Жета ва Илёс Хожа лашкарини Мовароуннаҳрдан қувиб, Хўжанд дарёсининг нариги қирғоғига ўтказиб юборган бўлсам ҳам, мўғулларнинг баъзи фавжлари Мовароуннаҳр қалъаларида мустаҳкам жойлашиб олган эдилар. Аввалига уларни бостириш учун лашкарим қисмларини юбормоқчи бўлдим, бироқ мабодо бу иш чўзилиб кетсачи, деган фикр мени ташвишга солди.
Шу орада менга мўғуллар қалъаларга яшириниб олганлари ҳақида хабар келтирдилар. Лашкар қисмларини у ерга юбориш тўғри бўлмас, деб (бошқа) чора излай бошладим. Сўнгра Илёс Хожа номидан қалъадагиларга қарата ёрлиғ ёзиб, урушсиз топширишларини буюрдим. Ёрлиқни бир мўғул қўлига тутқазиб, унга ҳамроҳ қилиб лашкаримнинг бир қисмини жўнатдим. Аскарларимга чанг-тўзон кўтариб, ўзларини ғанимга кўпдай қилиб кўрсатишни буюрдим. Илёс Хожанинг талаби ёзилган ёрлиғ ғанимлар қўлига тегиб, лашкарларим кўтарган чанг-тўзонни кўришгач, тун қоронғусида қалъаларни ташлаб қочдилар. Хуллас, Мовароуннаҳр тупроғи мени ўлдиришга қасд қилган ўша золимлардан тозаланди ва мамлакат тамоман менинг қўлимга ўтди.
Қариндошлик ҳурмати учун Балх билан ҳисори Шодмон вилоятларини амир Хусайнга тортиқ этдим. У эса бу эҳсону мурувватимни назарига илмай, мени маҳв этишга қасд қилди. Мен ҳам ўз-ўзим билан кенгашиб, амир Хусайнни ўртадан кўтаришга қарор бердим.
Амир Ҳусайн мен қўлга киритган ғалаба ва ютуқларимни кўролмай, ҳасад ичини кемириб, менга ва ҳарамимдаги ўз синглисига кўп озор берди[1]. У Мовароуннаҳрни мендан тортиб олишга, мени (эса) ўлдириб, тахтга ўзи ўтиришга бел боғлаган эди. Ўртамизда неча бор урушлар бўлиб ўтган бўлса-да, барчасида енгилди[2]. Унинг адолатсизлиги, инсоф-сизлиги ҳаддидан ошган, мени енгиш ва ўлдиришига оз қолган вақтлар ҳам бўлди. Айнан шу вақтда қўрслиги, ёмон йўл тутиши туфайли амирлари ундан юз ўгирдилар. Хутталон ҳокими амир Кайхусравнинг инисини сабабсиз қатл эттирди. Оқибатда, амир Кайхусрав ҳам Хутталонда унга душман бўлиб қолди.
Амирлари (анчадан бери) ундан норози бўлиб, адоват сакдар эдилар, у эса уларни ўз тарафдори деб биларди. Шу сабабли яна мени тор-мор келтириб, маҳв этиш қасдида қароргоҳини Балх чеккасидаги бир жойга кўчирди[3]. Бу хабарни эшитишим билан амир Ҳусайн ҳаракатга келмасдан бурун, устига бостириб боришга қарор қилдим. Бор лашкарим билан Балх сари юзландим. Йўлда ҳар ёкдан зафарли лашкар фавжлари келиб менга қўшилдилар ва Балх атрофига бориб тушдим. Амир Ҳусайн қарши чиқиб, мен билан жанг қилди. Охири қочиб қалъага кириб олди. Сўнгра бошига нима келган бўлса, ўз қилмиши туфайли кўргилигини кўрди[4].
[1] 1365 йилда амир Ҳусайн Самарқандда Амир Темурга яқин бир неча бекларни исён кўтаришда айблаб, уларга катта жарима солади. Амир Темур бисотидаги бор олтин ва жавоҳирларни, шунингдек, хотини Улжай Туркон оқанинг қимматбаҳо тақинчоқларини ҳам қўшиб, товонга тўлайди.
[2] 1366–1370 йиллар давомида Амир Темур ва амир Ҳусайн ўртасида муттасил равишда ўзаро урушлар бўлиб турган.
[3] Бу ерда сўз амир Ҳусайн тиклаган Балхдаги ҳиндувон ҳисори ҳақида бораётир.
[4] Низомиддин Шомий ва Шарафиддин Али Яздийлар ўз «Зафарнома»ларида амир Ҳусайннинг очиқ жангдан қочиб ичкари қалъага яширингани, 1370 йил апрелда қўлга олингани ва ўлдирилгани воқеасини батафсил баён этганлар.
Ҳофизи Абрўнинг ёзишича, Амир Темур турк, араб ва эронликлар тарихини чуқур билган. У давлат аҳамиятига эга бўлган ҳар бир масалани ҳал этишда, шу соҳанинг билимдонлари ва уламолари билан маслаҳатлашарди.