Турон мамлакатини фатҳ этган куним ва пойтахт Самарқандда салтанат тахтига ўтирганимдан сўнг, дўсту душман билан (муомалада) бир текис йўл тутдим. Менга ёмонлик қилган, макр-ҳийла ишлатиб, жанг майдонида менга қарши қилич яланғочлаган Бадахшон амирлари, турку тожик қўшинларининг баъзи амирлари қилган қинғир ишларидан қўрқувда эдилар. Чорасиз қолиб, илтижо билан менинг паноҳимга келганларида уларга шундай яхшиликлар қилдимки, менинг иноятим ва хайр-эҳсонимни кўриб, ўзлари шарманда бўлдилар. Кимни ранжитган бўлсам, эҳсону инъомлар билан кўнглидаги хафагарчиликни чиқардим ва мартабаларига қараб имтиёзлар бердим.
Лекин Сулдуз ва Жета амирларидан нафратландим, чунки улар Қобулшоҳ[1] чингизийни амирлик, кейинроқ хонлик (тахти)га ўтказиб, унга дўстона ихлос билан хизмат қилиш хусусида аҳду паймон қилгандилар. Бироқ кеиинроқ, менинг салтанат тахтига ултирганимни эшитишгач, менга хушомад қилмоқчи бўлиб, онтларини буздилар ва уни ўлдирдилар.
Менга ҳасад қилиб, ўлдиришга қасд қилган кишиларга шунчалик совға-инъомлар бериб, муруввату эҳсон кўрсатдимки, бу яхшиликларни кўриб, хижолат терига ғарқ бўлдилар.
Ҳамиша менинг розилигимни олиб иш тутган дўстларим олдимга паноҳ излаб келганларида, уларни ўзимнинг бахту давлатимга шерик билиб, ҳеч қачон мол-мулк ва тирикчилик ашёларини улардан аямадим.
Яна ўз тажрибамдан билдимки, содиқ ва ҳақиқий дўст улким, ўз дўстидан ранжимайди, дўстининг душманини ўз ёви деб билади. Агар керак бўлса, дўсти учун жонини ҳам аямайди. Шундайки, амирларимдан қай бирлари менга жон-дили билан ҳамроҳлик қилган бўлсалар, мен ҳам улардан ҳеч нарсани аямадим.
Яна ўз тажрибамда кўрдимки, акдли душман, жоҳилу нодон дўстдан яхшироқ экан. Чунончи, амир Қазағаннинг набираси амир Ҳусайн нодон дўстлардан эди. Унинг дўстлик юзасидан қилган ишларини ҳеч бир душман қилмайди.
Амир Худойдод менга шундай деди: «Душманингни лаълу жавоҳирдек сақлагил, қачонки бирон тошлоқ ерга келиб қолсанг, уни олиб тошга шундай ургинки, талқони чиқиб, ундан нишон ҳам қолмасин». У яна шундай деди: «Агар душманинг бош уриб паноҳингга келса, раҳм қилиб, яхшилик ва мурувват кўрсатгил». Чунончи, мен Тўхтамишхонга қилганим каби. У паноҳимга сиғиниб келганда, унга яхшилик ва мурувват кўрсатдим. Агар душман сендан мурувват ва хайр-эҳсон кўрсаю, яна қайтадан душманлик йўлини тутса, уни парвардигорнинг (ҳукмига) топшир.
Чин дўст улдирки, дўстидан ҳеч қачон ранжимайди, агар ранжиса ҳам, узрини қабул қилади.
[1] Қобулшоҳ–асли чингизий шаҳзодалардан, дарвиштабиат одам бўлган. 1364 й. бошида амир Ҳусайн ва Амир Темур уни хон кўтарган эдилар.
1370 йил мартида Амир Темур Самарқандга қайтиб, уни ўз давлатининг пойтахти қилиб, кейин қонунларни ва ўз ҳокимияти давлат тузумини тартибга солди. (Ибн Арабшоҳ)