Амр қилдимки, сипоҳийлар, амирлар, мингбошилар, юзбошилар ва ўнбошилар девонхонага, базм-мажлисларига кулоҳсиз, этиксиз, кавушсиз, бўрк ёқалик чакмонсиз, ханжарсиз[1], қиличсиз ҳозир бўлмасинлар. Ўн икки минг қилич осган аскар урушу тинчлик вақтида бутун яроқ-аслаҳалари билан кўшкда, девонхонанинг ўнгу сўл тарафидан, орқасидан ва олдидан қуршаб турсинлар. Шу тартибда ҳар кеча улардан минг киши соқчилик қилиш учун ҳозир бўлишсин. ҳар юз қиличлик устига бир юзбоши қўйилсин ва унга шартлашилган махфий сўзни[2] айтсинлар.
Яна амр қилдимки, уруш пайтида ўн икки амирдан ҳар бири, мингбошилар, юзбошилар, ўнбошилар ўн икки минг қуролланган отлиқ сипоҳий билан бир кеча-кундуз давомида ҳар қайсилари хонни қўрикдаш учун ҳозир бўлсинлар. Бу ўн икки минг отлиқ лашкарни тўрт фавжга бўлиб, бир фавжини баронғорга, бошқасини жавонғорга, биттасини Ўрдунинг олдига, бошқасини эса Ўрдунинг орқа тарафига тайинласинлар. Ушбу фавжлар навбатма-навбат Ўрдудан ярим фарсанг узоқлашиб соқчилик қилсинлар. Ушбу тўрт сипоҳий фавж ўзлари учун ҳировул белгиласинлар, ҳировулдан эса қоровуллар тайинлансин. Улар бўлса эҳтиёткорлик ва ҳушёрликни қўлдан бермай, Ўрдуга хабар етказиб турсинлар.
Яна ҳукм қилдим, атрофимда жойлашган лашкар ва Ўрдуга, ҳар бирига биттадан кутвол тайинласинлар ва Ўрдуни қўрикдаш, соқчилик қилиш ишлари шулар устига юклансин. Бозор аҳлидан[3] солиқ олиш ҳам шулар зиммасида бўлсин. Агар Ўрду аҳлидан бирон кимсанинг нарсаси ўғирланса, улар жавобгарликка тортилсинлар.
(Лашкар орасидан) тўрт фавж чопқунчилар тайинлашни буюрдим. Булар тўрт фарсанг масофада лашкар ёнида юриб, уларни қўрикдаб борсин. Бордию лашкардан бирон киши ўлдирилганини ёки яраланганини кўрсалар, унинг ишини ўз зиммаларига олишлари лозим. Агар бирон кимсанинг нарсаси ўғирланса, улар жавобгардирлар.
Яна буюрдимки, лашкарнинг учдан бир қисми чегараларни қўрикдаш ишига белгилансин; икки қисми эса доим салтанат хизматига ҳозир турсин.
[1] Матнда «Бўкда».
[2] Матнда «Йўқий» –яъни ўран (пароль) дейилмоқчи.
[3] Бозор аҳли–ҳарбий юришлар вақтида ўғруқда савдо-сотиқ билан машғул бўлган кишилар. Улар аскарлардан ўлжа тушган молларни арзон баҳода сотиб олиш ва ўз галида аскарларнинг эҳтиёжига зарур бўлган нарсаларни сотиш учун доимо лашкарга ҳамроҳ бўлганлар. Аскарларнинг ўзлари ҳам фурсат келганда олди-сотди билан шуғулланганлар. (–А.А.)
Амир Темур санъатни юксак қадрлар эди. Унинг ўзи бадиий асарлар мажмуасига эга эди. Турли тоифадаги машшоқлар, сухандонлар, хайкалтарошлар. боғбонлар, рассомлар жаҳоннинг ҳар хил давлатларидан Амир Темур саройига тўпланган эдилар. (Хильда Хукхэм)