Барча буюк саркардалар сингари Амир Темур ҳам ўз аскарларининг машаққат ва зафарларини баҳам кўрарди. Улардан қатъий интизомни талаб қилар, лекин мажруҳлигига қарамай, уларга бош бўлиб жанг қилар эди. Ҳеч вақт ўз жангчиларини ёлғиз қолдирмас эди. У лавозими, бойлиги, ирқи, динидан қатъи назар, барча учун адолат бир бўлишини ниҳоятда синчковлик билан кузатиб борар эди. ...Бундай ҳукм чиқариш одати, ўз даври энг яхши саркардасининг жасорати ва шуҳрати сингари, унинг жангчилар ўртасидаги эътибори ва таъсирининг таркибий қисмларидан бири ҳисобланади. (Керэн Люсьен)
Амир Темур ва унинг авлодлари даврида «Китоблар уйлари» («Дор ул-кутуб») мавжуд бўлиб, улар йилма-йил ноёб асарлар билан тўлдириб борилган. Афсуски, XVII - XIX асрлардаги босқинлар, мустамлакачилик оқибатида бу китоблар жаҳоннинг турли бурчакларига олиб кетилди. Ҳозирда ота-боболаримизнинг, айниқса темурийлар даврининг ноёб дурдона қўлёзмалари дунёнинг энг машҳур музейларини безаб турибди. (Тўлқин Ҳайит «Амир Темур хазинаси»)