Жета лашкарини мағлубиятга учратганимдан кейин, Бадахшон вилоятига бориб, уни эгаллашга, (бу билан) салтанат ишларига ривож беришга қарор қилдим. (Шу ниятда) дарё бўйидан кўчиб Хулм[1] деган жойга тушдим.
(Шу ерда) амир Қазағаннинг[2] набираси ва қайноғам бўлмиш амир Ҳусайн билан учрашдим. Унинг шарафига зиёфат бердим. Сўнгра у билан кенгашиб, Бадахшонга боришга қарор қилдим.
Қундузга[3] етиб боргач, бурулдай[4] элининг сардорлари менга келиб қўшилмагунларича ўша ерда кутиб турдим. Келишгач, уларнинг ҳар бирига фахрли хилъатлар кийгизиб, кўнгилларини овладим.
Кўшинимнинг жангга ҳозирлиги ҳақидаги хабар Бадахшон шохдарига еттач, урушга тайёргарлик кўра бошладилар. Ўзимча мушоҳада қилиб, душман лашкар тўплаб улгурмасдан бурун эпчиллик, уддабуронлик билан зарба бериб, уларни тўзитиб юбормоқчи бўлдим. (Шунинг учун) юриш қилиб, Таллиқонга[5] етиб келдим.
Таллиқонга келганимдан Бадахшон шохдари хабардор бўлгач, тинч йўл тутиб, менга мулозим бўлишни ихтиёр қилдилар. Қўллаган тадбиримдан кўнглим тўлди ва хато қилмаганлигимни англадим. Менинг салтанатим бутун Бадахшон вилоятига ёйилди. Бадахшон сипоҳларининг аксарияти тамом хизматимда бўлишни ихтиёр этдилар.
[1] Хулм–Афғонистоннинг шимолий қисмидаги шаҳар; ҳозир шу номдаги шаҳарча, шимол-жануб ва шарқ-ғарб йўналишидаги халқаро савдо йўллари чорраҳасида жойлашган.
[2] Амир қазаған (1346–1358)–Чиғатой улусининг қудратли амири, 1346 йили қарши яқинида бўлган жангда қазанхонни енгиб, ҳокимиятни қўлга олган. 1358 йили фитна қурбони бўлиб, ов пайтида ўлдирилган.
[3] Қундуз–Афғонистоннинг шимолий қисмида жойлашган қадимги шаҳар (қадимги номи Валволиж), маъмурий-сиёсий марказ. ҳозир шу номдаги шаҳарча.
[4] Бурулдай–бу ерда жалойир қабиласига қарашли эл ҳақида сўз юритилмоқда.
[5] Таллиқон (Тайхон)–ҳозирги Афғонистоннинг шимолидаги қадимги шаҳар. Ўтмишда Тохаристон давлатининг пойтахти. Ўрта асрларда яна иккита Таллиқон мавжуд бўлган: улардан бири–ҳиротдан ғарброкда, иккинчиси–Каспийдан жануби-ғарбда жойлашган эди.
Амир Темурнинг ақлий қобилиятлари ва қизиқишлари кўлами кишини айниқса ҳайратга солади. Унинг ҳумдорлиги битилган тарихларда тиббиёт, астрономия ва айниқса, араблар, форслар ва туркийлар тарихи соҳасидаги билимлари мадҳ этилади. У завқ билан олимларнинг мунозараларига киришиб, кўпинча ғолиб чиқарди... (В.Ф. Манс)