Давлатимиз мустақиллигининг илк кунлариданоқ асрлар оша аждодларимиз яратган бебаҳо маданий ва маънавий меросни тиклашга алоҳида аҳамият берилди. Ўзбекистон халқи ўз тарихини тиклаш, ҳақсиз унутилган номларни, жаҳон цивилизацияси ривожида муҳим роль ўйнаган тарихий шахсларни эътироф этиш имкониятига эга бўлди.
Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуслари билан биз тарихий адолатни қарор топтириш, халқимизнинг топталиб келган миллий ғурурини юксалтириш мақсадида Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг нафақат муборак номи, бой мероси ва хотирасини, айни пайтда тарихий сиймосини ҳам тиклашга қарор қилдик.
Тенгсиз азму шижоат, мардлик ва донишмандлик рамзи бўлган Амир Темур шахси, у барпо этган буюк салтанат, давлатчилик борасида ўзидан қолдирган ҳам амалий, ҳам назарий бебаҳо мерос, илму фан, маданият, бунёдкорлик, дин ва маънавият ривожига қўшган улкан ҳиссаси Ислом Абдуғаниевич Каримовни доимо тўлқинлантириб келарди.
Шу билан бирга Ислом Каримов “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзусидаги халқаро конференцияси каби нуфузли анжуманларда Амир Темур шахсини ўрганиш бўйича узоқ йиллардан буён самарали иш юритиб келаётган илм аҳлини эътироф этишга алоҳида эътибор қаратар эдилар.
Биринчи Президентимиз бизга мурожаат қилар эканлар, бизга доимо: “Биз буюк аждодларимиз билан фахрланишимиз, ғурурланишимиз керак”, деб айтганлар. Айни вақтда “Фақат ғурурланишнинг ўзи етарли эмас, келинглар, ўзимиз ҳам, худди улар каби, мана шу бебаҳо меросга ўз ҳиссамизни қўшайлик!” деб бизни ҳайрли ишларга даъват этганлар.
Айни шу жиҳатдан ҳам биз мазкур чақириқнинг аҳамиятини чуқур англаган ҳолда ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш мақсадида 2016 йил 30 июнь – 1 июль кунлари Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларига сафарлари давомида Амир Темур шахсини англаш ва “Темур тузуклари” асари бўйича берган тавсияларини ҳаётга кенг татбиқ этиш мақсадида, шунингдек, Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 680 йиллиги муносабати билан «Темур тузуклари» веб-сайтини ишлаб чиқишни ўз бурчимиз деб билдик.
Маълумки, улуғ аждодимиз Амир Темурнинг “Темур тузуклари” асари мустақиллик йилларида миллий маданий меросимизнинг ноёб намунаси сифатида қайта тикланиб, бир неча бор нашр қилинди. Соҳибқироннинг 675 йиллик таваллуд тўйи арафасида Юртбошимиз таклифига кўра, бу китоб мукаммал ҳолда, юксак сифат билан янгитдан чоп этилди.
Амир Темурнинг «Темур тузуклари» асарининг веб-сайтини фойдаланувчилар учун қизиқарли ва қулай ишлаб чиқишда юқорида келтирилган нашрнинг матни ҳамда Амир Темур ва «Темур тузуклари» асарига ишланган миниатюралар, рангли иллюстрациялар ва суратлардан фойдаланилди.
Шунингдек, веб-сайтда «Темур тузуклари» асари ҳақидаги қимматли мақола ва қизиқарли маълумотларга кенг ўрин берилган. Аҳамиятлиси маълумотлар фойдаланувчилар учун қулай, замонавий шаклларда тақдим этилишига алоҳида эътибор қаратилган.
Ушбу веб-сайт Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги раҳбарлигида UZINFOCOM томонидан ишлаб чиқилди.
Шу ўринда мазкур веб-сайтни ишлаб чиқишда ўзининг беминнат ҳиссасини қўшган барча ташкилотларга, шу жумладан, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигига, «Ўзбекистон» нашриёт-матбаа ижодий уйига, Темурийлар тарихи давлат музейига ҳамда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасига алоҳида миннатдорчилигимизни изҳор этамиз.
Барча буюк саркардалар сингари Амир Темур ҳам ўз аскарларининг машаққат ва зафарларини баҳам кўрарди. Улардан қатъий интизомни талаб қилар, лекин мажруҳлигига қарамай, уларга бош бўлиб жанг қилар эди. Ҳеч вақт ўз жангчиларини ёлғиз қолдирмас эди. У лавозими, бойлиги, ирқи, динидан қатъи назар, барча учун адолат бир бўлишини ниҳоятда синчковлик билан кузатиб борар эди. ...Бундай ҳукм чиқариш одати, ўз даври энг яхши саркардасининг жасорати ва шуҳрати сингари, унинг жангчилар ўртасидаги эътибори ва таъсирининг таркибий қисмларидан бири ҳисобланади. (Керэн Люсьен)