Дину шариат ишлари тузукини тартибга келтирганимдан кейин, салтанатим корхонасининг тузукини тузишга киришдим. Салтанат ишларини қонун ва қоидалар, тўра ва тузукка солиб, салтанатим мартабаю эътиборини сақладим. Салтанатим обрў-мартабасини сақлаш тузуклари қуйидагилардир.
Биринчидан, салтанатим қонун-қоидаларини ислом дини ва кишиларнинг энг хайрлиси (ҳазрати Муҳаммад)нинг шариатига боғлаб, иззату ҳурматлаш вожиб бўлган онҳазратнинг авлоди ва саҳобаларига муҳаббат билдириш асосида туздим. Салтанатим мартабасини тўра ва тузуклар асосида шундай сақладимки, унинг ишларига аралашишга ҳеч бир кимсанинг қурби етмасди.
Иккинчидан, сипоҳу раиятни умид ва қўрқув орасида сақладим. Дўст-душманни муросаю мадора мартабасида тутдим. Қилмишларини, айтган гапларини сабр-тоқат ва чидам билан ўтказдим. Дўст-душмандан кимки менга илтижо қилиб келса, дўстларга шундай муомала қилдимки, дўстлиги янада ортди, душманларга эса шундай муносабатда бўлдимки, уларнинг душманлиги дўстликка алмашди.
Менда бирон кимсанинг ҳақи бўлса, ҳақини ҳеч вақт унутмадим. Бирон кимса билан танишган бўлсам, уни ҳеч вақт назаримдан четда қолдирмадим. Давлатим ва салтанатим қуёши кўтарилиб келаётган вақтда менга илтижо қилиб келган яхши-ёмон одамлар, хоҳ яхшилик, хоҳ ёмонлик қилган бўлсин, салтанат тахтига ўтирганимдан кейин уларни хайр-эҳсонларим билан хижолатга қўйдим. Ўзимни уларнинг ёмонликларини унутгандек тутиб, ёмон қилмишлари дафтари устига афв қаламини тортдим.
Учинчидан, ҳеч кимдан ўч олиш пайида бўлмадим. Тузимни тотиб, менга ёмонлик қилганларни Парвардигори оламга топширдим. Иш кўрган, синалган, шижоатли эр-йигитларни қошимда тутдим. Софдил кишилар, саййидлар, олимлар ва фозилларга даргоҳим доим очиқ эди. Нафси ёмон ҳимматсизларни, кўнгли бузуқ қўрқокдарни мажлисимдан қувиб юбордим.
Тўртинчидан, очиқ юзлилик, раҳм-шафқат билан халқни ўзимга ром қилдим. Адолат билан иш юритиб, жабр-зулмдан узоқрокда бўлишга интилдим.
Шу пайтда пиримдан[1] хат келди. Улар бундай ёзибдилар: «Буюк зафарлар соҳиби Амир Темурга, Оллоҳ уни ҳамиша қўлласин, маълум бўлсинким, (унинг) салтанати корхонаси Тангри таоло корхонасининг бир (кичик) нусхасидурки, унда турли мансабдаги ходим ва хизматкорлар, ноиблар, эшик оғалари бордир, уларнинг ҳар бири мартабасига яраша ўз юмуши билан машғулдир, ҳеч бири ўз мартабасидан четга чиқмайди ва доимо Оллоҳнинг амрига мунтазир туради. Шундай экан, сен ҳамиша ҳушёр ва эҳтиёткор бўл, токи вазирлар, лашкарбошилар, амалдорлар, иш юритувчилар, сипоҳсолорлардан ҳеч бири ўз мартабаси чегарасидан чиқмасун ва доимо сенинг ҳукмингни кутиб туришсун. Ҳар тоифа ва ҳар қавмни ўз мартабаларида тутгинки, (бу билан) салтанатинг низомга келиб, давлат интизомга киргай. Агар ҳар нарсани ва ҳар кимни ўз мартабасида сақлай олмасанг, салтанатингга бундан кўп халалу зиён еттай. Демак, ҳар кимнинг қадр-қийматини, тутган мавқеини, ҳар нарсанинг ўлчовини белгилаб олишинг ва шунга мувофиқ иш юритишинг керак.
(Ҳазрати) Муҳаммад авлодидан бўлганларнинг мартабасини бошқалардан юқори кўтариб, уларнинг иззат-ҳурматини ўрнига қўйгил. Уларга қанча кўп муҳаббат билдирсанг ҳам, уни исроф деб ўйлама, чунки қайси иш худо йўлида бўлса, унда исроф йўкдир. Ўн икки тоифа билан давлатингга зийнат бериб, шулар билан салтанат қургил. Вассалом».
Пиримнинг ушбу мактуби менга етгач, унда буюрилган ҳар бир нарсани бажо келтирдим. Салтанатим ишларини тартиб-интизомга солиб, салтанатим мартабасига тўра ва тузук билан зебу зийнат бердим. Салтанатимни ўн икки тоифадаги кишилар билан мустаҳкамладим.
Салтанатим мартабаси бўлмиш тўра-тузуклар ва қонун-қоидаларни ҳам шу ўн икки тоифага боғлаб туздим. Бу ўн икки тоифани салтанатим фалакининг ўн икки буржи ва давлатим корхонасининг ўн икки ойи деб ҳисобладим.
Биринчи тоифа–саййидлар, уламо, шайхлар ва фозилларни ўзимга яқинлаштирдим. Улар менинг саройимга доимо келиб-кетиб, мажлисларимни безаб туришарди. Диний, ҳуқуқий, акдий масалаларни ўртага ташлаб, қимматли фикрлар билдиришарди. Ҳалол ва ҳаромга оид масалаларни мен улардан ўргандим.
Иккинчи тоифа–ақлли кишилар ва кенгаш соҳиблари, эҳтиёткор, қатъиятли арбоблар, кейинини ўйлаб, олисни кўриб иш юритувчи, кекса ва тажрибали кишиларни хос мажлисимга киритиб, уларнинг суҳбатларидан, ишларидан наф олиб, тажрибалар ҳосил қилардим.
Учинчи тоифа–дуогўй кишиларни қадрладим. Хилватда улардан дуолар тилаб, истакларимнинг бажо этилишини ўтиниб сўрардим. Мажлисларда, йиғинлар, базмлар ва жанг майдонларида улардан кўп баракотлар топдим. Чунончи, менинг лашкарим Тўхтамишхон лашкарининг кўплигини кўриб саросимага тушиб қолганда, соҳиби дуо бўлмиш Мирзиёуддин Сабзаворий[2] бошидан салласини олди; қўлларини дуога очиб (мен учун) Тангридан зафар тилади. Ҳали дуоси тугамай, дуо таъсири кўринди ва лашкарим ёғийни қочирди.
Яна бир мисол шулки, саройим ҳарамидагилардан бири қаттиқ бетоб бўлиб, ўлими яқинлашди. Дуогўй саййидлардан ўн икки киши йиғилишиб келдилар. Ҳар бири ўз умридан бир йилни унга бағишлади ва у соғайиб яна ўн икки йил умр кўрди.
Тўртинчи тоифа–амирлар, сарҳанглар[3], сипоҳ-солорларга мажлисимдан ўрин бериб, мартабаларини юқори кўтардим. Улар билан суҳбатлашиб, маслаҳатлар олдим.
Жанг майдонида мардона қилич чопишган шижоатли жасур кишиларни хуш кўрардим; жанг майдонларига от чоптириб кириб-чиқиш усулларини, ғаним лашкари тўпини бузиб, сафларини синдиришни, найза санчиб, қилич чопишни улардан сўрар эдим. Сипоҳгарлик ишларида уларга ишониб кенгаш сўрар эдим.
Бешинчи тоифа–сипоҳ ва раият бўлиб, ҳар иккисига бир кўз билан қарадим. Сипоҳийлардан чиққан баҳодирлар, довюракларга махсус фахрли ўтоғ[4], камар ва ўкдон такдим этиб, мартабаларини кўтардим.
Ҳар мулк ва мамлакатнинг беклари, улуғлари, бошлиқ–оқсоқолларини[5] ҳурматладим; уларга совға-саломлар бериб, хизматларидан фойдаландим. Сипоҳийларимни ҳамиша жангга тайёр ҳолда тутдим; ойлик ҳакдарини сўраттирмай вақтида берардим. Чунончи, Рум юришида сипоҳийларимга ўтган ва келажакда қиладиган хизматлари учун етти йиллик озиқ-овқатларини бирваракайига бердим. Сипоҳ ва раиятни шундай тутдимки, биронтаси иккинчисига зулм кўрсатиб, оёқости қилолмас эди. Бошқа сипоҳийларни ўз мартабаларига ва даражаларига қараб шундай сақладимки, улар ҳаддидан ошиб ортиқча қадам қўёлмасди. Уларнинг мартабаларини на кўп кўтариб ҳовлиқтирдим ва на кўп тушуриб кўнгилларини чўктирдим. Қайси бири бирор хизмат кўрсатар экан, инъомлар бериб, бошқалардан айрича ҳурматладим.
Кимнинг акди ва шижоатини синов тарозусида тортиб кўриб, бошқаларникидан ортиқрокдигини кўрсам, уни тарбиямга олиб, амирлик даражасига кўтарар эдим. Сўнгра кўрсатган хизматларига яраша мартабасини ошириб борардим.
Олтинчи тоифа–ишончли, тўғри эътиқодли оқил-хирадманд кишиларким, давлат сирларини уларга очиб, салтанат ишлари бўйича улардан маслаҳат олишимга лойиқ эдилар. Бу тоифа кишилар билан сирдошлик қилиб, ўз махфий ишларим ва пинҳоний сир-асроримни ўшаларга топширдим.
Еттинчи тоифа–вазирлар, девон котиблари ва муншийларки, салтанатим саройини шулар билан безатдим. Буларни менга тобеъ мамлакатларни кўрсатувчи кўзгу деб билдим. Чунки улар ҳар мулк–мамлакат, сипоҳ ва раият воқеаларини менга билдириб турдилар. Булар давлат хазинаси, сипоҳ ва раиятга оид ишларни тартибга солиб юритдилар. Салтанат мулкига тушган рахналарни беркитишнинг лойиқ чораю тадбирларини кўрдилар. Салтанатим корхонаси хазинасининг кирим ва чиқимига оид ишларни тўғри олиб бордилар. ҳамиша мамлакатда тўкинчилик ва унинг ободлиги учун ҳаракат қилдилар.
Саккизинчи тоифа–ҳакимлар, табиблар, мунажжимлар ва муҳандисларки, улар салтанат корхонасига ривож берувчилардир. Уларни ўз атрофимга тўпладим. ҳакимлар ва табиблар билан иттифоқда беморларни даволатар эдим. Мунажжимлардан сайёраларнинг қутлуғ-қутсиз кунлари, уларнинг ҳаракати ва осмонда айланишини аникдаб олардим. Муҳандислар билан иттифокда олий иморатлар барпо этиб, боғу бўстонларнинг тарҳини чиздирардим.
Тўққизинчи тоифа–муҳаддислар, (пайғамбар, унинг авлодлари ва саҳобалари) ҳақида ривоятлар накд қилувчилар ҳамда қиссахонлар бўлиб, уларни ҳам ўзимга яқинлаштирдим. Пайғамбарлар ва авлиёлар ҳақидаги қиссаларни, ўтган подшоҳлар тўғрисидаги хабарларни, уларнинг салтанат тахтига қандай етишганларини, давлатларининг қандай сабабларга кўра завол топганини улардан сўраб билардим. Ҳар қайсисининг қиссалари ва хабарлари, ишлари ва сўзларини эшитиб тажрибам ортди. Оламда бўлаётган воқеаларни улардан эшитардим ва жаҳон ахди аҳволидан хабар топар эдим.
Ўнинчи тоифа–машойихлар, сўфийлар, (Худони таниган) орифлардир. Уларнинг хизматларида бўлиб, суҳбатлар қурдим ва охират фойдаларини олдим. Улардан Тангри таолонинг сўзларини эшитиб, кароматлар кўрдим, мўъжизаларини мушоҳада этдим ва суҳбатларидан роҳатланиб, ҳузур қилдим.
Ўн биринчи тоифа–касбу ҳунар эгаларидир; буларнинг ҳар тоифа ва синфидан бўлганларини давлатхонамга олиб келиб, ўз ўрдамдан ўрин белгиладимки, сафардаю турғунликда сипоҳимга керак ярокдар ҳамда бошқа жиҳозларни ҳозирладилар.
Ўн иккинчи тоифа–ҳар мамлакат ва диёр саёҳатчиларию мусофирларининг бошини силадим, улар турли мамлакатлардан менга хабар келтириб турдилар. Ҳар бир мамлакату диёрга савдогарлар ва карвонбошилар тайинладимки, улар Хўтан, Чину Мочин[6], Ҳиндистон, араб мамлакатлари, Миср, Шом, Рум, Жазоир, Фарангистонгами[7], қаерга боришмасин, у ерларнинг нафис матолари ва муносиб туҳфаларидан келтирсинлар. Ўша мамлакатларда истиқомат қилувчи кишиларнинг ҳол-аҳволи, туриш-турмуши ҳақида менга хабар олиб келсинлар. Ҳар бир мамлакат ҳукмдорининг ўз раиятига қандай муомалаю муносабатда эканлигини аниқласинлар.
[1] Мир Саййид Барака тахмин қилинади. ( –А.А.)
[2] Низомиддин Шомий ва Шарафиддин Али Яздий «Зафарнома»ларида Мир Саййид Барака номи келтирилади. (–А.А.)
[3] Сарҳанг–(форс. қўшин қўмондони)–саркарда; Бу атама таржимон Абу Толиб Ҳусайний ат-Турбатий томонидан қўлланган бўлиши мумкин.
[4] Ўтоғ–яъни ўтов, бу ерда махсус жиҳозланган ўтов назарда тутилади. (–А.А.)
[5] Матнда «Калонтарон ва кадхудоён».
[6] Чину Мочин–Шарқ қўлёзмаларида одатда Хитой назарда тутилади. ( –А.А.)
[7] Фарангистон–кенг маънода Ғарбий Европа, тор маънода Франция. (–А.А.)
Амир Темур фақат маҳаллий муаллифларнигина рағбатлантирмай, балки ўз пойтахтига чет эл олимлари ва шоирларини ҳам жалб этди ҳамда уларнинг ҳаммасига ҳотамтойларча мукофотлар ҳадя этар ва ўз шахсий эътибори ва ҳомийлиги билан уларни қўллаб-қувватларди. Ана шу олимларнинг айримлари Амир Темур салтанатида ўз ватанидагидан кўпроқ таъминланган эди. (Г. Вамбери)