Даставвал, фарзандларим ва амирларимнинг кўнгли, ўй-фикрларини билиш учун уларга маслаҳат солдим.
Амирзода Пирмуҳаммад Жаҳонгир[1]: «Агар Ҳиндистонни олсак, унинг олтинлари билан бутун ер юзини эгаллаймиз», – деди. Амирзода Муҳаммад Султон[2] эса: «Ҳиндистонни оламизу, бироқ (бунга) тўсиқлар бор: биринчиси–денгизлар, иккинчиси–ўрмону тўқайлар, учинчиси–жанговар сипоҳийлар ҳамда одам овлагувчи филлари кўп», – деди. Сўзга амирзода Султон Ҳусайн[3] қўшилди: «Агар Ҳиндистонни қўлга кирита олсак, тўрт иқлимга ҳукмрон бўлурмиз».
Амирзода Шоҳруҳ[4] сўзни бундай давом этдирди: «Мен турк қонунларида ўқиган эдимки, жаҳонда бешта шон-шавкатли подшоҳ бордир. Уларнинг улуғворлигини ҳурматлаб номларини атамай, лақаблари билан айтадилар: Ҳинд подшосини–рой, Рум подшосини–қайсар, Хитой ва Чину Мочин подшосини–фағфур, Туркистон подшосини–хоқон, Эрону Турон подшосини–шаҳаншоҳ дейдилар. Шаҳаншоҳ ҳукми ҳамиша Ҳиндистон мамлакатларида (ҳам) жорий этиларди. ҳозир Эрону Туронзамин бизнинг қўлимизда бўлгани учун, Ҳиндистонни ҳам фатҳ этмоғимиз лозимдир».
Амирлар эшитишиб: «Борингки, ҳиндистонни олдик ҳам дейлик. Бироқ у ерда турғун бўлиб қолсак, наслимиз йўқолади, авлодларимиз ўз аслидан ажраб, тиллари ҳиндча бўлиб кетади», –дейишди.
Мен, Ҳиндистонга юриш учун ҳиммат камарини белга боғлаганимдан ўз азму жазмимдан воз кечишни истамадим ва шундай жавоб қилдим: «Тангри таолога ўтинч билан мурожаат этайлик. Жанг қилиш ёки қилмаслик ҳақида қуръондан фол очайлик, Тангри таоло нени буюрса шунга амал қилгаймиз».
Ҳаммалари менинг таклифимни маъқуллашди. Қуръони мажиддан фол очсам, ушбу улуғ оят чикди: «Эй пайғамбар, кофирларга ва мунофикдарга қарши жахд қилгил»[5]. Уламо мазкур оятнинг мазмунини амирларга тушунтириб бергандан кейин, бошларини эгиб, жим бўлиб қолдилар. Уларнинг хомушлигидан дилим ранжиди.
Ўз-ўзимча кенгашиб, Ҳиндистонни забт этишга розилик бермаётган амирларни мансабларидан олиб, қўшинларини кутволларига топширсаммикан, деб ўйладим. Лекин ўзим тарбиялаган кишилар бўлганликлари учун, уларни хароб қилишни истамадим. Гарчи юрагимни қонга тўлдириб эзсаларда, уларга мулойимлик кўрсатдим. Охири фикримга қўшилганларида, кўнглимда уларга нисбатан ғубор қолмади. Сўнгра қайтадан кенгаш чақириб, иқболимиз хонаси–Ҳиндистонга юзланиб, зафару фатҳ дуосини ўқидим.
[1] Пирмуҳаммад Жаҳонгир (1376–1406) – Амир Темурнинг набираси. Отаси Жаҳонгир вафотидан (1376) кейин у Кобул, Қандаҳор, Ғазна ва Балхни идора қилган.
[2] Муҳаммад Султон–Амир Темурнинг набираси. Жаҳонгирнинг ўғли (1376– 1403). Онаси Олтин Ўрда хони Ўзбекхоннинг (1312–1341) набираси Хонзода бегим бўлган. Амир Темур ўзига валиаҳд этиб тайинлаган. 1403 йили Қора шаҳар (Туркия)да касал бўлиб вафот этган.
[3] Султон Ҳусайн–Амир Темурнинг набираси, қизи Ака Беги (Тағайшоҳ)нинг ўғли.
[4] Шоҳрух (1377–1447) – Амир Темурнинг кенжа ўғли, 1405 йилдан Хуросон ноиби, 1409–1447 йилларда Темурийлар салтанати олий ҳукмдори.
[5] Қуръони карим, Таҳрим сураси, 9-оят.
Амир Темур ва унинг авлодлари даврида «Китоблар уйлари» («Дор ул-кутуб») мавжуд бўлиб, улар йилма-йил ноёб асарлар билан тўлдириб борилган. Афсуски, XVII - XIX асрлардаги босқинлар, мустамлакачилик оқибатида бу китоблар жаҳоннинг турли бурчакларига олиб кетилди. Ҳозирда ота-боболаримизнинг, айниқса темурийлар даврининг ноёб дурдона қўлёзмалари дунёнинг энг машҳур музейларини безаб турибди. (Тўлқин Ҳайит «Амир Темур хазинаси»)