Амр қилдимки, амирлар, мингбошилар, юзбошилар, ўнбошилар ва оддий сипоҳийларга ушбу тартибда маош берилсин.
Оддий сипоҳийга, ўз вазифасини ўринлатиб бажариши шарти билан, маоши минган отининг баҳоси бўлсин. Баҳодирларнинг маоши икки от баҳосидан тўрт отгача тайин қилинсин. Ўнбошилар маоши қўл остидаги оддий сипоҳийларидан ўн баробар ортиқ бўлсин. Юзбошилар маоши ўнбошиларга қараганда икки баробар, мингбошиларники эса юзбошиларникидан уч баробар зиёда бўлсин.
Яна ҳукм қилдимки, сипоҳийлардан қайси бири уруш ишларида хатоликка йўл қўйса, маошидан ўндан бирга камайтирсинлар.
Яна буюрдимки, ўнбоши юзбошининг тасдиқи билан, юзбоши мингбошининг тасдиқи билан, мингбоши амир ул-умаро (амирлар амири)нинг тасдиқи билан улуфа олсинлар.
Амр қилдимки, амирлар амирининг маоши ўз қўл остидагилардан ўн баробар ортиқ бўлсин. Шунга ўхшаш, девонбеги ва вазирларнинг маошлари эса амирларникидан ўн баробар кўп бўлсин. Ясовуллар[1], қалақчиларнинг[2] маошлари ўз хизматларига яраша, мингдан ўн минг (микдорида) бўлсин.
Аҳли мажлис бўлмиш саййидлар, олимлар, фозиллар, ҳакимлар, табиблар, мунажжимлар, қиссахонлар, хабарчилар ва ровийларга ўз ҳолларига қараб, суюрғол, вазифа[3] ва маош белгиласинлар. Пиёдалар, хизматчилар, чодирчиларга юздан минггача[4] маош берсинлар.
Яна ҳукм қилдимки, амир ул-умаро ўз ҳақини девонбеги ва вазирларнинг тасдиқи билан олсин. Давлат томонидан белгиланган бутун маошларнинг тўлиқ маълумотларини девонбеги ва вазирлар аввал менга билдирсин, сўнгра танхоҳ[5] берилсин.
Яна буюрдимки, сипоҳийларнинг ҳар бирига маош олиш ёрлиғи топширилсин. Уларга берилган маблағ миқдори шу ёрлиқнинг орқасига ёзиб қўйилсин.
[1] Ясовул–хонларнинг кичик хизматчиси; қўриқчи, ясо бажарилишини назорат қилувчи.
[2] Қалақчи–ҳосилга қараб хирож миқдорини белгилаб берувчи минсабдор.
[3] Вазифа –бу ерда, нафақа маъносида.
[4] Матнда аниқ пул бирлиги кўрсатилмаган. Кичикроқ пул бирлиги назарда тутилган бўлса керак.
[5] Танхоҳ–сарой хизматчилари, лашкарбошилар ва бошқалар учун махсус хазинадан бериладиган маош пул, баъзида алоҳида хизмат кўрсатган бекларга танхоҳ сифатида ер-сув берилган.
Амир Темур ёшлигидаёқ ақлининг тиниқлиги ва жасурлиги билан ажралиб турарди. Унда ҳарбий истеъдод эрта намоён бўлди, у отда юриш машқини олган ва камондан отишга моҳир эди. (Александр Юрьевич Якубовский)