Амр қилдимки, вазирлар ушбу тўрт сифатга эга кишилардан бўлишлари лозим: биринчиси–асиллик
ва тоза насллик, иккинчиси–ақл, фаросатлилик, учинчиси–сипоҳу раият аҳволидан хабардорлик, уларга нисбатан хушмуомалалик, тўртинчиси–сабр-чидамлилик ва тинчликсеварлик.
Кимки шу тўрт сифатга эга бўлса, ундай одамни вазирлик мартабасига лойиқ киши деб билсинлар. Уни вазир ёки маслаҳатчи этиб тайинласинлар. Мамлакат ишларини, сипоҳ ва раият ихтиёрини унга топширсинлар. Бундай вазирга тўрт имтиёз–ишонч, эътибор, ихтиёр ва қудрат берилсин.
Камолотга эришган вазир улким, давлат муомалаларини тартибга келтириб, мулкий ва молиявий ишларни тўғрилик билан, асли-насли тозалигини кўрсатиб, ажойиб тарзда бажаради. Олгулик жойидан олиб, бергулик ерга беради. Рухсат этувчи ва тақиқловчи буйруқларида унинг асиллиги билан тоза насллиги кўриниб туради. (Ҳеч кимга) душманлик ва жабр-зулм қилмайди. Хоҳ сипоҳдан, хоҳ раиятдан бўлсин, ҳар кимнинг номини яхши сўзлар билан тилга олади. Бировдан ёмонлик ахтармайди, айтсалар эшитмайди. Агар бировдан ёмонлик кўрган бўлса, унга нисбатан шундай муомала қиладики, у (охири) ёмонлигидан қайтади. Ўзига ёмонлик қилган одамга нисбатан шундай яхшилик қиладики, у (охири) олдига бош эгиб келади.
Қайси вазир ғийбат гапларни айтса, уйдирма гапларга қулоқ солса, жабр-зулм қилса, ўзига ёқмаган кишиларни йўқотиш пайига тушса, уни вазирликдан тушириш лозим. Наслию зоти паст, ҳасадчи, гина-кек сақловчи, қора кўнгилли кишиларга зинҳор вазирлик лавозими берилмасин. Бузуқи, қора кўнгилли, зоти паст одам вазирлик қилса, давлату салтанат тез орада қулайди. Масалан, Маликшоҳ Салжуқий[1] ўз вазири Низомулмулкни[2] мартабасидан туширди. Вазир бошдан-оёқ яхши сифатларга ўралган эди. Унинг ўрнига зоти паст, ёмон бир кишини вазир қилиб тайинлади. Бу шумқадам вазирнинг қабиҳ ишлари, зулму ситами ва нафси бузукдиги касофатидан салтанат биноси бузила бошлади. Шунга ўхшаш яна бир мисол. Аббосийлардан халифа Мустаъсим Биллоҳ[3] ҳасадчи, гина-кудуратчи Ибн Алқамийни ўзига вазир этиб тайинлади. У кўнглида халифага нисбатан гина-кудурат, душманлиги бор бўлгани учун, халифани мунофиқона гаплар билан алдаб, ўзи эса ҳулогухон билан тил бириктириб, уни халифалик тепасига олиб келди. Халифа Мустаъсимни эса қўлга олиб, ўлимга маҳкум этди. Шуни эътиборга олиб, асли тоза, насли пок, улуғ зотлардан бўлган, яхши равишлик кишилардан топиб, вазир қилинглар. Чунки асли тоза киши хатоликка йўл қўймайди, бадасл эса (ҳукмдорига) вафо қилмайди.
Қайси вазир софлик, тўғрилик билан вазирлик ишига киришиб, давлатнинг молия мулки ишларини диёнат, савоб билан, нафси бузукдик қилмай, омонатга хиёнат этмай бажарар экан, ундай вазирни энг олий мартабаларга етказсинлар. Қайси вазир бузуқлик қилиб, ёмонлик йўли билан мамлакат ишларини юргизар экан, кўп ўтмай ундай салтанатдан хайру баракот кўтарилади.
Доно вазир шулдирки, ўз ўрнига қараб, гоҳ қаттиққўллик, гоҳида эса мулойимлик билан иш юритади. Бундай вазир ортиқча қаттиққўллик ҳам қилмайди, кўп мулойимлик билан юмшаб ҳам кетмайди. Агар куп мулоиимлик қилса, дунёталаб, тамагир одамлар уни ютиб юборадилар. Агар ортиқча қаттиққўллик ишлатса, ундан қочадилар ва унга бошқа мурожаат қилмайдилар. Демак, доно вазир шулдирки, салтанат корхонасининг ишларини энг тўғри чораю тадбирлар қўллаб, яхши англаган ҳолда амалга ошириб, давлатни тартиб-интизомга келтиради. Салтанат ишларини сабр-тоқат, чидам билан адо этади, муаммоларни ўз ўрнида қаттиққўллик, ўз ўрнида мулойимлик билан ҳал қилади. Бу хилдаги вазирни давлат шериги деб билсинлар, чунки давлату салтанат уч нарса: мулк, хазина ва лашкар билан тикдир. Доно вазир буларнинг ҳар учаласини тадбиркорлик билан яхши аҳволда, саранжом тутади. Жами яхши хулкдар соҳиби бўлган вазир азият етганда ҳам ҳеч кимга кўнглида гина-адоват сақламайди. Агар гинаю кек сакдаб, душманлик қиларкан, бундай вазир мунофиқдир. Ундай вазирдан эҳтиёт бўлиш керак, чунки у давлат душманлари билан тил бириктириб, хазинани ва лашкарни хароб қилади. Акдли вазир улки, бир қўли билан раиятни, иккинчи қўли билан эса сипоҳни тутади. Олгулик жойдан олиб, бергулик жойга беради. Сергаклик ва эҳтиёткорликни қўлдан қўймайди. Тўғрилик ва ростлик билан муомалада бўлиб, ҳар ишнинг оқибатини ўйлаб иш тутади. Давлат фойдасини кўзлагани учун, бировга душманлик қилишни кўнглига келтирмайди. Тажрибали, ишбилармон ва билимдон вазир шундай бўладики, мамлакат ободонлигини, раият ва сипоҳнинг тинч-фаровонлигини, хазина бойлигини доим кўзда тутади. Давлат, салтанатга фойда келтирадиган ишларни бажаришга тиришиб, ҳаракат қилади. Салтанатга зарар етказадиган хатарли ишларни бартараф қилишда молу жонини аямайди. Сипоҳу раиятга тегишли муҳим ишларни яхшилик йўли билан, тўғри тадбир ишлатиб, амалга оширади. Яхши хулкди вазир шулки, унинг эзгу ишлари ёмон феъл-атворидан устунлик қилади.
Эшитишимча, Низомулмулкнинг озгина ёмон қилмишларини кўплаб хайрли ишлари мағлуб этган эди. У ҳажга бормоқчи бўлиб турган вақтида авлиёлардан бири унга дебди: «Маликшоҳ давлатининг хизматида бўлиб, амалга ошираётган хайрли ишларинг ва Тангри таолонинг бандаларига етказиб турган ёрдаминг ҳаж қилиш билан баробардир».
Яна эшитганманки, Али ибн Лақатий халифа ҳорун ар-Рашиднинг вазири эди. Ундан Тангри таолонинг бандаларига кўп нафу фойда етарди. Кунлардан бир куни у ўз ихтиёри билан вазирликни тарк этмоқчи бўлибди. Ўшанда дин пешволаридан бири унга шундай деб ёзибди: «Сен халифа даргоҳида мулозимлик қилиб, вазирлик ишини бажариб туравер. Бу ишни ташлашни ўйламагин ҳам, чунки (бу мартабада туриб) халққа етказаётган ёрдаминг ва нафинг, сен қилган бутун ишларингу ҳаракатларингнинг энг олийсидир».
Яна шуни эшитдимки, ҳазрати пайғамбаримиздан, унга Тангрининг марҳаматлари ва саломлари бўлсин, сўрабдилар: «Агар сиз набий ва расул этиб юборилмаганингизда, қайси иш билан машғул бўлардингиз?» Улар шундай деб жавоб берган эканлар: «Султонлар хизматида бўлишни ихтиёр этиб, Тангри таолонинг бандаларига фойда ва яхшилик етказардим».
Шу сабабдан, халққа ёрдаму мадад бериш мақсадида, мен ҳам Туғлуқ Темурхоннинг ўғли Илёс Хожага вазирлик ҳамда сипоҳсолорлик қилишга рози бўлган эдим. Тангри таолонинг бандаларига ёрдам қилганимдан бўлса керакки, Оллоҳ таоло мени салтанат мартабасига етказди.
Тадбиркорлик ва қилич воситаси билан бирор мамлакатни забт этган ёки (ҳимоя этиб) сакдаб қола олган вазирни эъзозлаб, иззат-икром этсинлар. Унинг мартабасини ошириб, уни «қилич ва қалам соҳиби» деб атасинлар.
Ақлли, билимдон ва ҳушёр вазир шундай бўладики, бир тўғри тадбир қўллаб ғаним қўшинини пароканда қилиб юбора олади. Муросаю мадора, хушмуомалалик билан сипоҳни бирлаштириб, душман лашкарини ўзига ром қилади. Бундай вазир валинеъматнинг соқчиси бўлиб, подшосининг бошига тушган муҳим ва мушкул ишларни тадбиркорлиги ҳамда узоқни кўра билиши билан осонлаштиради. Агар салтанат ишларида чигил-жумбоқ учраса, ақлу фаросат бармоғи билан уни ечиб юборади. Чунончи, Алибек Жониқурбоний мени банд этгач, бурга тўла уйга қамаб қўйди. Вазирларимдан Азизуддин Термиздан юриш қилиб, менга ёрдам бериш учун етиб келди, (тадбир ишлатиб) Алибекни ухлатиб қўйди. Бу иши билан унинг кўзини мендан беркитиб, қувват бағишлади. Шижоат ва мардлигим тутиб, қўлимдаги қилич зарби билан кўп соқчилар орасидан қутулиб нажот топдим. Шунга ўхшаш Низомулмулк ҳам Султон Маликшоҳни қайсар бандидан халос этган эди[4].
Шундай бўлгач, бундай вазирни давлат шериги деб билиб, азиз тутсинлар, зинҳор унинг сўзидан чиқмасинлар. У нима деган бўлса бари акд кўзгусидир.
Агар подшоҳ золим бўлиб, вазири одил бўлса, подшоҳнинг жабр-зулмини (тўхтатиш) чора-тадбирини кўради. Лекин вазир золим бўлса, салтанат ишлари тез муддатда инқирозга учрайди.
[1] Маликшоҳ Салжуқий (1055–1092) – Салжуқийлар сулоласидан (1038–1194) чиққан ва Жалолиддин Маликшоҳ I номи билан машҳур подшоҳ. 1072–1092 йиллари ҳукмронлик қилган.
[2] Низомулмулк, Абу Али ал-ҳасан ибн Али ибн Исҳоқ ат-Тусий (1018–1092) – Салжуқий султонлардан Алп Арслон (1063–1072) ва Маликшоҳ I (1072–1092)нинг бош вазири. Низомулмулк «Сиёсатнома» номли катта тарихий асари билан ҳам машҳур.
[3] Мустаъсим Биллоҳ–Аббосийлар сулоласига мансуб Бағдод халифаларининг сўнгги вакили. 1242–1258 йиллари ҳукмронлик қилган.
[4] Салжуқ султони Маликшоҳ даврида «қайсар» ибораси фақат Византия императорига нисбатан ишлатилган. Бу султоннинг императорга асир бўлгани тарихий манбаларда тасдикданмайди. (–А.А.)
Амир Темур фақат маҳаллий муаллифларнигина рағбатлантирмай, балки ўз пойтахтига чет эл олимлари ва шоирларини ҳам жалб этди ҳамда уларнинг ҳаммасига ҳотамтойларча мукофотлар ҳадя этар ва ўз шахсий эътибори ва ҳомийлиги билан уларни қўллаб-қувватларди. Ана шу олимларнинг айримлари Амир Темур салтанатида ўз ватанидагидан кўпроқ таъминланган эди. (Г. Вамбери)