Ўзга мамлакатларни забт этиш, уларни идора қилиш, ғаним лашкарларини синдириш, душманни тузоққа тушириш, мухолифларни (кўнглини овлаб) дўстга айлантириш, дўст-душман орасида муомала, муросаю мадора қилиш хусусида ушбу кенгаш ва тадбирларни қўлладим.
Пирим[1] менга ёзмишларким: «Абулмансур[2] Темур, салтанат ишларида тўрт нарсага амал қилгин, яъни:
1) (ўзинг билан) кенгаш[3]; 2) (бошқалар билан) машварату маслаҳат айла; 3) ҳушёрлигу мулоҳазакорлик билан қатъий қарор чиқар; 4) эҳтиёткор бўл. Чунки кенгаш ва машваратсиз салтанатни барча қилган ишларию айтган гаплари хато бўлган жоҳил кимсага қиёслаш мумкин; унинг сўзлари ва қилмишлари бошга пушаймонлик ила надомат келтиргай. Шундай экан, салтанатни бошқаришда машварату маслаҳат ва тадбир билан иш юритгин, токи оқибатда надомат чекиб, пушаймон бўлмагайсан.
Яна шуни ҳам билгилким, салтанат ишларининг бир қисми сабру тоқат билан бўлгай, яна бир қисми эса билиб-билмасликка, кўриб-кўрмасликка солиш билан битур. (Хуллас) тадбирлардан огоҳ қилингандан кейин шуни айтиш жоиздирким, қатъийлик, ҳушёрлик, эҳтиёткорлик, шижоат ва сабр-чидам билан барча ишлар амалга оширилгай. Вассалом».
Бу мактуб менга йўл бошловчи янглиғ раҳнамолик қилди. У менга салтанат ишларининг тўққиз улуши машварат, тадбир ва кенгаш, қолган бир улуши эса қилич билан бажо келтирилишини англатди. (Донишмандлар) демишларким, ўз ўрнида қўлланган тадбир билан кўплаб лашкарнинг қиличи ожизлик қилган ҳар қандай мамлакат дарвозасини очиб, фавж-фавж аскарларни енгиб бўлур.
Тажрибамда кўрилганким, азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, жанг кўрган, мард, шижоатли бир киши мингта тадбирсиз, лоқайд кишидан яхшироқдир. Чунки тажрибали бир киши минглаб кишига иш буюради.
Мен яна тажрибамда кўрдимки, ғаним лашкарини енгиш қўшиннинг кўплиги билан эмас, мағлуб бўлиш эса сипоҳнинг камлигидан бўлмайди. Балки ғолиб бўлмоқлик (Тангрининг) мадади ва бандасининг тадбири биландир. Чунончи, мен кенгашиб ва тадбир юритган ҳолда икки юз қирқ уч киши билан Қарши қалъаси устига юрдим. Амир Мусо ва Малик баҳодир ўн икки минг[4] отлиқ аскар билан қалъа ва унинг атрофини қўриқламоқда эдилар. Лекин Тангри таолонинг ёрдами етиб, ўзим қўллаган тўғри тадбирларим орқали Қарши қалъасини эгалладим.
Шундан сўнг, амир Мусо ва Малик баҳодир ўн икки минг отлиқ аскар билан устимга бостириб келиб, мени Қарши қалъасида қамал қилдилар. Мен Тангрининг мададию иноятига ишониб, тадбиркорлик ва эҳтиёткорлик ишлатган ҳолда қалъадан чиқиб, қулай фурсатларда бир неча марта жангга кирдим. Пировардида шу икки юз қирқ уч йигитим билан ўн икки минг отлиқ ғаним лашкарини мағлубиятга учратдим ва уларни бир неча фарсанг[5] ергача қувиб бордим.
Яна тажрибамдан ўтмишким, гарчи ишнинг қандай якунланиши такдир пардаси орқасида яширин бўлса ҳам, акди расо ва ҳушёр кишилардан кенгашу тадбир истаб, фикрларини билмоқ лозимдир. (Шунинг учун) пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам (унга Тангрининг марҳаматлари ва саломлари бўлсин) айтганларидек, ҳар бир ишни қилишга киришар эканман, аввал обдан ўйлаб, (амирларим билан) кенгашдим.
Маслаҳатчилар ва кенгаш аҳли йиғилганда, олдимиздаги ишларнинг яхши-ёмон, фойдаю зиён томонлари, уларни амалга ошириш, оширмаслик ҳақида сўз очиб, (улардан) фикр сўрар эдим. Сўзларини эшитгач, ишнинг ҳар икки томонини мушоҳада қилиб, фойда-зиёнларини кўнглимдан кечирардим; унинг хатарли томонларига кўпроқ эътибор назари билан қарардим; қайси бир ишда икки хатар мавжуд бўлса, уни (бажаришдан) воз кечардим ва бир хатарлик ишни ихтиёр этардим. Чунончи, шунга кўра Туғлуқ Темурхонга[6] тўғри йўл кўрсатганман. Унинг амирлари Дашти Жетада[7] исён туғини кўтарганларида, мендан маслаҳат сўради. Унга шундай дедим: «Агар ғанимни синдириш учун бир фавж аскар юборсанг, олдингда икки хатар бордир, агар ўзинг олиб борсанг, бир хатар мавжуд». У менинг маслаҳатимга кириб, Дашт томон ўзи бориб эди, мен айтгандек бўлди.
Ишларимнинг барини кенгаш билан юргизиб, уни битиришда тўғри тадбир қўллар эдим. Бир ишга киришмай туриб, ундан чиқиш йўлларини ўйлаб қўяр эдим. Уни тўғри тадбир, қатъий жазм, сабр-чидам кўрсатиб, эҳтиёткорлик билан узоғини ўйлаб, ортини эсдан чиқармаган ҳолда охирига етказардим.
Яна тажрибамдан ўтказдимки, кенгаш аҳли бирлик, иттифокдик билан сўзда собит, ишда чидамли бўлишлари шартдир. Қилмоқчи бўлган ишларини қилмасдан қолдирмасунлар. Агар бирор ишни қилмасликка сўз берар эканлар, унинг яқинига ҳам йўламасунлар.
Тажрибамдан маълум бўлдики, кенгаш икки турли бўлур. Бири–тил учида айтилгани, иккинчиси–дилдан чиққани. Тил учида айтилганини (шунчаки) эшитардим. Дилдан айтилган маслаҳатни эса қалбим қулоғига қуярдим ва дилимга жойлардим.
Агар (ғаним устига) лашкар тортмоқчи бўлсам, уруш-ярашдан ўртага сўз ташлаб, амирларим кўнгилларининг бу икковидан қай бирига мойиллигини билишга интилардим. Агар ярашдан сўз очсалар, бунинг фойдасини уруш зиёнига солиштириб кўрардим. Агар урушга мойил бўлсалар, унинг наф ва фойдасини яраш зиёнига таққослаб кўрардим; қайси бири фойдалироқ бўлса, шуни ихтиёр қилардим.
Сипоҳни иккилантирадиган (турумсиз) кенгашни эшитишдан сақланардим. Кенгаш аҳлидан кимки куюниб маслаҳат берса, қулоқ солардим, кимки оқилона гапларни мардларча кескинлик билан сўзласа, уни диққат билан тинглардим.
ҳар кимдан сўз олиб, кенгаш сўрар эдим. Лекин айтилган ҳар бир маслаҳатнинг яхши-ёмон томонлари ҳақида ўйлаб кўргач, тўғри ва савоблироғини танлаб олардим.
Чунончи, Чингизхон авлодидан бўлмиш Туғлуқ Темурхон Мовароуннаҳр мулкини босиб олиш қасдида қўшин тортиб[8], Хўжанд сувидан[9] кечиб ўтгач, менга, амир Ҳожи Барлос[10] ва амир Боязид Жалойир[11] номига ёрлиқ[12] жўнатиб, унинг ҳузурига боришимизни талаб қилган эди. Улар мен билан кенгашдилар: «Ўз эл-улусимиз билан Хуросонга кетайликми ёки Туғлуқ Темурхон қошига борайликми?» Мен уларга бундай йўл кўрсатдим: «Туғлуқ Темурхоннинг ҳузурига борсангиз икки фойда, бир зиён бордир. Хуросон томонга ўтиб кетишнинг (эса) икки зиёни, бир фойдаси бордир».
Улар менинг кенгашимга кирмадилар ва Хуросон томонга кетдилар[13].
Мен ҳам Хуросонга ёки бўлмаса Туғлуқ Темурхоннинг қошига бориш-бормаслигимни билмай иккиланиб қолдим. Шу ҳол асносида пиримдан маслаҳат сўраб хат ёзган эдим, ушбу мазмунда жавоб ёзиб юборибдилар: «Тўртинчи халифадан[14], унга Тангрининг караму марҳамати бўлсин, бир киши сўрабдики, осмон–камон, ер–камон ипи, ҳодисалар ўқ-ёй бўлса, инсонлар ул ўқ-ёйларга нишон бўлса, отғучи (эса)–буюк ва қудратли Худойи таоло бўлса, одамлар қаерга қочадилар?» Халифа жавоб қилиб: «Одамлар Тангрининг қошига қочсунлар»,–дебди. Шунга ўхшаш сен ҳам ҳозир Туғлуқ Темурхоннинг олдига қочғил ва қўлидаги ўқ-ёйини тортиб олғил».
Бу жавоб келиши билан кўнглим кўтарилиб, юрагим бундан қувват олди ва Туғлуқ Темурхон қошига боришга аҳд қилдим.
Лекин бирон ишни қилмоқчи бўлсам, кенгашиб олгач, кейин қуръондан фол очардим ва қуръон ҳукми билан иш қилур эдим. Туғлуқ Темурхон олдига боришдан аввал қуръонни очсам, «Сурайи Юсуф»[15] чиқди ва Куръони мажид ҳукмига амал қилдим.
[1] «Тузуклар»нинг Бомбей нашрида китоб ҳошиясида шу ўринда Зайниддин Абубакр Тайободий номи кўрсатилган. ( –А.А)
Амир Темурнинг уч шайхга нисбатан ихлоси жуда кучли бўлган. Булар–Шамсиддин Кулол, Саййид Барака ва Зайниддин Тайободийлардир. 1) Шамсиддин Кулол Амир Темурнинг отаси Амир Тарағайнинг пири (ваф. 1370 й. Кеш). 1373–74 йилларда Амир Темур Шамсиддин Кулол қабри ёнида гумбазли мақбара қурдиради ва отасининг хокини ўша ерга кўчиртириб, Шамсиддин Кулол қабрининг қибла томонига дафн этади. 2) Мир Саййид Барака (ваф. 1404 й.). Амир Темур у билан Термиз яқинида учрашган. Амир Темур унга 1370 йилда Андхуд (Ҳозирги Афғонистонда Андхўй) вилоятини иқтоъ тарзида инъом этган. Мир Саййид Барака Амир Темурга зафар ва ғалабалар рамзи бўлган ноғора билан байроқ тортиқ қилган, Соҳибқироннинг Мозандарон, Дашти қипчоқ ҳарбий юришларида унга ҳамроҳ бўлган. Самарқандда Амир Темур мақбарасига дафн қилинган. 3) Зайниддин Абубакр Тайободий. Хуросонлик йирик шайх ва шайхулислом. «Зубдат ут-таворих» асарида ҳофизи Абру Амир Темурнинг Хуросонга юриши (782/1381) пайтида у билан учрашгани ҳақида ҳикоя қилган. Муаррих Фасиҳ Хавофийнинг (XV аср) «Мужмали Фасиҳий» асарида ҳам шундай маълумот келтирилган ва Тайободийнинг 1389 йил 29 январда вафот этгани айтилган.
[2] Абулмансур (луғавий маъноси: зафар, ғалаба қозонувчи)–уламо ва машойихлар тарафидан Амир Темурга берилган фахрли ном.
[3] «Темур тузуклари»да «кенгаш» сўзи икки маънода келган: 1. Мустақил фикрлаш ва қарор қабул қилиш. 2. Бошқалар билан маслаҳатлашиш.
[4] Асарнинг Теҳрон нашрида «икки минг отлиқ аскар» деб кўрсатилган.
[5] Фарсанг–тахм. 6 км га тенг масофа. (–А.А.)
[6] Туғлуқ Темурхон–Мўғулистон хони (1348–1362). Мўғулистон ёки Жета–Чиғатой улуси парчаланиши натижасида унинг Мовароуннаҳрдан шаркдаги қисми, яъни Шарқий Туркистон ва Еттисув ерларини ўз ичига олган давлат. Хон 1360–1361 йиллар баҳорида Мовароуннаҳрга икки марта юриш қилиб, Қашқадарё воҳасигача етган. 1362 йили вафот этган. (–А.А.)
[7] Дашти Жета–Еттисувда Чу дарёси атрофидаги даштлик. (–А.А.)
[8] Воқеа 1360 йилнинг баҳорида содир бўлган.
[9] Хўжанд суви–Сирдарёнинг ўрта асрлардаги номларидан бири.
[10] Амир Ҳожи Барлос – нуфузли барлос бекларидан. Кеш ва унга тобеъ ерлар ҳокими. Шарафиддин Али Яздий «Зафарномаси»да келтирилишича, Амир Темурнинг амакиси бўлган ва 1361 йили Хуросоннинг Жувайн мавзеида ўлдирилган. 1381 йили Амир Темур Жувайн мавзеини забт этган ва амакисининг авлодларига у жойдан «мол» солиғини йиғиш ҳуқуқини берган.
[11] Амир Боязид Жалойир – Хўжанд вилоятининг амири. 1361 йили Туғлуқ Темурхоннинг буйруғига кўра қатл этилган.
[12] Ёрлиқ – фармон.
[13] Бу воқеа 1361 йилда содир бўлган.
[14] ...тўртинчи халифа – бу ерда ҳазрати Али ибн Абу Толиб (656–661), Муҳаммад пайғамбарнинг амакиваччаси ва куёви назарда тутилган.
[15] «Қуръони карим», Юсуф сураси, 54-оят (Шоҳ буюрди: «Уни ҳузуримга келтирингиз, ўзимга хос кишилардан қилиб олай!» У билан сўзлашгач (шоҳ): «Сен бугун (дан бошлаб) бизнинг ҳузуримизда мартабали ва ишончли (шахс)дирсан»,–деди.)
Амир Темур кўп вақтни шатранж ўйини устида ўтказган. У ўз даврининг машҳур шатранжчилари билан бемалол беллаша олган. (Хильда Хукхэм)