Ўша вақтда давлатимни тузиш йўлидаги уринишларим қаттиқ қаршиликка учраб, салтанатимнинг асоси кучсизлана бошлади. Чунончи, (шу пайт) менга эргашган йўлдошларим ўн нафардан ортиқ эмас эди. Улардан еттитаси отлиқ, уч киши эса пиёда эдилар. Бошқа мен билан ҳеч ким қолмаганди. Муҳтарама жуфти ҳалолим бўлмиш амир Хусайннинг[1] синглисини[2] ўзимнинг отимга миндириб олган эдим. Шу алпозда Хоразм чўлларида бир неча кун саргардон бўлиб юрдим. Кунларнинг бирида кеч тушгач, қандайдир қудуқ бошига келиб етдим. Ўша кечаси пиёда юрган уч нафар хуросонлик бевафолик қилиб, отларимизни миниб қочдилар. Етти киши тўрт от билан қолдик. Аҳволим жуда оғирлашди. Лекин кўнгил тўқ эди. Бу ишни чакки қилган эканман деб ҳеч ўкинмас эдим. Сўнгра бу ердан ҳам кўчдим. Шу вақт Алибек Жониқурбоний[3] ёпирилиб тепамга келди. Мени ҳибсга олиб, бургаси кўп бир қоронғу уйга қамаб қўйди. Бир неча кишини мени қўриқлаш учун қолдирди. Олтмиш икки кун тутқунликда сақлади. Ундан қутулиш чорасини излаб, ўз-ўзим билан кенгашдим ва Тангрининг инояти етиб баҳодирлигим тутди. Билакларим кучи билан соқчилардан бирининг қўлидан қиличини тортиб олдимда, уларга ҳамла қилган эдим, ҳаммалари қочиб қолдилар.
Сўнгра тўғри Алибекнинг устига бостириб кирдим. Мени кўргач, номақбул ишидан пушаймон бўлиб, узр сўради. Отларимни, жабдуқларим ва яроқларимни ҳозирлатиб, менга бир ориқ от билан бир қари туя тортиқ қилган бўлди. Оғаси Муҳаммадбек менга атаб юборган бир қанча совға-саломларни эса очкўзлик қилиб ўзига олиб қолди. Сўнг кетишимга рухсат берди.
Хоразм чўли томон равона бўлдим. Ўн икки отлиқ атрофимга тўпланди. Икки кундан сўнг бир манзилга етиб, қандайдир уйга тушдик. Шу орада бир гуруҳ ўша ерлик туркманлар пайдо бўлиб, «Ўғри!»–дейишиб бизга ҳужум қилмоқчи бўлдилар. Амир Ҳусайннинг синглисини бир уйга яшириб қўйиб, ўша жамоага қарши отландим, туркманлар ичида ҳожи Муҳаммад деган одам мени таниб қолди, «ҳой, тўхтанглар, бу Амир Темурку!» деб, уларни урушдан қайтарди. Ўзи эса тиз уриб олдимга келди. Мен ҳам унинг кўнглини овлаб, бошига мандилимни[4] қўйдим. Сўнгра бу киши ўз оға-инилари билан менга мулозим бўлди.
[1] Амир ҳусайн ибн Мусалло ибн амир Қазаған–Кобул, Балх, ҳисори Шодмон ва Бадахшон вилоятларининг ҳукмдори. Аввалига Амир Темурнинг қайноғаси ва сафдоши, 1365 йилдан кейин асосий рақиби бўлган. 1370 йил апрелида Амир Темур Балхни эгаллаганидан кейин ўлдирилган. (–А.А.)
[2] Бу ерда амир Ҳусайннинг синглиси Улжай Туркон оқа назарда тутилган. Амир Темур уни 1356 йили ўз никоҳига олган. Бу никоҳдан Амир Темурнинг қизи Султон Бахт бегим туғилган.
[3] Алибек Жониқурбоний–Шимолий Хуросоннинг нуфузли туркман бекларидан. Тавсифланаётган бу воқеа 1362 йили юз берган. (–А.А.)
[4] Мандил–бош кийими, дўппи, кулоҳ, салла; ҳукмдорларда меҳри тушган бирон кимсага бош кийими, камари ёки чопонини тақдим этиш орқали ўз миннатдорчилиги, ҳурмат-эътиборини билдириш одати бўлган.
Ўзига хос ватанпарварлик ҳиссиётлари билан руҳланган, ижтимоий воқеаларни ўзича тушунган тадбиркор Амир Темур 25 ёшида Шаҳрисабз ҳокимлигига муяссар бўлди. (И.Мўминов)