Амр этдимки, агар ғаним лашкари ўн икки минг отликдан ортиқ бўлсаю, лекин қирқ мингга етмаса, (лашкаримга) бахтиёр ўғилларимдан бири сардор бўлсин. Икки бегларбеги қўшунот, туманот ва улусот амирлари ҳамда қирқ минг отликдан кам бўлмаган сипоҳ билан унинг хизматида ҳозир турсинлар. Зафарли сипоҳ фавжлари, тадбиркорлик, мардлик ва мардоналикни қўлдан бермасликлари учун, мени доим майдонда ҳозир деб билсинлар.
Амр этдимки, менинг зафару бахт келтирувчи чодиримни (лашкар) бошига олиб чиқишгач, ўн иккита сипоҳий фавж тайинласинлар, уларнинг ҳар бирига улусот амирларидан бири фавж амири этиб белгилансин. У мен тузган саф тизиш, (ғаним) сипоҳи фавжлари сафини бузиш, жанг майдонига кириш ва чиқиш йўллари ҳақидаги ўн икки тузукни доим назарда тутиши лозим.
Сардор улким, ғаним сипоҳи саркардаларининг сонини ҳисоблаб, уларга тенг келадиган лашкар бошлиқларини тайинлайди. У ғаним сипоҳининг жангда кўпроқ ўқчиларними, қилич чопувчиларними ёки найзадорларни майдонга туширишини назарда тутсин. Ғаним сипоҳининг рафторини кўрсинким, сипоҳ фавжларини узлуксиз, оҳиста-оҳиста жанг майдонига юборадиларми ёки ҳаммасини бирданига ҳужумга ташлайдиларми (буни яхши билсин). Жанг майдонига кириш ва чиқиш йўлларини ҳам мулоҳаза қилиб кўрсин. Душман қай тарзда жанг қилишини англаб олсин. Гоҳида ғаним ўзини камсонли ёки қочаётгандек қилиб кўрсатади. Шундай пайтда, уларнинг макр-ҳийлаларига учмасин ва ўзини қочаётгандек қилиб кўрсатишига алданиб қолмасин.
Жанг кўрган, тажрибали сардор улким, у урушнинг барча жумбоқларидан хабардор, қайси сипоҳ фавжини жангга ташлаб, қайси чигални қандай чора-тадбир билан тузатиш ва қай усулда жанг қилиш кераклигини билиши лозим. Тажрибали сардор ғанимнинг нияти ва режаларини, унинг қай усулни қўллаб жангга кирмоқчилигини сеза билиши ва душманнинг ўша тадбирни қўллашига тўсқинлик қила олиши керак.
Чин сардор улким, қирқ минг отлиқ сипоҳдан ушбу тартибда ўн тўртта сипоҳий фавж туза олади. Аввал ўзига қарашли сафларни тузиб, уни қўл деб номласин. Сўнгра баронғорнинг уч фавжини тузиб, улардан бирини баронғор ҳировули деб атасин. Яна жавонғорнинг уч сипоҳий фавжини тузиб, улардан бирига жавонғор ҳировули деб от қўйсин. Шу тарзда баронғор фавжларининг олдига яна уч сипоҳий фавж қўйиб, уларни чоповул деб номласин. Шу уч фавждан бирини эса чоповул ҳировули деб атасин. Шу тартибда яна уч сипоҳий фавж тузиб, уларни жавонғор фавжларининг олдига қўйиб, уни шиқовул деб номласин. Бу уч фавждан бирини эса шиқовулнинг ҳировули этиб тайинласин. Шундан сўнг қўл қаршисида синалган, таж-рибали ўқчилар, қиличбозлар, найзадорлар ва баҳодирлардан иборат катта ҳировул тузсинлар. Чунки ҳировулнинг айнан шу фавжлари қаттиқ сурон солиб ёвни синдиради.
Ҳақиқий сардор улким, ғаним лашкарининг рафторини кузатиб боради ва амирлардан қай бири буйруқсиз юриш бошлаб, бошқалардан илгарилаб кетса, унга танбеҳини беради. Чин сардор душманнинг қай тарзда жангга кириши ва чиқишини назаридан қочирмасин, токи ғанимнинг ўзи уруш бошламагунча жангга киришга ошиқмасин. Ёв жангга кирганидан сўнг, сардор уларнинг жанг қилиш усулини кўриб ўргансин, жанг майдонига қай тартибда кирадилар ва чиқадилар, унга нисбатан қандай ҳужум этадилар, ҳамла қилгач, ортларига қайтадиларми ёки вақти билан қочиб, (кейин яна) фурсат пойлаб қайтадан жангга кирадиларми, (буларни кузатиб турсин). Яна сардорга лозимдирки, (қаттиқ зарба емай туриб) енгилгандек қоча бошлаган ёв кетидан қувмасин, чунки уларнинг ортларида кучли ёрдамчи қўшинлар турган бўлади. Сардор шуни ҳам билсинки, ғаним лашкари бор кучи билан бир катта тўпдек бўлиб ҳужум қиладими ёки ўнгу сўл қанотини ёзиб, уруш олиб борадими?! Сардор аввал уларга қарши катта ҳировул фавжларини рўбарў қилиши ва жангга ташлаши керак. Унинг ортидан катта ҳировулга мадад тариқасида кетма-кет чоповул ҳировули ва шиқовул ҳировулини жангга киргизиши керак. Уларнинг орқасидан эса чоповулнинг биринчи фавжи ва шиқовулнинг иккинчи фавжини жангга ташласин. Уларнинг кетидан эса чоповулнинг иккинчи фавжи ва шиқовулнинг биринчи фавжини жангга ташласин. Агар ғанимга етказилган ушбу етти зарбадан кейин ҳам ғалабага эришилмаса, у вақтда баронғор ва жавонғорнинг ҳировулларини жангга киритсин, (бу билан) ғанимга тўққиз зарба берилади. Агар тўққиз зарбадан кейин ҳам фатҳу зафар муяссар бўлмаса, баронғорнинг биринчи фавжи ва жавонғорнинг иккинчи фавжини урушга солсин. Агар шу ўн бир зарбадан кейин ҳам ғалабанинг дараги келмаса, баронғорнинг иккинчи фавжи ва жавонғорнинг биринчи фавжини жангга ташласин. Шу ўн уч зарбадан кейин ёв енгилиб, ғалаба қўлга киритилади, деб умид қилсин. Мабодо бу ўн уч зарба билан ҳам фатҳу зафар ҳосил бўлмаса, у ҳолда, қўл сипоҳий фавжларини урушга шайлаб, ўзи ҳам улар билан жангга кирсин ва душман кўзига ўзини тоғдек кўрсатиб аста-секин, уюшган ҳолда ҳаракат қилсин. Уруш баҳодирларига буюрсинким, қиличларини яланғочлаб ҳужумга отилсинлар. Ўқчилар эса визиллатиб ёйлардан қалин ўқ ёғдирсинлар. Шунда ҳам фатҳу зафарга эришилмаса, сардорнинг ўзи жанг майдонига тушсин ва менинг (мадад кучларим) ва буйруқларимни кутсин.
Амир Темур жонбоз қурувчи эди, у ажойиб боғ-роғли муҳташам иншоотлар барпо этди, шаҳар ва қишлоқларни тиклади. Суғориш тизимлари барпо этилди ва таъмирланди, расмий тарих таъбирига кўра, у экин экишга яроқли бир қарич ерни ҳам бекор қўймасди. (Шарқшунос, манбашунос олим В.В.Бартольд)