Амр қилдимки, қайси бир амир бирон мамлакатни фатҳ этса, ё ғаним лашкарини енгса, унга уч нарса билан имтиёз берсинлар: фахрли хитоб, туғ ва ноғора топшириб, уни «баҳодир» деб атасинлар; уни давлат ва салтанат шериги (деб) билиб, кенгаш мажлисига киргизсинлар; унга чегара вилояти топширилсин ва ўша ерлик амирлар унга бўйсунсинлар. Агар амирлардан қайси бирови тўрани (хон ўғлини) енгса ёки бирон амирзодага шикаст етказса, ё бирор ўлка хонини мағлуб этса, уни юқоридаги тартибда мукофотласинлар. Чунончи, Дашти қипчоққа, Ўрусхонга қарши уруш учун юборган амирим Ийгу Темур уни енгиб қайтгач, амирни мукофотлаб, унга туман (лашкар), туғ, байроқ ва ноғора бердим. Уни давлатимга шерик билиб, ўзимга маслаҳатчи ва вазир қилдим. Кенгашларимга киритдим ва чегарадаги вилоятлардан бирини унга такдим этиб, у ерлик амирларни унга бўйсундирдим.
Шунда ҳасадчилар унинг ҳақида (турли уйдирма) гаплар тарқатиб: «Ўрусхоннинг улусини талон-торож қилиб, мол-мулкини ўзиники қилиб олди», –дедилар. Бу гаплари билан ундан кўнглимизни бир оз совутдилар. Бироқ мен Баҳром Чубин[1] қиссасини эшитиб тажрибам ортганди. Воқеа бундай бўлган экан. Хоқон[2] уч юз минг жангари турк аскари билан Ҳурмуз ибн Нуширвон[3] устига лашкар тортди. Ҳурмуз эса Нуширвоннинг вазири, маслаҳатчиси ва сипоҳсолори бўлмиш Баҳром Чубинни 320 минг аскар билан хоқонга қарши урушга йўллади. У хоқон лашкари билан тўқнашиб, уч кечаю уч кундуз жангу жадалда тин билмади. Охири хоқонни енгиб, бор ҳақиқатни Ҳурмузга арз қилди, қўлга киритган бутун ўлжа, мол-мулкни Ҳурмузнинг ҳузурига жўнатди. Шу аснода ҳасадчилар ва ғийбатчилар Ҳурмуз мажлисида унга қарши туҳмат қилиб: «Баҳром мол-мулкнинг катта қисмини ўзига олиб қолди, хоқоннинг асл қимматбаҳо тошлар билан безатилган қиличи ва тожи, жавоҳирлар қадалган этигини ўзлаштириб олди», –дедилар. Ҳурмуз ҳам хомтама бўлиб, Баҳромнинг (аввалги) хизматларини унутди. Ғаразгўй ва ғийбатчи кишиларнинг гапларига ишониб, Баҳром Чубинни гуноҳкор ва хоин деб билди. Унга аёллар ёпинчиғи, бўғов ва занжир кишан юборди. Баҳром бўйнига бўғов, оёғига занжир кишан солиб, аёллар либосини кийди. Сўнг ҳузурига амирлар, сипоҳ бошликдарини чақиртириб, саройда йиғилганлар олдига шу алпозда чикди. Саркардалар ва оддий сипоҳийлар бу ҳолни кўриб, Ҳурмузга таънаю дашномлар ёғдиришди. Ундан ихлослари қайтди. Сипоҳ Баҳром Чубин билан иттифоқ бўлиб, Ҳурмуз даргоҳига бостириб келди: уни салтанатдан тушириб, Ажам мамлакати салтанатининг тахтига Хусрав Парвизни[4] ўтқаздилар.
Мен бу воқеадан сабоқ олганим сабабли, сипоҳимнинг таънаю дашномларига қолиб кетмаслик учун амир Ийгу Темурни ҳузуримга чорладим; сарой ходимлари ва халқни тўплаб мажлис қурдим. Ўрусхон улусидан ўлжа қилиб олинган бутун мол-мулкни бир ерга тўплаб, амир Ийгу Темурга ва у билан бирга қилич чопган баҳодирлару сипоҳийларга инъом қилдим.
Яна амр қилдимки, жангда ўзини кўрсатиб, қаршисидаги ғаним лашкарини синдирган ҳар бир амирнинг мартабасини оширсинлар.
Чунончи, Тобон баҳодир Тўхтамишхон билан бўлган урушда (от солиб), ғаним байроқдорига етиб олди ва душман байроғини ерга туширди, ўзи бир неча жойидан яраланди. Ҳасадчилар ва шу қаҳрамонликка даъвогарлар унинг бу хизматини мендан яширмоқчи бўлдилар. Лекин мен уни (инъомдан) холи қолдириш инсофдан эмас, деб билиб, Тобон баҳодирга амирлик мартабасини бердим. Сўнгра унга иззат-икром кўрсатиб, байроқ такдим этдим.
Яна амр кдлдимки, ўнбоши, юзбоши ва мингбошилардан қай бири душман сафини бузиб, ўз қаршисидаги аскар фавжини синдирса, ўнбоши бўлса, шаҳар ҳокимлигини берсинлар. Юзбоши бўлса, уни бирон мамлакат ҳукмдори этсинлар. Бунга мисол шулки, юзбоши Барлос баҳодир Тўхтамишхон билан бўлган урушда ёв лашкари билан юзма-юз тўқнашиб, душманни синдирди. Уни ҳисори Шодмон мамлакатига ҳоким этиб тайинладим. Яна буюрдимки, мингбошилардан биронтаси қаршисида турган ғаним лашкарини синдирса, уни мамлакат ҳукмдори қилсинлар. Бунга мисол, Муҳаммад Озод Катур жангидан (бир оз бурун) Бурхон ўғлон лашкарини мағлубиятта учратган сиёҳпўш[5] жамоасини енгиб, уларга ўнгланмас зарба берди. Муҳаммад Озодни Кундуз ва Кўлоб[6] мамлакатларига волий этиб тайинладим.
Яна ҳукм чиқардимки, амирлардан қайси бири ғаним қўлидаги бирор мамлакатни фатҳ этиб, душман тасарруфидан озод қилса, шу мамлакатни уч йилга унга инъом тариқасида берсинлар.
Ва амр килдимки, қайси бир аскар кдлич чопиб баҳодирлик кўрсатса, унга инъом тариқасида гурзи, қимматбаҳо тошлар қадалган ўтоғ, камар, турна беллик қилич ва бир от берсинлар ҳамда ўнбошилик мартабасига кўтарсинлар. Иккинчи, учинчи бор баҳодирлик кўрсатса, юзбоши ва мингбоши мартабасига етказсинлар.
[1] Баҳром Чубин (ваф. 592 й.) – Сосонийлар замонида ўтган машҳур саркарда, вазир ва Эрон подшоси. 590–591 йиллари ҳукмронлик қилган.
[2] Милоднинг 590 йили Эронга бостириб кирган ғарбий туркларнинг хоқони Шаба назарда тутилган.
[3] Ҳурмуз ибн Нуширвон–Сосонийлар сулоласидан шаҳаншоҳ Ҳурмуз IV (579–590), Хусрав Ануширвоннинг ўғли. (–А.А.)
[4] Хусрав Парвиз (581–628) – Сосонийлар сулоласига мансуб подшоҳ.
[5] Сиёҳпўш–юзига қора мато тортилган одам; баъзи манбаларда Катур (Кофиристон) халқи исломни қабул қилмаганликлари учун шундай аталган.
[6] Кўлоб–қадимги Хутталон; «Темур тузуклари» биринчи китобининг 11 ва 13 кенгашларида Хутталон шаклида берилган. Асарнинг 1868 йилги Теҳрон нашрида Кўлоб эмас, Хутталон шаклида ёзилган. «Кўлоб» атамаси XVII асрдан кейинги нусхаларда пайдо бўлган.
Амир Темур олимларга хайрихоҳ муносабатда бўлар ва билими билан ҳаллолигини кўрган олимларга ишонар эди. У тарихчи ва файласуфлар, илм-фан ва маъмурий соҳада билимдон бўлган кишилар билан суҳбатлашиш учун кўпинча тахтидан ҳам тушар эди. Амир Темур ўзидаги кишиларни бўйсундириш қобилиятига уларни ўз ҳукмронлиги остида бахтиёр қилиш истеъдодини ҳам қўшган эди. (Луи-Матьё Ланглэ)