Кобулда жавонғорнинг ўттиз минг отлиқ аскари билан турган амирзода Пирмуҳаммад Жаҳонгирга Сулаймон тоғи орқали юриб, Синд дарёсидан ўтгач, Мўлтон[1] вилояти устига тўсатдан бостириб бориб, забт этишни тайинладим.
Султон Муҳаммадхон[2], амирзода Рустам[3] ва бошқа амирларга баронғорнинг ўттиз минг отлиғини олиб Синд дарёсидан кечиб ўтиб, Кашмир тоғи этагидаги йўл билан, Лоҳур вилоятига қўққисдан босқин қилишни буюрдим. Ўзим ўттиз минг отлиқ аскар билан ғўлни[4] бошқардим. Ҳиндистон юришига жамланган лашкарлар умумий сони тўқсон икки минг отлиққа етган эди. Лашкарим сони Оллоҳнинг ердаги элчиси Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам исми шарифлари сонига тўғри келганлиги учун, бу тасодифни истиқболнинг хайрли ва муборак фоллари сирасига киритдим.
Отланиб йўлга тушдим ва Бадахшон чегарасидаги Андароб деган жойга келиб тушдим. (Бу ерда бир неча кун бўлиб) Катур[5] тоғида истиқомат қилиб турган кофирларни енгдим. Уларга жазо берганимдан сўнг, дор ул-ҳарб бўлмиш Ҳиндистон ғазовотига юзландим[6].
[1] Мўлтон–ҳозирги Покистондаги шаҳар.
[2] ...Султон Муҳаммадхон – «Тузуклар»ни аслиятдан форсчага таржима қилган таржимон ёки хаттот хатоси, аслида Султон Маҳмудхон (1388–1402) бўлиши лозим, Чиғатойхон авлоди, Амир Темур ҳукмронлиги даврида хон деб эълон қилинганлардан бири. (–А.А.)
[3] Амирзода Рустам (1381–1424) – Амирзода Умаршайхнинг ўғли. 1405–1408 ва 1415 йиллари Исфаҳон ҳокими бўлган. 1424 йили Исфаҳонда вафот этган.
[4] Ғўл (ёки қўл, қалб) – лашкарнинг марказий қисми.
[5] Катур–Ҳиндикушдаги тоғли вилоят, Кофиристон, ҳозир Нуристон деб ҳам аталади.
[6] Ҳиндистонга юриш 1398 йил апрель ойида бошланиб, 1399 йил апрель ойининг 27 сигача давом этган.
1370 йил мартида Амир Темур Самарқандга қайтиб, уни ўз давлатининг пойтахти қилиб, кейин қонунларни ва ўз ҳокимияти давлат тузумини тартибга солди. (Ибн Арабшоҳ)