Жета лашкари амирлари устидан ғалаба қозонганимдан кейин, салтанат даъвоси билан хуруж этганлигим ҳақида Туронзаминда хабар тарқалди. Шунда мен адолат билан ҳукмронлик қилишга азму жазм этдим. Салтанатимни мустаҳкамлаш учун, тўплаган хазинамдаги нақд пуллар ва (қимматбаҳо) буюмларни сипоҳга тақсимлаб беришга ва даставвал қаҳлақа қалъасини[1] олишга қарор қилдим.
Лашкарга озуқа бериб, сўнг уларни сафга тиздим ва Жайҳун дарёси бўйига келиб тушдим. Термиз кечувидан ўтиб, қаҳлақа қалъаси тарафига қоровуллар жўнатдим. Ўзим Жайҳун бўйида бир неча кун турдим ва қоровуллар олиб келадиган хабарни сабрсизлик билан кутдим.
Менинг келганим ҳақидаги хабар Илёс Хожага етгач, Беккичикнинг иниси Алачун Баҳодирни катта қўшин билан устимга юборди. қоровулларим ғафлат уйқусида қолган эканлар, уларнинг ёнидан ўтиб, билдирмай, тун қоронғусида тўсатдан устимга ҳужум қилиб келдилар.
Қароргоҳим уч томони сув билан ўралган ярим оролда жойлашганди. Ярим орол ташқарисида қурилган бир неча чодир Жета лашкари томонидан талон-торож қилинди. Омон қолган аскарлар ярим оролга кўчиб ўтдилар. Мен бўлсам жангга шайланиб, тезлик билан ярим оролнинг кириш қисмига бордим. Душман мендан қўрққани сабабли урушга ботиниб киролмади. Ўн кунгача шу ярим оролда турдим. Сўнг у ердан чиқиб, сув бўйларида олачуқлар[2] тиктириб, Жета лашкарининг қаршисида бир ой давомида кузатиб турдим. Охири ғанимни қўрқув босиб, орқасига қайтиб кетди. Мен сувдан ўтиб, уларнинг манзилига тушдим ва душман орқасидан таъқиб кдлиш учун бир фавж аскар жўнатдим.
[1] Қахушқа қалъаси (Дарбанди Оҳанин)–Бойсундан (Сурхондарё вилояти) ғарбда Саримас тизмасидаги тор дара, форсча «Дарбанди Оҳанин» (Темир дарвоза), қадимги туркий тилда: «Темир қапуғ» («қапуғ»–дарвоза), арабча «Боб ул-ҳадид» (Темир дарвоза), мўғулча «қаҳлақа» дейилган.
[2] Олачуқ–шу номли шолча туридан ясалган капа ёки чодир.
1370 йил мартида Амир Темур Самарқандга қайтиб, уни ўз давлатининг пойтахти қилиб, кейин қонунларни ва ўз ҳокимияти давлат тузумини тартибга солди. (Ибн Арабшоҳ)