Бохтарзамин ва Қандаҳор томон кетаётиб, ҳирманд[1] дарёсининг бўйига етганимда тўхтаб бир юрт[2] ясаттирдим. Аскарларимни дам олдириш учун бир неча кун ўша дарё бўйида турдим. Шу вақт Гармсир[3] вилоятининг аҳолиси билан сипоҳидан қарийб минг отлиқ турк ва тожик ҳам менга (келиб) қўшилди. Шу тариқа Гармсир вилояти менинг тасарруфимга кирди.
Шунда Сейистонга[4] турктоз қилишга қарор қилдим. Бу хабар Сейистон волийсига етгач, элчи орқали совға-саломлар юбориб, мендан ёрдам сўради: «Душманларим менга зулм қилиб, қўлимдан етти қалъамни тортиб олдилар. Агар мендан душман қўлини қисқа қилсалар, аскарларига олти ойлик озиқ-овқат етказиб берардим».
Узимча кенгашиб кўриб, Сейистон томонга лашкар тортишни маъқул топдим. Душманлар эгаллаб олган етти қалъадан бештасини куч ва қаҳр билан олганимни кўриб, Сейистон волийсининг юрагига қўрқув тушди ва кечаги душманларини энди ўзига дўст тутиб, ўзаро бундай кенгаш қилдилар: «Агар Амир Темур бу ерларда туриб қолар экан, Сейистон мулки қўлимиздан кетиши аникдир», дейишиб, бутун Сейистоннинг сипоҳи ва раияти барчаси бирлашиб, менинг устимга бостириб келдилар.
Сейистон волийси ваъдасига вафо қилмагани учун иложсиз қолиб, уларга қарши жангу жадалга киришдим. Шу пайт бир ўқ келиб тирсагимга қадалди, яна бир ўқ оёғимга тегиб яралади[5]. (Шундай бўлса ҳам) охири улар устидан ғалаба қозондим. (Лекин) ўша мамлакатнинг об-ҳавосини мизожимга мувофиқ кўрмай, у ердан кўчиб, яна Гармсирга бордим. Ўша вилоятда яраларим битгунча икки ой туриб қолдим.
[1] Ҳирманд–ҳозирги Афғонистоннинг жанубидаги ҳилманд дарёси.
[2] Юрт–бу ерда қароргоҳ маъносида.
[3] Гармсир (форсча–иссиқ ўлка)–Сейистон ва Балужистоннинг туташ ерлари. (–А.А.)
[4] Сейистон–ҳозирги Эроннинг жануби-шарқида ва Афғонистоннинг жануби-ғарбида жойлашган ўлка. 1872 йили Эрон ва Афғонистон орасида бўлинган. ҳилманд дарёсигача бўлган қисми Эронга, ундан шарқи Афғонистонга ўтган.
[5] Бу жанг 1362 йилда бўлган. Унда Амир Темур ўнг қўлининг тирсагидан ва ўнг оёғидан камон ўқи билан яраланган. Кейинчалик бунинг натижасида оқсокданадиган бўлиб қолган.
Барча буюк саркардалар сингари Амир Темур ҳам ўз аскарларининг машаққат ва зафарларини баҳам кўрарди. Улардан қатъий интизомни талаб қилар, лекин мажруҳлигига қарамай, уларга бош бўлиб жанг қилар эди. Ҳеч вақт ўз жангчиларини ёлғиз қолдирмас эди. У лавозими, бойлиги, ирқи, динидан қатъи назар, барча учун адолат бир бўлишини ниҳоятда синчковлик билан кузатиб борар эди. ...Бундай ҳукм чиқариш одати, ўз даври энг яхши саркардасининг жасорати ва шуҳрати сингари, унинг жангчилар ўртасидаги эътибори ва таъсирининг таркибий қисмларидан бири ҳисобланади. (Керэн Люсьен)