Биринчи навбатда, мазкур тоифа ва табақалардан бўлган саййидлар билан уламони иззат-ҳурмат қилишни, ҳар қандай истаклари бўлса дарҳол муҳайё этиб, муқаррар равишда уларнинг аҳволидан хабардор бўлиб туришни буюрдим. Агар сипоҳийлар тоифасидан бўлсалар, хизмат ўринларини белгилаб, ҳол-аҳволларига яраша эҳтиёжлари таъминлансин. Агар касбу ҳунар ва маърифат ахдларидан бўлсалар, бундайларга салтанат корхоналаридан юмуш берилсин. Булардан бошқа билагида кучи бор фақир-мискинлар эса ўз аҳволи ва касбу корига қараб иш тутсинлар. Яна шундай амр қилдимки, сармояси қўлидан кетиб қолган савдогарга ўз сармоясини қайтадан тиклаб олиши учун хазинадан етарли миқдорда олтин берилсин. Деҳқонлар ва раиятдан қайси бирининг деҳқончилик қилишга қурби етмай қолган бўлса, унга экин-тикин учун зарур уруғ, асбоб (меҳнат қуроли) тайёрлаб берилсин. Агар фуқародан бирининг уй-иморати бузилиб, тузатишга қурби етмаса, керакли ускуналар билан таъминлансин ва ёрдам берилсин.
Ҳар тоифа ва ҳар синфдан кимки ўз ихтиёри билан сипоҳийлик хизматига киришни истаса, уни ҳарбий (хизмат)га олсинлар. Асил ва шижоатли сипоҳийзода қайси тоифадан бўлмасин, унга ўрин бериб, хизматига ва ишига яраша тарбият қилсинлар.
Яна амр этдимки, узоқ-яқиндан бирон киши келиб, менинг мажлисимга кирар экан, қайси тоифадан бўлса ҳам, давлатим дастурхони неъматидан уни маҳрум қилмасинлар.
Кимки ҳузуримга киритилса ва кўзим унга тушса, ҳолига яраша ҳурматлаб, совға-саломлар билан кузатсинлар. Ҳар қандай одам менинг адолат девонимдан паноҳ топган экан, гуноҳи бўлса ҳам, уни кечирсинлар. Иккинчи, учинчи марта яна гуноҳ йўлига кирса, у ҳолда гуноҳига яраша жазоласинлар.
Самарқанд XV аср бошларида Осиё ва Европа халқларининг Марказий Осиё орқали олиб борган кенг кўламдаги савдосининг маркази бўлган. Самарқанддан Кичик Осиёга, Ўрта денгизга, Хитойга ва Ҳиндистонга олиб борувчи жаҳон аҳамиятига молик савдо йўллари ўтган. (Профессор Н.И. Леонов)