Ироқ аҳолисининг Музаффарийлар[1] ва турли тоифадаги ҳукмдорлар[2] зулмидан шикоят қилиб ёзган аризалари қўлимга тушгач, Ироққа юриш тадоригини кўришга жазм қилдим[3].
Шу пайт хотирамга: «Бу мамлакатларнинг подшоҳлари иттифоқ бўлиб, менга қарши урушга кўтарилсаларчи? Демак, жангга шай бўлиш лозим!» – деган фикр келди. Амирларим ҳам жангдан аввал тегишли тайёргарликни кўриш керак, деб маслаҳат бердилар. Ўзим эса буларни бирма-бир ром этган ҳолда бўйсундириш, итоатга келмаганларини эса жазолаш даркор, деган фикрда эдим. Менинг паноҳимга келган биринчи одам Мозандарон ҳокими амир Али бўлди. У менга пешкаш жўнатиб, мактубида: «Биз ҳазрати Али авлодидан бўлган бир жамоамиз. Шу ерда қаноат қилиб кун кечираётибмиз. Бу ерни олсангиз, қуввату кучингиз ортар, аммо кечиб юборишингиз тақвога яқинроқ ишдир[4]»,–деган гаплар битилган эди.
Мен Мозандарон ҳокимининг итоат билдириб кдлган бу мурожаатини яхшиликка йўйдим. Кейин Гилон ва Журжонга қараб йўл олдим. У ўлканинг ҳокимлари менга бўйсунмагач, қахрли лашкарим фавжларини уларнинг устига жўнатдим, ўзим эса Ироқ сари лашкар тортдим.
Исфаҳонни забт этдим. Шаҳар аҳолисига ишонч билдириб, қалъасини ўзларининг қўлига топширдим. Улар эса исён кўтариб, мен тайинлаган даруғани[5] ҳамда уч минг аскаримни тиғдан ўтказдилар. Мен Исфаҳон аҳолисини қатли ом қилиш ҳақида буйруқ бердим[6].
[1] Музаффарийлар–1314–1393 йилларда Жанубий Эронни идора қилган сулола.
[2] ..ҳукмдорлар–бу ерда мўғуллардан кейин ҳукумат тепасига келган Сарбадорлар, Чўпонийлар, Жалоирийлар давлатлари кўзда тутилган.
[3] Бу юриш Хуросонда амир Валибек ва Алибек Жониқурбоний исёнини бостириш мақсадида қилинган.
[4] «Қуръони карим». Бақара сураси, 237-оят. ( –А.А.)
[5] Доруға–шаҳар ҳокими.
[6] Бу воқеа 1387 йили 18 ноябрда содир бўлган. Қуролсиз кишилар, саййидлар, шайхлар ва ҳунармандларга тегилмаган.
Амир Темур фақат маҳаллий муаллифларнигина рағбатлантирмай, балки ўз пойтахтига чет эл олимлари ва шоирларини ҳам жалб этди ҳамда уларнинг ҳаммасига ҳотамтойларча мукофотлар ҳадя этар ва ўз шахсий эътибори ва ҳомийлиги билан уларни қўллаб-қувватларди. Ана шу олимларнинг айримлари Амир Темур салтанатида ўз ватанидагидан кўпроқ таъминланган эди. (Г. Вамбери)