Амр этдимки, ўғилларим, набираларим, қавм-қариндошларим ўз даража ва мартабаларига яраша худди ой қўрғонлагандек, салтанат тахтини ўраб ўлтирсинлар.
Саййидлар, қозилар, уламо, фузало, шайхлар, улуғлар ва аслзодалар ўнг томондан ўрин олсинлар.
Амир ул-умаро, бекларбеги, амирлар, нўёнлар, улус, туманлар, қўшинларнинг сардорлари ва амирлари, мингбошилар, юзбошилар, ўнбошилар ўз мартабаларига яраша, чап қўл томонда ўтирсинлар.
Девонбеги ва вазирларнинг ўрнини тахт қаршисидан кўрсатдим. Турли мамлакатлар, эл-улусларнинг юрт-оғалари ва беклари эса, вазирлар орқасида қатор бўлиб ўтиришларини буюрдим.
Баҳодир деган фахрли номга эга мард йигитлар, қилич чопиб танилган ўғлонлар салтанат тахтининг орқасида, ўнг қўл томонда ўтирсинлар. Қоровулбегиларни эса салтанат тахтининг орқасида, чап қўл томонда ўтиришларини буюрдим.
Ҳировул амири менинг рўпарамдан ўрин олсин. Ички[1], хусусий ясовулим эса катта чодир эшиги олдида, тахтим поясининг тўғрисида тик турсин. Арз-дод қилиб келганлар ўнг ва чап томонда тик турсинлар.
Оддий сипоҳийлар, хизматчи ва сарой кишилари[2] ҳар қайсилари ўз мартабаларига яраша саф тортиб, ўз жойларини билиб тик турсинлар.
Ўрин олиш қоидаларининг бажарилишини назорат қилувчи тўрт амирга, мажлисга ҳозир бўлганларни ўз тартиби билан тахтимнинг ўнг ва сўл, олди ва орқасига жойлаштиришларини буюрдим.
Яна ҳукм қилдимки, қачон мажлис қоидага мувофиқ тартибга келтирилгач, минг товоқ ош, минг дона нон келтириб, умум йиғилганларга шоҳона зиёфат берсинлар. Минг товоқ ошни мумтоз ва хос кишилар базмига олиб келиб, шундан беш юз товоғини улус амирларига, саркардаларга, оқсоқолларга, ҳар қайсисининг номига атаб тарқатсинлар.
Саййидлар, олимлар, фақиҳлар ва билим эгалари, шунингдек, уйғур бахшиларию форс адиблари Соҳибқиронга сафарда ҳам, уйда ҳам узлуксиз мулозимликда бўлган эканлар. Фармонга мувофиқ улардан бир гуруҳи мунтазам (равишда) ул Ҳазратнинг юриш-туриши ва гап-сўзларида, мулк, миллат ва аркони давлат аҳволида нимаики гап бўлса, тўла-тўкис ёзиб борардилар. Бу ишда муболаға қилинмасин, деб алоҳида таъкидлаб буюрилган эди. Шу йўсинда туркий манзума ва форсий қисса, ҳар бири ул Ҳазратнинг юриш-туришидаги энг йирик (воқеаларни) қамраб олган назм ва наср қаламига олинган эди. (Шарафуддин Али Яздий)