(Тўхтамишхон мендан енгилиб) Жўчи улусини талон-торожга ташлаб, ўзи қочган эди. Кейинроқ менинг йўкдигимдан фойдаланиб, Дарбанд[1] ва Ширвон орқали Озарбайжонга кўп сонли лашкар юбориб, фитнаю фасод кўтарди. Бу вақтда мен ҳар иккала Ироқни ҳам эндигина забт этиб бўлгандим. Тўхтамишхонни йўқотиш учун беҳисоб лашкар билан Дарбанд йўли орқали яна Дашти Қипчоққа юришни маслаҳат кўрдим.
Юриш олдидан кўрик қилиб, лашкарим қаергача бориб етишини билмоқчи бўлдим. Қарасам, тўрт фарсанг масофада лашкарларим саф тортиб турарди. Тангри таолога шукр келтирдим. Сўнг Самур сувидан[2] ўтиб, Дашти қипчоқнинг элу улусига ушбу мазмунда ёрлиқлар йўлладим: «Кимки менга келиб қўшилса, улуғланади, кимки мен билан курашмоқчи бўлса йиқилади».
Ҳижрий 797 (милодий 1394–95) йили Дашти қипчоққа кирдим ва узоқ шимолида ястаниб ётган ерларигача бордим[3]. Менга қарши бўлган Жўчи эл-улусини бўйсундириб, ўзимга тобеъ этдим. Бешинчи ва олтинчи икдим[4] вилоятлари, улуслари, қалъаларини забт этиб, ғалабаю зафар қучиб ортимга қайтдим.
[1] Дарбанд–Каспий денгизининг чап соҳилидаги тарихий шаҳар, асрлар давомида у ерда жойлашган мудофаа иншоотлари ва қалъа муҳим чегара пункти ва Каспий денгизидаги катта бандарлардан бири бўлиб ҳисобланган.
[2] Самур суви–Доғистон ва Озарбайжон чегарасидаги дарёча, Каспийга қуйилади. ( –А.А.)
[3] Амир Темур билан Тўхтамишхон ўртасидаги бу уруш 1395 йил 17 апрелда Терек дарёси бўйидаги водийда бўлган ва Соҳибқироннинг ғалабаси билан якунланган. Шундан кейин Амир Темур, Низомиддин Шомий ва Шарафиддин Али Яздий «Зафарнома»ларида келтирилишича, Дашти қипчоққа қарашли қатор вилоят ва шаҳарларни, Олтин Ўрданинг пойтахти Сарой Беркани эгаллаган, Москвагача борган. (–А.А.)
[4] Етти иқлим тушунчаси фанда илк бор Муқаммад ал-Хоразмий томонидан муомалага киритилган. Хоразм, Мовароуннаҳр, Фарғона, Дашти қипчоқ ерлари бешинчи ва олтинчи иқлимлардан жой олган. (–А.А.)
Барча буюк саркардалар сингари Амир Темур ҳам ўз аскарларининг машаққат ва зафарларини баҳам кўрарди. Улардан қатъий интизомни талаб қилар, лекин мажруҳлигига қарамай, уларга бош бўлиб жанг қилар эди. Ҳеч вақт ўз жангчиларини ёлғиз қолдирмас эди. У лавозими, бойлиги, ирқи, динидан қатъи назар, барча учун адолат бир бўлишини ниҳоятда синчковлик билан кузатиб борар эди. ...Бундай ҳукм чиқариш одати, ўз даври энг яхши саркардасининг жасорати ва шуҳрати сингари, унинг жангчилар ўртасидаги эътибори ва таъсирининг таркибий қисмларидан бири ҳисобланади. (Керэн Люсьен)