Тўхтамишхон[1] тахт талашиб (Дашти қипчоқ) хони Ўрусхондан енгилиб, менинг паноҳимга қочиб келган эди. Унинг билан қўшин юборсаммикан, ё ўзим борсаммикан деб турганимда, Ўрусхоннинг элчиси келиб
қолди. Кенгашиб, элчининг кўнглини овлаб, сўнг кетишига ижозат беришни, ўзим эса Дашти қипчоқ томон юзланиб, элчининг кетидан лашкар жўнатишни мўлжалладим, токи элчи хотиржамлик билан бўлган воқеаларни Ўрусхоннинг мажлисида баён қилсин, эртаси куни менинг қўшинларим қўққисдан уларнинг устига бостириб борсин.
Ўйлаганимдек иш тутгандим, тадбирим тақдирга тўғри келди. Ўрусхон элчиси бўлган воқеаларни сўзлаб бераётган пайтда, менинг қўрқмас лашкарим ногаҳон келган селдек Ўрусхон устига ёпирилди. У эса қаршилик кўрсатолмай, қочишни ихтиёр қилди. Дашти қипчоқ мамлакати менга бўйсунди[2].
[1] Тўхтамишхон–Жўчи авлоди, Олтин ўрда хони (1376–1395). 1378 йили Амир Темурнинг ёрдами билан Жўчи улусининг ҳар иккала қисмини, Оқ Ўрда билан Олтин Ўрдани бир-бирига қўшиб, 1395 йилга қадар Дашти қипчоқад Жўчи улуси устидан ҳукмронлик қилади. 1405 йилдан кейин Сибир ўрмонларида касалликдан вафот этган.
[2] Бу воқеа 1376 йилда бўлган.
Самарқанд XV аср бошларида Осиё ва Европа халқларининг Марказий Осиё орқали олиб борган кенг кўламдаги савдосининг маркази бўлган. Самарқанддан Кичик Осиёга, Ўрта денгизга, Хитойга ва Ҳиндистонга олиб борувчи жаҳон аҳамиятига молик савдо йўллари ўтган. (Профессор Н.И. Леонов)