Лашкарларим беш ой давомида Тўхтамишхоннинг ортидан қувиб юргани сабабли[1] кўпинча оч қола бошладилар. Чунончи, бир неча кун ош балмоқ[2], ов гўшти, саҳро паррандаларининг тухуми билан кун кечирдилар. Лашкарим бундай оғир аҳволга тушиб қолганини эшитган Тўхтамишхон фурсатдан фойдаланмоқчи бўлиб, чумолию чигирткадан ҳам кўп аскари билан устимизга ёпирилиб келди ва мен билан тўқнашди. Аскарларимнинг очликдан тинкаси қуриган эди. Тўхтамишхон аскарлари эса тўқ ва осуда эдилар. Фарзандларим ва набираларим ҳузуримга келиб тиз чўкиб, мен учун жон фидо қилишга тайёр эканликларини билдирмагунларича, саркардаларим ва аскар бошлиқларим жанг қилишга рўйхушлик бермадилар. Шу пайт Тўхтамишхоннинг байрокдори мен билан тил бириктирди–уруш бошлаганимда, икки томон лашкари юзма-юз келганда, байрокдор байроғини тубан қилиши ҳақида у билан келишиб олдим. Фарзандларим (ва набираларим) олдимга келиб, тиз чўкканини эшитгач, амирларим ва нўёнларимнинг[3] жасурлиги тутиб, жангга шай ҳолатга келдилар. Мен (набирам) амирзода Абу Бакрни[4] саккиз минг отлиқ билан ҳировул этиб тайинладим. Савашу чопиш қизишиб, жангу жадал ўти кўкка кўтарилганда, чодирлар тикиб, таом тайёрлашга киришишни буюрдим. Худди шу пайт ғаним байроғи тубан бўлди ва Тўхтамишхон саросимага тушиб қолди. У Жўчи улусини[5] ғоратта ташлаб, жанг майдонига орқа ўгириб қочди[6].
[1] Амир Темурнинг Тўхтамишхонга қарши 1391 йилдаги юриши назарда тутилмоқда, Жанг Амир Темурнинг ғалабаси билан якунланган.
[2] Ош балмоқ–атала. (–А.А.)
[3] Нўён–туман, яъни 10 минг кишилик лашкар қўмондони.
[4] Абу Бакр (1382–1417) –Амир Темурнинг невараси, амирзода Мироншоҳнинг ўғли, Озарбайжон ва Ироқ ҳукмдори.
[5] Жўчи улуси–Чингизхоннинг тўнғич ўғли Жўчи ва унинг ўғли Ботухон томонидан бунёд этилган давлат. Унинг таркибига ҳозирги Россиянинг бир қисми ҳамда Украина, қозоғистоннинг Балхаш кўлидан ғарбдаги ерлари кирган. ( –А.А.)
[6] Бу ерда қундузча яқинида (ҳозирги Самара ва Чистополь ўртасида) 1391 йил 18 июнида бўлиб ўтган жангда Тўхтамишхоннинг мағлуб этилиши воқеаси келтирилган.
Амир Темур ёшлигидаёқ ақлининг тиниқлиги ва жасурлиги билан ажралиб турарди. Унда ҳарбий истеъдод эрта намоён бўлди, у отда юриш машқини олган ва камондан отишга моҳир эди. (Александр Юрьевич Якубовский)