди. Ёлғон гапни ёмон кўрарди. Адолат тамойилларини бузгани учун ўғли амирзода Мироншоҳ, набиралари амирзода Пирмуҳаммад, Султон Ҳусайн Мирзолар жазоланганлари тарих китобларидан маълум. Муаррих Низомиддин Шомий "Зафарнома"да Амир Темурнинг 1366 йилда, ҳали давлат тахтига чиқмасдан тўрт йил аввал айтган шундай сўзларини келтиради: "Қайси бир подшоҳ ўз ишини ғаддорлик ва бевафолик асосига қурса, кишиларга озор бериш ва ҳалок қилишга ошиқса, унинг давлати чайқалиб, қарорсизликка юз тутади... Биз ўз салтанатимизни одамларга эътибор бериш ва уларни ҳимоя қилиш асосига қураётганлигимиз сабабли уларни юпантириб, хотиржам қиламиз...".
Одамларга, демак халққа эътибор бериш ва ҳимоя қилиш – Соҳибқирон адолатининг бош ўзагини ташкил қилар эди.
Ҳамма жойда амалда бўлган "Куч – адолатда" шиори бутун Турон давлати ҳудудида ахлоқий ва маънавий мезонга айланди.
Амир Темур – бунёдкор
Амир Темур қуриш, яратиш менталитети бўлган халқнинг фарзанди, табиатан бунёдкор бўлиб туғилган ўхшаши йўқ зот эди.
"...Амр этдимки, – деб ёзади Амир Темур "Тузуклар"да, – катта-кичик ҳар бир шаҳар, ҳар бир қишлоқда масжид, мадраса ва хонақоҳлар бино қилсунлар, фақиру мискинларга лангархона (мусофирхона) солсунлар, касаллар учун шифохона қурдирсунлар ва уларда ишлаш учун табиблар тайинласунлар. Ҳар бир шаҳарда дорул-аморат (ҳукмдор саройи) ва дорул-адолат (адолат саройи) қурсунлар...".
Бунёдкорлик Соҳибқирон даврида давлат сиёсати даражасига кўтарилган эди дейиш мумкин. Амир Темур фақат ўз мамлакатидагина эмас, балки бошқа юртларда ҳам бунёдкорлик ишларини амалга оширгани бунинг далилидир. Даставвал салтанат пойтахти қилиб белгиланган Самарқандни дунёнинг энг обод шаҳарига айлантирди, улуғворлигини кўрсатиш учун, атрофида Дамашқ, Бағдод, Миср, Шероз, Султония каби дунёнинг машҳур шаҳарлари номлари билан аталган, боғ-роғларга кўмилган қишлоқлар барпо қилдирди.
Мамлакатда йўллар кенгайтирилди, кўприклар солинди, работлар тикланди, бозорлар орасталанди, бинолар қад кўтарди, хиёбонлар барпо этилди, боғлар яшнади. Бу боғлар ҳақида испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихо ўз кундаликларида завқ-шавқ билан ҳикоя қилган. Уларнинг ичида Гулбоғ, Боғи Дилкушо, Боғи Чинор, Боғи Нав ва бошқа боғлар номи бор. Самарқандда Кўксарой, Амир Темур жоме масжиди, Бибихоним мадрасаси, масжиди, Қусам ибн Аббос меъморий мажмуи, Амир Темур мақбараси, Шаҳрисабзда Дорут-тиловат мажмуи, муҳташам Оқсарой, Туркистон шаҳридаги Хожа Аҳмад Яссавий хонақоҳ-мақбараси, Тошкент яқинида Зангиота мақбараси, Наҳри Барлос ариғи, Кобул атрофлари, Фарғона водийси, Мурғоб водийсидаги ерларга, Озарбайжондаги Муғон чўлларига сув чиқарилиши, Шоҳруҳия, Байлақон шаҳарларининг бунёд этилиши, Табриз, Бағдод ва Гурганж шаҳарларининг қайта тикланиши...
Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Шарафиддин Али Яздийнинг: "Соҳибқирон ҳар ердаким, иморатқа қобил ер кўрса эрди, ул ерда албатта бир иморат солур эрди...", – деган сўзлари зинҳор муболаға эмас.
Амир Темур – илм-фан ҳомийси
Амир Темур, кўп машҳур муаррихлар таъкидлаганларидек, илмнинг қадрига етадиган, уни ривожлантиришга астойдил бел боғлаган, дунёнинг энг етук олимлари, тарихчилари билан бемалол суҳбатлаша оладиган донишманд ҳукмдор эди. Илм-фанга қизиқиш Амир Темурнинг хонадонидан бошланган эди, десак тўғрироқ бўлади. Соҳибқирон хонадонида фарзандлар (шаҳзодалар, маликалар)га илм-фаннинг турли соҳаларидан кўп сабоқлар берилар, мадрасаларда таҳсил олишлар давом эттириларди. Масалан, Мироншоҳ Мирзо учун махсус ибн ал-Асирнинг "Ал-комил фи-т-тарих" (Мукаммал тарих) китоби таржима қилиб берилган эди. Соҳибқирон ҳаракатлари туфайли унинг авлодлари ичида Муҳаммад Султон, Улуғбек Мирзо, Иброҳим Султон, Бойсунқур Мирзо, Ҳусайн Бойқаро, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Кўчкунчихон, Комрон Мирзо, Гулбаданбегим, Зебуннисо каби шоирлар, олимлар, муаррихлар, хаттотлар, ҳомийлар, маънавият ва маърифат жонкуярлари бор бўлиб, улар илм-фан, маънавиятнинг қадрига етадиган ажойиб инсонлар бўлиб етишди. Уларнинг саъй-ҳаракатлари билан маданиятимиз юксак даражаларга эришди. Мисол учун, Улуғбек Мирзонинг астрономия мактаби айнан Самарқандда яратилди. Замонанинг илғор расадхонаси барпо этилди. 1018 та юлдуз таърифини ўз ичига олган "Зижи жадиди Кўрагоний" жадвали жаҳон фанига улкан ҳисса бўлиб қўшилди. "Тўрт улус тарихи" асари эса халқимиз тарихини англаб етишда катта аҳамиятга эга.
Соҳибқирон Амир Темур даври тарихини тўлиқ ва ишонарли ёритиб берган Шарафиддин Али Яздийнинг фундаментал "Зафарнома" (1425) асари Соҳибқироннинг набираси, Шероз ҳокими, шоир ва хаттот Иброҳим Султоннинг раҳбарлиги, фидойилиги ва ҳомийлиги остида дунёга келди. 1519 йилда Улуғбек Мирзонинг набираси Кўчкунчихон топшириғига билан мазкур "Зафарнома" ва Рашидуддиннинг "Жоме ут-таворих" асарлари ўзбек тилига таржима қилинди.
Қолаверса, жаҳон адабиётининг буюк намояндаларидан ҳисобланган Алишер Навоийнинг ижоди, Лутфий ва Ҳусайн Бойқаролар шеърияти, алломалар Қозизода Румий ва Али Қушчи асарлари, Камолиддин Беҳзоднинг дурдона миниатюра расмлари, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бебаҳо "Бобурнома"си, гўзал шеърияти, илмий асарлари, муаррихлар Ғиёсиддин Али, Низомиддин Шомий, Муиниддин Натанзий, Ҳафизи Абрў, Шарафиддин Али Яздий, Мирхонд, Хондамирларнинг солномалари – барча-барчаси темурийлар даврининг маҳсулидир.
Амир Темур – буюк саркарда
Амир Темур жаҳоннинг тўрт машҳур саркардаларидан бири, кураги ерга тегмаган буюк лашкарбоши, худо берган салоҳиятини тўла-тўкис намоён эта олган, ўхшаши йўқ буюк армия қўмондони эди. Жанггоҳлар санъати, уруш йўллари, лашкар тутиш қоидаси, сафлар расм-русуми Соҳибқироннинг "Темур тузуклари" китобида батафсил ёритилган.
Милодий 1365 йилда Сирдарё бўйидаги Чиноз ёнида мўғуллар билан бўлган машҳур "Лой жанги"да Амир Ҳусайн бошлиқ Турон чериги (Амир Темур лашкарбоши эди) мағлуб бўлди. Бу 29 ёшли Амир Темурнинг умрида биринчи ва сўнгги мағлубияти эди.
1366 йилда Қаршида Темурбек бор-йўғи 243 киши билан 12 минг кишилик душманга қарши жанг қилди ва Тангрининг инояти-ю, саркардалик салоҳияти билан зафар қозонди.
1368 йилда Бадахшонда қўли баланд келган душман Соҳибқирон аскарларининг кўпини қириб ташлади ва 130 кишини асир қилди. Ёнида бор-йўғи 13 навкар билан қолган Амир Темур мардларча Добон тоғи тепасига чиқиб йўлни тўсди ва кўп жангу чорасиз қонли уринишлар эвазига ўз аскарларини душмандан қутқариб олди. Кейинчалик Амир Темур ўша жангни эслаб: "Кўп жанглар қилдим ва кўп воқеаларни бошдан кечирдим-у аммо бу жангдан қаттиғини кўрмадим...", – деган эди.
Соҳибқирон дунёнинг 27 мамлакатини мусаххар қилди. Тахминан мингдан ортиқ жанг ўтказди, уларда зафар ҳамиша Соҳибқирон томонида бўлди.
Унинг машҳур жанглари қуйидагилардир:
1391 йил 18 июнь – Кандирча дарёси бўйида (Самара вилояти) Олтин Ўрда хони Тўхтамишхон устидан қозонилган ғалаба. Ҳар икки томондан 200 мингдан ортиқ аскар иштирок этган. Бу ғалаба Турон давлати мустақиллигини яна ҳам мустаҳкамлади.
1395 йил 15 апрель – Олтин Ўрта хони Тўхтамишхонга қарши иккинчи жанг Терек дарёси бўйида юз берди. Турон томонидан 250 минг сипоҳ қатнашди. Жанг Амир Темурнинг узил-кесил ғалабаси билан қарор топди.
1402 йил 20 июль – Анқара ёнида Амир Темур ва усмонлилар императори Йилдирим Боязид билан жанг бўлиб ўтди. Амир Темур қўшини тахминан 200 минг, Йилдирим Боязид лашкари 160 мингдан иборат эди. Саваш Турон султони Амир Темурнинг буюк ғалабаси билан якунланди.
Соҳибқироннинг пирлари
Амир Темурнинг ёшликданоқ машҳур дин уламолари ва шайхларга эътиқоди баланд бўлиб, буни падари бузруквори Амир Тарағайдан ўрганган эди.
Соҳибқироннинг бир неча пирлари бўлган, уларни икки гуруҳга ажратиш мумкин.
Биринчи гуруҳга руҳониятли пирлар, яъни Соҳибқирон туғилгунга қадар яшаб ўтишган табаррук зотлар – Туркистон мулкининг шайх ул-машойихи Хожа Аҳмад Яссавий, Султон Бурҳониддин Қилич, Шайх Нуриддин Басир (Қутби Чаҳордаҳум), Шайх Бурҳониддин Соғаржий ва Шайх Сафиуддин Ёқуб Ардабилийлардир. Соҳибқироннинг мазкур зотлар руҳларига эҳтиром кўргизиб, ҳар бирига алоҳида мақбаралар тиклагани, авлодларини эъзозлаб келгани уларни ўзига пир тутганининг исботи бўла олади.
1397 йил куз ойларида Амир Темур Тошкент сари равона бўлди, ундан ўтиб Яссига борди ва Хожа Аҳмад Яссавий мозорини зиёрат қилди. "Бу азиз Муҳаммад Ҳанифа ўғлонларидин турур, алайҳи ва ала олиҳи вассалом", – дейди Соҳибқирон пир турбатини тавоф айлар экан. "Буюрдиким, – деб ёзади Шарафиддин Али Яздий "Зафарнома"да, – ул мозор устига иморати олий солдилар ва бир улуғ тоқ (гумбаз) боғладиларким, кўк била сўзлашур эрди...".
Иккинчи гуруҳга Соҳибқироннинг замондошлари, Улуғ амир бевосита эътиқод этган ва иродат йўлини берган пирлар – Шайх Шамсиддин Кулол, Шайх Зайниддин Абу Бакр Тойбодий, Мир Саййид Барака ҳисобланадилар. Шайх Зайниддин Абу Бакр Тойбодий Амир Темурга «Куч-адолатда» сўзлари ўйиб ёзилган тилло узук, Мир Саййид Барака эса биринчи учрашувдаёқ салтанат тимсоли бўлган ноғора ва байроқ туҳфа қилган эдилар. Ўзининг руҳий мадади, кўмаги билан ҳамиша Соҳибқиронга камарбаста бўлган Мир Саййид Барака то сўнгги нафасгача Соҳибқирон Амир Темур билан бирга умргузаронлик қилди.
Ушбу пирлар ҳақида тарихий манбаларда ("Темур тузуклари"; Низомиддин Шомий. "Зафарнома"; Шарафиддин Али Яздий. "Зафарнома"; Ибн Арабшоҳ. "Амир Темур тарихи"; Фасиҳ Ҳавофий. "Мужмали Фасиҳий"; Ҳафизи Абрў. "Зубдат ут-таворих" ва ҳоказо) маълумотлар келтирилган.
Амир Темур фарзандлари
Аллоҳ таоло Соҳибқиронга кўп фарзандлар ато этди. Эл корига ярайдиган бўлиб вояга етганлари олтита – тўрт ўғил, икки қиз.
Тўнғич ўғил – 1356 йилда Турмиш оқа деган хотинидан туғилган Жаҳонгир Мирзо, валиаҳд эди, 1376 йилда авжи гуркираб турган йигирма ёшида бетобликдан дунёдан кўз юмди. Ундан икки ўғил – Муҳаммад Султон билан Пирмуҳаммад Жаҳонгирлар қолган.
Қабри Шаҳрисабзда.
Иккинчи ўғил – 1356 йилда Тўлун оқадан туғилган Умаршайх Мирзо. 1394 йилда ҳалок бўлган. Ўттиз саккиз йил умр кўрган. Олти ўғил қолган: Пирмуҳаммад Мирзо, Рустам Мирзо, Искандар Мирзо, Аҳмад Мирзо, Сайид Аҳмад Мирзо, Бойқаро Мирзо.
Қабри Шахрисабзда.
Учинчи ўғил – 1366 йилда Менгли бика оқадан туғилган Мироншоҳ Мирзо. 1408 йилда ҳалок бўлган. Қирқ икки йил умр кўрган. Олти ўғил қолган: Абу Бакр Мирзо, Умар Мирзо, Халил Султон Мирзо, Султон Муҳаммад Мирзо, Ийжал Мирзо, Суюрғатмиш Мирзо.
Қабри Самарқандда, Амир Темур мақбарасида.
Тўртинчи ўғил – 1377 йилда Тағой Туркон оқадан туғилган Шоҳруҳ Мирзо. 1447 йилда вафот этган. Етти ўғил қолган: Улуғбек Мирзо, Иброҳим Султон Мирзо, Бойсунқур Мирзо, Суюрғатмиш Мирзо, Муҳаммад Жўки Мирзо, Жон Ўғлон, Муҳаммад Ёрий Мирзо. Улуғбек Мирзодан бошқа барча ўғиллар отасидан аввал дунёдан ўтганлар.
Қабри Самарқандда, Амир Темур мақбарасида.
Биринчи қизи – Оқа Беги хоним 1359 йилда Турмиш оқадан туғилган. Муҳаммадбек ибн Мусога узатганлар, бу никоҳдан Султон Ҳусайн Мирзо туғилган.1382 йилда йигирма уч ёшида бетоб бўлиб, оламдан кўз юмган. Қабри Шаҳрисабзда.
Иккинчи қизи – Султон Бахт бегим 1362 йилда Улжой Туркон оқа деган хотинидан туғилган. Амир Муҳаммад Миракка узатадилар, лекин куёв Соҳибқиронга қарши тиғ кўтариб чиқади ва жангда ҳалок бўлади. Иккинчи марта Соҳибқирон жияни Амир Сулаймоншоҳга турмушга чиқади. 1430 йилда вафот этган.
Амир Темур сажияси, сийрати
Соҳибқирон Амир Темурни ўз кўзи билан кўрган араб тарихчиси ибн Арабшоҳ ёзади: "Амир Темур ...тенги йўқ феъл-атворли, теран мулоҳазали, унинг тафаккур денгизининг қаъри йўқ. Амир Темур баланд қадли, узун бўйли, тик қоматли, қадимий паҳлавонлар авлодидан бўлиб, кенг пешонали, катта бошли, ғоятда кучли ва салобатли, бўла, ранги оқу қизил юзли, доғсиз, қўл-оёқлари бақувват, елкалари кенг, бармоқлари йўғон, пойчалари семиз, серсоқол, ўнг оёқ-қўли чўлоқ ва шол, икки кўзи бамисоли икки шамдек бўлса-да, шодлиги билинмас, овози йўғон эди; у ўлимдан қўрқмас, ёши етмишга етган бўлса-да, изтиробсиз, вазмин. Бадани тўла ва пишиқ, худди зич (қалин) тош мисоли қаттиқ эди. У ҳазил-мазах, ёлғонни ёқтирмас, ўйин-кулги-ю кўнгилхушликка майлсиз, гарчи сўзда ўзига озор етадиган бирор нарса бўлса ҳамки, садоқат унга ёқар эди; у бўлиб ўтган ишга азият чекмас ва ўзига ҳосил бўладиган ютуқдан шодланмас эди... Кўпинча унинг мажлисида уятсиз сўзлар, қон тўкиш, асир олиш, нақбу ғорат қилиш ва ҳарам (ҳақига) ҳақорат гаплар бўлмасди. У бехато (нишонга ургувчи) фикрли, ажойиб фаросатли, мислсиз даражада бахтли, улуғворлиги ўзига мувофиқ, қатъий азм билан сўзловчи, бошига кулфат тушганда ҳам ҳақгўй киши эди...".
Амир Темурнинг вафоти
Соҳибқирон Амир Темур Хитой сафарига бораётиб, 1405 йил 11 февраль куни Ўтрор шаҳрига етганда қаттиқ оғриб қолди ва иситмаси кўтарила бошлади. Касаллик кундан-кун кучаярди, аммо Соҳибқироннинг эс-ҳуши, ақли жойида эди. Соҳибқирон ўзининг барча гуноҳлари учун тавба қилди. У ҳарам аҳлини ва улуғ бекларни ҳузурига чорлаб васиятга оғиз очди: "...Ҳазрат Ҳақдин умидим борки, агарчи гуноҳим кўб турур, аммо бу жиҳатдин менга раҳмат қилғайким, золимларнинг эликларин мазлумлардин қисқа қилибдурмен. Ва қўймадимким, менинг давримда қавийдан (зўравондан) заиф куч егай. Эмдиким, Пирмуҳаммад Жаҳонгирким, валиаҳд қилибмен ва ўрнумга қойиммақом этибменким, Самарқанд вилояти аники бўлғай. ...Анга муте бўлуб, иттифоқ била анинг ишига машғул бўлғайсиз, то олам бузулмағай ва мусулмонларга ташвиш ва заҳмат бўлмағай...
Раъойо ва фуқароу мискин ҳолатидин ғофил бўлмағайсиз... Нечукким мен адлу эҳсон била оламни обод этибмен... Агар менинг васиятим била амал қилиб, адлу дод қилсангиз, кўб йиллар давлат ва мамлакат сизларда қолғуси турур. Ва агар сизлар аросида мухолифат бўлса, яхши бўлмағусидур...".
Соҳибқирон Амир Темур Кўрагон 1405 йил 18 февраль чоршанба куни, шаъбон ойининг ўн еттисида, намозшом ва хуфтон орасида жон омонатини ўз эгасига топширди...
Амир Темур Самарқандда Амир Темур мақбарасига дафн этилган.
Муҳаммад АЛИ,
Ўзбекистон халқ ёзувчиси
Амир Темур кўп вақтни шатранж ўйини устида ўтказган. У ўз даврининг машҳур шатранжчилари билан бемалол беллаша олган. (Хильда Хукхэм)