Мамлакатларни фатҳ этгувчи бахтли фарзандларим ва жаҳонни идора этгувчи қудратли набираларимга маълум бўлсинким, Тангри таоло даргоҳидан умидим шулки, кўплаб фарзандларим, авлоду зурриётим салтанат тахтига ўтириб, мамлакатларни идора этгай. Шунинг учун салтанат қуриш, давлат тутиш бобида ўзим қўллаган ишларни бир неча Тузукка[1] боғладим ва салтанатни бошқариш ҳақида қўлланма ёзиб қолдирдим, токи фарзандларим, авлодим ва зурриётимдан бўлганларнинг ҳар бири унга мувофиқ иш юритсин. Меҳнату машаққатлар, кўп ҳарбий юришлар, уруш-талошлар билан, Тангрининг иноятию ҳазрати Муҳаммаднинг, унга Тангрининг марҳаматлари ва саломлари бўлсин, толеъи баланд халқининг шарофати, онҳазратнинг улуғвор авлоди, қимматли саҳобаларига беғараз муҳаббатим, дўстлигим орқали қўлга киритган давлат ва салтанатни сакдагайлар.
Бу тузуклардан салтанат ишларини бошқаришда қўлланма сифатида фойдалангайлар, токи мендан уларга етадиган давлат ва салтанат зарару таназзулдан омон бўлгай.
Энди менинг номдор бахтиёр фарзандларим ва мамлакатларни забт этгувчи иқтидорли набираларимга йўл-йўриғим шулки, мен ўн икки нарсани ўзимга шиор қилиб олиб, салтанат мартабасига эришдим. Шу ўн икки тузук ёрдамида мамлакатни қўлимда тутиб, салтанатимни бошқардим ва салтанат тахтига зебу зийнат бердим. Улар ҳам ушбу тузукка амал қилсинлар. Менинг ва ўзларининг давлату салтанатларини эҳтиёт қилсинлар.
Тузуклар жумласидан ўз давлатим ва салтанатимга боғлаган биринчи тузуким шулким, Тангри таолонинг дини ва Муҳаммад мустафонинг шариатига дунёда ривож бердим. ҳар ерда ва ҳар вақт ислом динини қўллаб-қувватладим.
Иккинчи (тузуким) шулки, ўн икки табақа ва тоифадаги кишилар билан мамлакатни қўлимда тутиб, салтанатимни бошқардим. Давлат, салтанат устунларини ўшалар билан қувватлаб, мажлисларимни шулар билан зийнатладим.
Учинчи (тузуким) шулки, маслаҳат, кенгаш, тадбиркорлик, фаоллик ва ҳушёрлик, эҳтиёткорлик билан ғаним қўшинларини енгиб, мамлакатларни ўзимга бўйсундирдим. Салтанатим ишларини муросаю мадора, мурувват, сабр-тоқат ва чидам билан юргиздим. Кўп нарсани билиб турсам ҳам ўзимни билмасликка солдим, дўсту душман билан муросаю мадора қилдим.
Тўртинчи (тузуким)–давлатим ишларини тўра ва тузукка асосланган ҳолда бошқардим. Тўра ва тузукка таяниб, салтанатда ўз мартаба ва мақомимни мустаҳкам сакдаб турдим. Амирлар, вазирлар, сипоҳ, раият, ҳар бири ўз лавозим ва мартабасидан мамнун ҳолда хизматимда бўлиб, ундан ортиғига даъвогарлик қила олмади.
Бешинчи (тузуким)–амирларим ва аскарларимни мартабаю унвонлар, олтин-кумуш билан хушнуд этдим. Базмларда уларга (муносиб) ўрин бердим, шунинг учун жангларда жонларини фидо қилдилар. Дирҳам ва динорларни улардан аямадим. Уларнинг юмушларини енгиллаштириш учун меҳнату машаққатларини ўзимга юкладим ва уларни тарбият этдим. Амирлар, сипоҳсолорлар, баҳодирлар билан иттифоқ бўлиб, уларнинг мардлигу мардонаворлигига таяниб, шамшир зарби билан йигирма етти подшоҳнинг тахтини эгалладим. Эрон, Турон, Рум, Мағриб, Шом, Миср, Ироқи араб, Ироқи ажам, Мозандарон, Гилон, Ширвон, Озар-байжон, Форс, Хуросон, Жета Дашти, Дашти қипчоқ, Хоразм, Хўтан, Кобулистон, Бохтарзамин, Хиндистон мамлакатларига подшоҳ бўлиб, ҳукм сурдим.
Салтанат тўнини кийгач, ўз тўшагимда роҳатда ухлаш ҳузур-ҳаловатидан воз кечдим. Ўн икки ёшимдан жаҳонгашталик қисматим бўлди, ранжу меҳнатлар тортдим. Ҳар хил тадбирлар қўлладим, (ғаним) фавжларини синдирдим. Амирлар ва аскарларнинг исёнларини кўрдим, улардан аччиқ сўзлар эшитдим. Лекин сабру бардош билан ўзимни эшитмаган, кўрмаганга солиб, уларни тинчитдим. Қилич кўтариб жанг майдонига отилдим ва вилоятлар, мамлакатларни бўйсундириб, дунёда ном чиқардим.
Олтинчи (тузуким)–адолат ва инсоф билан Тангримнинг яратган бандаларини ўзимдан рози қилдим. Гуноҳкорга ҳам, бегуноҳга ҳам раҳм-шафқат билан, ҳаққоният юзасидан ҳукм чиқардим. Хайр-эҳсон ишларим билан одамларнинг кўнглидан жой олдим. Сиёсат ва инсоф билан сипоҳларимни, раиятни умид ва қўрқинч орасида тутиб турдим. Фуқаро ва қўл остимдагиларга раҳмдиллик қилдим, аскарларимга инъомлар улашдим.
Золимдан мазлумнинг ҳаққини олдим. Золим етказган моддий ва жисмоний зарарларни исботлаганимдан кейин, уни шариатга мувофиқ иккиси ўртасида муҳокама қилдим ва бир гуноҳкорнинг ўрнига бошқасига жабр-зулм етказмадим.
Менга ёмонликлар қилиб, бошим узра шамшир кўтарганлар, ишимга кўп зиён етказганларни ҳам, агар улар илтижо билан тавба-тазарру қилиб келсалар, ҳурматлаб, ёмон қилмишларини хотирамдан ўчирдим. Мартабаларини оширдим. Улар билан муомалада шундай йўл тутдимки, агар хотираларида менга нисбатан шубҳаю қўрқув бўлса, бутунлай унутишар эди.
Еттинчи (тузуким)–саййидлар, уламо, машойих, оқилу донолар, муҳаддислар, тарихчиларни сара, эътиборли одамлар ҳисоблаб, иззату ҳурматларини ўрнига қўйдим. Шижоатли кишиларни дўст тутардим, чунки Тангри таоло жасур кишиларни ардоқлайди. Уламо билан суҳбатда бўлдим ва пок ниятли, тоза қалбли кишиларга талпиндим. Буларнинг ҳимматларидан улуш тилаб, муборак нафаслари билан дуо-фотиҳа беришларини илтимос қилдим. Дарвиш, фақир ва мискинларни ўзимга яқин тутдим, уларнинг кўнгилларини оғритмадим ва бирон талабларини рад этмадим. Бузуқи, оғзи шалоқ, ғийбатчи одамларни мажлисимга йўлатмадим, сўзларига амал қилмадим. Бирор кимсага нисбатан туҳмату ғийбат қилсалар, қулоқ солмадим.
Саккизинчи (тузуким)–азму жазм билан иш тутдим. Бирор ишни бажаришни ўйласам, бутун зеҳним, вужудим билан берилдим, битирмагунимча ундан қўлимни тортмадим. Ҳар неки десам, унга ўзим амал қилдим. Ҳеч кимга ғазаб билан қаттиқ муомалада бўлмадим ва ҳеч бир ишда танглик қилмадим, токи Тангри таолонинг ғазабига дучор бўлмайин ва ишимни бузиб, ҳолимни танг айламасин деб. Одам Атодан бошлаб то Хотамгача ва ундан то ҳозирги дамгача[2] ўтган султонларнинг қонунларини ва туриш-турмушларини донолардан сўраб-суриштирдим. Ҳар қайсиларининг йўл-йўрикдари, туриш-турмушлари, қилиш-қилмишлари, айтган гапларини хотирамда сақладим ва яхши ахлокдари, маъқул сифатларидан ўрнак олиб, уларга амал қилдим. Давлатларининг таназзулга учраши сабабларини суриштирдим ва давлату салтанат заволига сабаб бўлувчи ишлардан сақландим, наслни бузувчи, очарчилик, вабо касали келтирувчи зулму бузуқчиликдан сакданишни ўзимга лозим билдим.
Тўққизинчи (тузуким)–раият аҳволидан огоҳ бўлдим, улуғларини оға қаторида, кичикларини фарзанд ўрнида кўрдим. Ҳар ернинг табиати, ҳар эл ва шаҳарнинг расму одатлари, мизожидан воқиф бўлиб турдим. Ҳар бир ўлка ва шаҳар ахдининг ашроф-улуғлари билан дўст тутиндим. Мизожларига, табиатига тўғри келган, ўзлари тилаган одамларни уларга ҳоким қилиб тайинладим. Ҳар бир диёр аҳолисининг аҳволидан огоҳ бўлиб турдим. Ҳар бир мамлакатнинг аҳволини, сипоҳу раият кайфиятини, туриш-турмушини, қилиш-қилмишларини, булар ўрталаридаги алоқаларни хатга битиб, менга билдириб туришлари учун диёнатли, тўғри ёзувчи кишиларни белгиладим. Бордию эгри ёзганлари менга билдирилса, уларни жазоладим. Ҳокимлару сипоҳдан қай бирининг халққа жабр-зулм етказганини эшитсам, уларга нисбатан дарҳол адолату инсоф юзасидан чора кўрдим.
Ўнинчи (тузуким)–турку тожик, арабу ажамнинг турли тоифа ва қабилаларидан бўлган ва менга нисбатан хайрихоҳлик қилган кишиларнинг улуғларига ҳурмат кўрсатдим, қолганларини ҳам ўз ҳолига яраша сийладим. Яхшиларига–яхшилик қилдим, ёмонларини эса ўз ёмонликларига топширдим.
Ким менга дўстлик қилса қадрладим, дўстлигини унутмадим ва унга мурувват, эҳсон, иззату икром кўрсатдим. Кимки менинг хизматимни қилса, унинг хизмати ҳаққини адо этдим. Кимки менга душманлик қилсаю, кейин пушаймон бўлиб, илтижо билан ҳимоя истаб, тиз чўкиб ҳузуримга келса, душманлигини унутиб, мурувват ва дўстлик кўрсатдим. Чунончи, улус амири Шер Баҳром аввал менга ҳамроҳ эди, бошимга иш тушганда мени ташлаб кетди ва душманларимга қўшилиб, менга қарши қилич кўтарди. Охири берган тузим ҳаққи тиз уриб, яна илтижо қилиб келди. Асл эр-йигит экани ва жанг-жадал билан суяги қотган мардлардан бўлганлиги сабабли ёмон ишларининг ҳаммасидан кўз юмдим. Ҳузуримга келгач, ўзини ҳурматлаб, мартабасини оширдим. Уни марду мардоналиги учун кечирдим.
Ўн биринчи (тузуким)–фарзандлар, қариндошлар, ёру биродарлар, қўшнилар ва мен билан бир вақтлар дўстлик қилган барча одамларни давлату неъмат мартабасига эришганимда унутмадим, (молу мулк ва нақд пул билан) ҳакдарини адо этдим. Ўз фарзандларим, қавму қариндошларимдан қариндошлик меҳрини узмадим. Улардан нораво иш ўтган бўлса, дарҳол (қўл-оёғини) боғлаб, ўлдиришга буюрмадим. Ҳар кимни (туриш-турмушнинг пасту баландларида) турли йўллар билан синаб билиб олдим ва уларга шунга яраша муомала қилдим. ҳаётнинг кўп иссиқ-совуғини кўриб, улардан сабоқ олиб, тажрибамни оширдим. Шунинг учун дўсту душман билан келишиб яшадим.
Ўн иккинчи (тузуким)–дўст-душманлигига қарамай, ҳар жойда сипохдарни ҳурмат қилдим, чунки улар боқий мато бўлган жонларини фоний дунё моли учун сотадилар. Ўзларини маърака-майдонга, ҳалокатга отиб, жонларини қурбон қиладилар.
Агар ғаним сипоҳидан бирор кимса ўз валинеъматига сидқидилдан хизмат қилиб, уруш кунларида менга қарши қилич кўтарган бўлса ҳам, ундай одамга нисбатан лутф-марҳаматлар кўрсатдим. Қошимга (паноҳ истаб) келганда, уни қадрлаб, ишончини қозондим, вафодорлиги ва ҳақиқат билан хизмат қилишига ишондим.
Қайси бир аскар туз ҳақи ва вафодорликни унутиб, хизмат вақтида ўз эгасидан юз ўгириб, менинг олдимга келган бўлса, ундай одамни ўзимга энг ёмон душман деб билдим. Чунончи, Тўхтамишхон билан бўлган урушда унинг амирлари менга хабарлар ва шикоятлар ёзиб, уз ҳукмдори, яъни менинг душманим бўлмиш Тўхтамишхон берган туз ҳақини унутдилар. Вафодорлик ва ҳақиқатни бир чеккага йиғиштириб қўйиб, менинг ҳузуримга паноҳ истаб келганлари учун уларни лаънатладим, ўзимча, «Булар ўз соҳибига вафо қилмагач, менга қилармиди?» деб ўйладим.
[1] Тузук–қонун; туркий халкдар орасида амалда бўлган қонун-қоидалар.
[2] Форсча матнда шундай: «Аз Одам то Хотам ва аз Хотам то ин дам». (–А.А.)
Амир Темур ва унинг авлодлари даврида «Китоблар уйлари» («Дор ул-кутуб») мавжуд бўлиб, улар йилма-йил ноёб асарлар билан тўлдириб борилган. Афсуски, XVII - XIX асрлардаги босқинлар, мустамлакачилик оқибатида бу китоблар жаҳоннинг турли бурчакларига олиб кетилди. Ҳозирда ота-боболаримизнинг, айниқса темурийлар даврининг ноёб дурдона қўлёзмалари дунёнинг энг машҳур музейларини безаб турибди. (Тўлқин Ҳайит «Амир Темур хазинаси»)