Амр қилдимки, ҳар ерда, вилояту шаҳар ва лашкар ўрдусида кундалик воқеаларни ёзувчиларни[1] тайин қилсинларки, ҳокимлар, раият, сипоҳ, ўз лашкари ва ёт лашкарнинг хатти-ҳаракати ҳақида мени хабардор қилсин. Атрофдан кирган-чиққан мол-мулк, четдан кирган, четга чиққан ёт кишилар, ҳар турли мамлакатлардан келган карвонлар, қўшни подшохдар, уларнинг гап-сўзлари, ишлари ҳақидаги хабарлар ва узоқ ўлкалардан бўлиб, менинг даргоҳимга юзланган уламо, фузало ҳақидаги сўзларни тўғрилик билан менга ёзиб турсинлар. Агар бунга хилоф иш тутгудек бўлсалар, (бўлиб ўтган) воқеаларни ёзмасалар, ёзувчининг хабар ёзган бармокдари кесилсин. Агар хабар ёзувчи бирор сипоҳийнинг хизматини яширса ёхуд хабарни бошқа либосга кийинтириб (ёлғон) ёзган бўлса, у ҳолда унинг қўлини кессинлар. Агар ёлғон хабарни туҳмат ёки ғараз билан ёзган бўлса, уни қатл этсинлар ва яна амр этдимки, ушбу хабарларни кунма-кун, ҳафтама-ҳафта, ойма-ой менинг арзимга етказиб турсинлар.
Амр қилдимки, мингта тезюрар туя минган, мингта от минган елиб-югурувчи кишини чопқунчи, минг нафар тезюрар пиёдани чопар этиб тайинласинларки, турли мамлакатлар, сарҳадларнинг хабарларини, қўшни ҳукмдорларнинг мақсадлари ва ниятларини билиб, ҳузуримга келиб, хабар қилсинлар, токи бирон воқеа, корҳол юз бермасидан бурун унинг чораси ва иложи қидирилсин.
Чунончи, Тўхтамишхоннинг Ўрусхондан енгилгани ҳақида менга хабар етказганларида[2], унинг паноҳ излаб ҳузуримга келишини билдим. (Шунинг учун) Ўрусхонга қарши жанг қилишга тайёрлана бошладим ва Тўхтамишхонга ёрдам бердим.
(Шунга ўхшаш) яна бир мисол. Ҳиндистонни забт этиш учун йўлга чиққанимда[3], бу ўлканинг ҳар бир вилоятида алоҳида ҳоким ёки волий салтанат тахтида ўтиргани ҳақида менга хабар келтирдилар. Чунончи, Мўлтон ўлкасида Маллухоннинг иниси Саранг, Деҳлида Султон Маҳмудхон салтанат байроғини ёйганди. Лоҳур[4] ноҳиясида Маллухон лашкар тўплаганди, қанауж[5] вилоятида эса Муборакхон салтанатга даъвогарлик қилиб бош кўтарган эди. Қисқаси, Ҳиндистоннинг ҳар бир вилоятида бирон-бир кимса салтанат тожу тахтига даъвогарлик қиларди. Бу хабар қулоғимга етгач, бу мамлакатни забт этишим осон туюлди. Чунончи, Ҳиндистонни забт этган вақтимда Рум қайсари менинг баъзи мамлакатларимга чопқун қилгани, гуржилар бўлса ўз юртлари чегарасидан ташқари чиқиб, менинг лашкарларим қамал қилиб турган баъзи қалъалар ичидаги одамларга ёрдам бераётгани ҳақида хабар келтирдилар. Ўз-ўзим билан кенгашиб, агар Ҳиндистонда кўпроқ туриб қолсам, Эрон мамлакатида ҳам тартибсизлик бошланиши мумкин, дедим. Шунинг учун Ҳиндистон пойтахтидаги ишларимни тезда тартибга келтириб, юриш бошладим. Йўлда бир неча кун Мовароуннаҳрда тўхтадим. У ердан Рум ва Гуржистон томон йўл олдим. Ўша мамлакатларнинг барисини забт этдим.
[1] Матнда «хабарнавис».
[2] Гап 1376 йили Тўхтамишхон Ўрусхондан қочиб, Самарқандга келиши билан боғлиқ воқеалар устида бормокда. (—А.А.)
[3] Бу воқеа 1398 йил апрели 1399 йил апрели оралиғида юз берган. (–А.А.)
[4] Лоҳур–Панжобнинг марказий шаҳри. (–А.А.)
[5] Қанауж–ҳиндистоннинг қадимий шаҳри. Аградан шарқроқда, жанубий Панчала дарёсининг ирмоғида жойлашган. Гужарот вилояти пойтахти. (–А.А.)
Амир Темур ёшлигидаёқ ақлининг тиниқлиги ва жасурлиги билан ажралиб турарди. Унда ҳарбий истеъдод эрта намоён бўлди, у отда юриш машқини олган ва камондан отишга моҳир эди. (Александр Юрьевич Якубовский)