Менга эргашганлар сони олтмиш отлиққа етиб қолгандан кейин ўзимча ўйладим: «Агар келган манзилда тураверсаму, мабодо ерлик аҳоли менга қарши қўзғалиб, мўғулларга хабар бериб қўйсачи? Яхшиси, бу ердан кетиб, эл оёғи етмаган ерга бориб жойлашсам, тез фурсатда атрофимга салтанатимнинг куч-қудрати бўла оладиган қўшин тўпланар». Шу фикрда у ердан кўчиб, Хуросон томонга юзландим. Йўл устида Мохон[1] ҳокими Муборакшоҳ Санжарий юз отлиқ аскари билан келиб, менга қўшилди ва яхши отлар тортиқ қилди. У ернинг жами саййидлари ва аҳолиси ҳам менга қўшилди. Ўша саҳрода отлиқ, яёв бўлиб икки юзга яқин киши ёнимга кирди. Шу пайт Муборакшоҳ, саййид ҳасан ва саййид Зиёуддин менга арз қилдилар: «Бу саҳрода туравериш (қўшин) тарқаб кетишига боис бўлур, бирор томонга юриб, бирон вилоятни эгаллашимиз керак». Мен ўз-ўзим билан кенгашиб, сўнг уларга айтдим: «Хотирамга бир фикр келди. Самарқанд тарафга борайлик. Сизларни (вақтинча) Бухоро атрофидаги жойларга тарқатиб тураман, ўзим эса Самарқанд теварагига бориб, эл-улус орасига кираман ва улар билан иттифоқ тузаман. Етарли лашкар тўплаб, сизларни чақириб оламан. Кейин Жета ва Илёс Хожа лашкарига қарши жангга отланиб Мовароуннаҳр мамлакатини қўлга киритамиз».
Уларнинг ҳаммаси менинг бу кенгаш ва тадбиримни тўғри деб топдилар. Сўнгра юришга фотиҳа ўқиб, йўлга тушдим. Икки юз одамимни Бухоро атрофларига тарқатдим. Амир Хусайннинг синглиси Ўлжай Туркон оқани ҳам яширинча ўша ерда қолдирдим ва ўзим Самарқанд томон йўл олдим. Йўлда Тамука қавчин[2] ўн беш отлиғи билан менга қўшилди. Сиримни унга айтиб, Муборакшоҳ олдига юбордим. Ўзим яширинча улус оралаб, икки мингга яқин кишини иттифокдош қилдим. Самарқанд узра салтанат байроғини кўтаргудек бўлсам, улар ёрдамга келадиган бўлдилар.
Тунда пинҳона Самарқандга кирдим ва опам Кутлуғ Туркон оқанинг уйига бориб жойлашдим. Кечаю кундуз фикр оғушида чора-тадбир изладим. Шу тариқа қирқ саккиз кун яшириниб ётдим. Охири шаҳарликлардан биттаси менинг бу ерга келганимни пайқаб қолди. Сирим очилишига оз қолганда, ночор, кечаси бирга келган эллик отлиқ билан Самарқанддан чиқиб, яна Хоразм томон йўл олдим.
Мен билан бир тўп пиёда кишилар ҳам бор эди. Йўлда туркманларга қарашли йилқидан бир нечта отни қўлга киритдим ва пиёдаларимни уларга миндирдим.
(Кўп вақт) йўл юриб Амударё бўйидаги Ачиғи деган ўнқир-чўнқир ерга келиб тушдик. Шу ерга келганимда, Бухоро теварагида қолдирган ҳарам аҳли, Муборакшоҳ, Саййид ҳасан ва бошқа жамоа ҳам етиб келиб, менга қўшилдилар. Темур Хожа Ўғлон, Баҳром Жалойир ҳам ўзларига қарашли қўшин билан келиб, менга мулозим бўлдилар. (Шу тариқа), мингга яқин отлиқ аскар атрофимга жамланди. Шу ерда кенгаш қилиб, Бохтарзамин[3] билан қандаҳор[4] томонларга равона бўлишга ва у ерларни тасарруфимга киритишга қарор қилдим.
Саййидлар, олимлар, фақиҳлар ва билим эгалари, шунингдек, уйғур бахшиларию форс адиблари Соҳибқиронга сафарда ҳам, уйда ҳам узлуксиз мулозимликда бўлган эканлар. Фармонга мувофиқ улардан бир гуруҳи мунтазам (равишда) ул Ҳазратнинг юриш-туриши ва гап-сўзларида, мулк, миллат ва аркони давлат аҳволида нимаики гап бўлса, тўла-тўкис ёзиб борардилар. Бу ишда муболаға қилинмасин, деб алоҳида таъкидлаб буюрилган эди. Шу йўсинда туркий манзума ва форсий қисса, ҳар бири ул Ҳазратнинг юриш-туришидаги энг йирик (воқеаларни) қамраб олган назм ва наср қаламига олинган эди. (Шарафуддин Али Яздий)