Туғлуқ Темурхон (саркардалари) Беккичик, Ҳожибек арканут[1], Улуғ Туғ Темур керайит[2] ва Жетанинг бошқа амирларидан уч фавж[3] тузиб, Мовароуннаҳр мамлакатини талон-торож қилиш учун юборгани, ўша уч фавж қўшин Хузор[4] деган жойга келиб тушгани ҳақидаги хабар менинг қулоғимга етди. Шунда Туғлуқ Темурхонни бориб кўришдан илгари бу очкўз амирларни мол-дунё билан маҳлиё этиб, Мовароуннаҳр вилоятини қатлу ғоратдан қутқариб қолишга қарор қилдим.
Тилга олинган амирларни кўрганимда, уларни ҳайбатим босди шекилли, ортиқча илтифотлар кўрсатиб, ҳурматимни бажо келтирдилар. Уларнинг кўзларига ўхшаш кўнгиллари ҳам тор бўлганидан, совға-соврун[5] йўсинида берилган ҳар турлик тансиқ моллар кўзларига кўп кўринди ва Мовароуннаҳрни босиб олиш, талон-торож қилиш ниятидан қайтдилар.
(Шундан сўнг) тўғри бориб Туғлуқ Темурхон билан кўришдим[6]. Хон келишимни яхшиликка йўйиб, (салтанат ишларида) мендан кенгаш сўради. Кўрсатган кенгашларимни тўғри деб топиб, барчасини қабул қилди.
Шу аснода Туғлуқ Темурхонга хабар келтирдиларким, (юқорида айтилган) уч фавж амирлари маҳаллий халкдан нақд пул ва соврунлар олиб, улар билан келишмишлар. Хон шу ондаёқ мол-мулк билан накд пулларни қайтариб олиш учун вакил тайин қилди ва амирларни бундан буён Мовароуннаҳрга боришларини манъ этди. Мансабларидан бўшатди. Ўринларига Хожи Маҳмудшоҳ Ясурийни[7] тайинлади.
Бу ҳакда амирлар хабар топгач, душманлик байроғини кўтариб, юртларига қайтиб кетдилар. Йўлда хоннинг девонбеги ва бош маслаҳатчиси бўлмиш Ўғлонхўжани учратдилар. Уни ҳам ўзларига оғдириб олиб, Жета томон юзландилар.
Айнан шу вақтда Туғлуқ Темурхоннинг Дашти қипчоқдаги[8] амирлари ҳам исён туғини кўтаргани ҳақида хабар олинди. Бундан хон ташвишга тушди. У мен берган маслаҳатга кўра Жета тарафга йўл олди. Мовароуннаҳрни эса менга қолдирди ва бу хусусда ёрлиғу аҳднома ёзиб берди. Амир Қорачор нўённинг[9] Мовароуннаҳрдаги туманини ҳам менга топширди. Мен бутун Мовароуннаҳр вилоятига, то Жайҳун дарёсининг соҳилларигача чўзилган ерларга ҳукмрон бўлдим.
Давлат ва салтанатимнинг бошланишида энг аввал қилган кенгашим шул эди.
Мен тажрибамдан шуни билдимки, юз минг отлиқ аскар қилолмаган ишни бир тўғри тадбир билан амалга ошириш мумкин экан.
[1] Арканут–Чиғатой улусининг шарқий қисми (Мўғулистон)даги кўчманчи турк қабилаларидан бири. ( –А.А.)
[2] Керайит–нуфузли турк қавмларидан бирининг номи. Унинг бошлиқлари ўз вақтида Чингизхонни қўллаб-қувватлаган.
[3] Фавж–ҳарбий бўлинма, катталиги турлича бўлган.
[4] Хузор–Қашқадарё вилоятига қарашли ҳозирги Ғузор тумани маркази.
[5] Соврун–ўрта асрларда подшоҳ ва хонлар, умуман олий мартабали кишилар билан учрашганда уларга қилинадиган тансиқ моллардан иборат қимматбаҳо тортиқ.
[6] Шарафиддин Али Яздий «Зафарнома» асарида ёзишича, бу учрашув 761/1360 йилда юз берган. (–А.)
[7] Ҳожи Маҳмудшоҳ Ясурий–Ясур уруғининг амири. (–А.А.)
[8] Дашти қипчоқ–араб ва форс тилларидаги адабиётларда XI аср бошлариданоқ қўлланган бу атама Шарқий Туркистондан тортиб, ғарбда то Дунай дарёсининг қуйи оқимигача бўлган ерларни ўз ичига олган. қипчоқ сўзи рус солномаларида «половец» дейилган, Византия солномаларида эса «коман» атамаси қўлланган. Туғлуқ Темурга бу Даштнинг шарқий қисми қараган. (–А.А.)
[9] Қорачор нўён–Чингизхоннинг нуфузли амирларидан бири, Чиғатойхоннинг маслаҳатчиси ва лашкарбошиси.
Саййидлар, олимлар, фақиҳлар ва билим эгалари, шунингдек, уйғур бахшиларию форс адиблари Соҳибқиронга сафарда ҳам, уйда ҳам узлуксиз мулозимликда бўлган эканлар. Фармонга мувофиқ улардан бир гуруҳи мунтазам (равишда) ул Ҳазратнинг юриш-туриши ва гап-сўзларида, мулк, миллат ва аркони давлат аҳволида нимаики гап бўлса, тўла-тўкис ёзиб борардилар. Бу ишда муболаға қилинмасин, деб алоҳида таъкидлаб буюрилган эди. Шу йўсинда туркий манзума ва форсий қисса, ҳар бири ул Ҳазратнинг юриш-туришидаги энг йирик (воқеаларни) қамраб олган назм ва наср қаламига олинган эди. (Шарафуддин Али Яздий)