Амир Ҳусайн: «Менинг дўстлик ва қариндошликни риоя қилишдан бўлак ниятим йўқ», – деб қуръон устида қасам ичди, кейин ўша қуръонни менга жўнатди. У яна мана буларни ҳам айтиб юборибди: «Агар сенга айтган гапларимга хилоф бирон иш тутиш ниятим бўлса ва ўртадаги аҳд-паймонимни бузиб сенга ёмонлик қилсам, шу ушлаган қуръон – Худонинг ки-тоби мени урсин». Уни мусулмон деб билганим учун сўзларига ишондим. Шундан кейин у менинг ҳузуримга яна одам юбориб: «Ўртадаги аҳд-паймонимизни янгиласак, худо ҳақи, дуруст бўларди», – деб мени Чак-чак[1] дарасида учрашишга даъват этди. Унинг мақсади мени макру фириб билан қўлга тушириш эди. Аҳд-паймони, сўзига ишониб бўлмаслигини билсам ҳам, аммо қуръон ҳурматини сақлаб, (айтган жойига) учрашувга боришга қарор қилдим. (Бироқ бу борада) эҳтиёт шарт, Чакчак дараси атрофига баҳодирларимдан бир гуруҳини юбориб, яшириб қўйиш, кейин эса ўзим суянса бўладиган ишончли одамларимни олиб, учрашувга бориш режасини туздим.
Амир Ҳусайн хизматида бўлган дўстларимга хат юбориб, унинг найрангларидан мени огоҳ этиб туришларини сўрадим. Дўстларимдан бири Шер Баҳром амир Ҳусайннинг нияти шум эканлигидан мени огохлантирди. Амир Ҳусайн (буни сезиб қолиб) Шер Баҳромни қатл эттирди, менинг устимга эса минг отлиқ аскар билан ҳужум бошлади.
Бу хабар менга етганида, энди дарага келиб тушган эдим. Кўшинимни тартибга солдим. Шу вақт амир Ҳусайн лашкарининг қораси кўринди. Қоровуллар бу фақат амир Ҳусайн лашкарининг бир қисми эканлиги, унинг ўзи бу ерда йўкдигини хабар қилдилар ва: «Амир Темур бир ўзи келибди, деган гапни эшитиб, сизни қўлга тушириш учун лашкарининг бир қисминигина юборди»,–дедилар.
Мен (жангу жадалга) ҳозирлана бошладим. Бу ерда ҳаммаси бўлиб икки юз отлиқ аскар бор эди. Амир Ҳусайн қўшинининг фавжи дарага киргунигача сабр қилиб турдим. Ўзим келгунга қадар (бу ерга) юборган одамларимга уларнинг қайтиш йўлини тўсишларини буюрдим, ўзим эса ёғийга юзма-юз бўлдим. (Хуллас) дарада икки ёкдан қамалиб қолган ғаним лашкарининг кўп қисмини қўлга туширдим. (Сўнг) одамларимни саф-саф қилиб туздим ва қаршига қараб юзландим. Тажрибамдан шуни кўриб билдимки, дўст ҳар ерда асқотар экан. Амир Ҳусайнга (эса) ушбу мазмунда туркий байт ёзиб юбордим:
Ёрга еткур, сабо, ким макр қилмишдир манга,
Қилди эрса кимга макрин, қайтадур бир кун анга.
Бу хатим амир Ҳусайнга бориб етгач, кўп хижолат бўлди ва мендан узр сўради, (лекин) мен иккинчи бор унинг сўзига ишонмадим.
[1] Чакчак дараси–Чакчак тизмасининг жанубий этагида жойлашган мавзе, ҳозирги номи Чакдара (қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод тумани ҳудудида).
Деярли бартараф этиб бўлмайдиган икки ғов, бизнинг таассуб ва тарихнинг янглишилиги - бизнинг Амир Темурни билишимизга ва баҳолашимизга монелик қилди. Бироқ кўпгина муаллифларнинг ўз салномаларида уни сохта баён этганликлари муҳим эмас, ахир унинг номи миллатлар воқеаномаларида ўчмас ёзувларда қайд этилмаганми?! Ахир, авлодлари фойдаланиб келган зафарлари унинг буюк заковатини исботлаш учун етарли эмасми? (Луи-Матьё Ланглэ)