Ўз-ўзимга дедим: «Агар Жета лашкари билан жанг қилсам, улар кўп сонли бўлгани туфайли мабодо менинг лашкаримга зарар етсачи?» Лекин шу заҳотиёқ ғайратим жўшди: «Салтанат даъво қилиб хуруж қилган экансан, салтанат шаъни ва мартабасига лойиқ иш шуки, жангга кириб, ё зафар қучиб ғолиб бўлгайсан, ёхуд ўлдирилгайсан»,–дедим (ўзимга-ўзим).
Шундай азимат қилганимда ғанимлар уч фавжга бўлиниб, урушталаб бўлиб турганларини кўрдим. Мен ўз лашкаримни етти фавжга бўлдим. Етти фавжимни кетма-кет душман устига ташлаб туришни маслаҳат кўрдим. Жангу жадал ўти баланд кўтарилгач, амр қилдимки, ҳировул[1] фавжлари пистирмадан туриб ғанимга ўқ ёғдирсин. Шиқовул[2] ва Чоповул[3] фавжларига эса ғанимнинг чап қўлига ҳужум қилишни буюрдим. Ўзим
бўлса Жавонғор[4] ва Баронғор[5] фавжлари билан ҳаракатга келдим. Биринчи ва иккинчи ҳамланинг ўзидаёқ Жета лашкари амир ул-умароси Абу Саъиднинг фавжини енгдим. Шу пайт Ҳайдар Андхудий ва Менгли Буға жанг майдонига тушдилар. Уларга қарши мен ўзим юзма-юз чикдим ва биринчи ҳамладаёқ ҳар иккаласини ҳам чекинтирдим. Жетанинг тамоми лашкари енгилиб, сочилиб кетди.
[1] Ҳировул – лашкарнинг илғор қисми кетидан борувчи бўлинмалашкарнинг марказ, қанотлари олдида турувчи олд қўшинлар.
[2] Шиқовул(шшовул)–лашкар қанотларини қўрикдаб турувчи махсус бўлинма. (–А.А.)
[3] Чоповул–ҳарбий юришлар пайтида ва қамал жанглари вақтида теварак-атрофдаги қишлокдарга тўсатдан босқин уюштирувчи ҳарбий қисм. (–А.А.)
[4] Жавонғор–лашкарнинг сўл қаноти.
[5] Баронғор–лашкарнинг ўнг қаноти.
Амир Темур жонбоз қурувчи эди, у ажойиб боғ-роғли муҳташам иншоотлар барпо этди, шаҳар ва қишлоқларни тиклади. Суғориш тизимлари барпо этилди ва таъмирланди, расмий тарих таъбирига кўра, у экин экишга яроқли бир қарич ерни ҳам бекор қўймасди. (Шарқшунос, манбашунос олим В.В.Бартольд)