Амир Ҳусайн менга асир тушгандан кейин, унинг навкарлари ва амирлари «Энди бизни ўлдиради», деб гумон қилган эдилар. Аввалига ниятим шундоқ эди, кейинроқ, «Ахир булар аскарлар-ку?» деб барчаларини афв этдим ва яна аскарликка тайинладим.
Бадахшонда ҳоким бўлиб турган уларнинг бош амири кўп мартаба жангда мен билан юзма-юз келиб, кдлич чопишган киши эди. Амир Ҳусайн қатл этилганини[1] эшитгач, менинг қаҳримдан қўрқиб, ўзини сергак тутди ва бордию уни тутиш учун қўшин юборсам, тўғри иш қилмаган бўлур эдим. (Шунинг учун) ўзимни уни унутган кишидек тутдим ва (унинг борасида) ушбу тадбирни қўлладим: мажлисларда, йиғин-ўтиришларда уни яхши сўзлар билан ёд этиб, мардлиги ва баҳодирлигини мақтадим, токи дўстлари: «Амир (Темур) сенга нисбатан марҳамат ва иноят мақомида турибди», деб унга хат ёздилар. У зорланиб менга мактуб юборди ва инояту марҳаматимдан умидвор бўлиб, паноҳимга келди.
[1] Амир Ҳусайнни Хутталон ҳокими амир Кайхусрав хун талаби билан ўлдирган, чунки амир Ҳусайн 1360 йили унинг иниси Кайқубодни қатл этдирган эди.
Самарқанд XV аср бошларида Осиё ва Европа халқларининг Марказий Осиё орқали олиб борган кенг кўламдаги савдосининг маркази бўлган. Самарқанддан Кичик Осиёга, Ўрта денгизга, Хитойга ва Ҳиндистонга олиб борувчи жаҳон аҳамиятига молик савдо йўллари ўтган. (Профессор Н.И. Леонов)