Бадахшон шоҳлари менинг итоатимга киргач, Хутталонга[1] қараб юрдим. Бу мамлакатга келсам, қайноғам амир Ҳусайннинг қўрслигидан Пўлод Буға ва Шер Баҳром ундан ажралиб, ўз улусига кетиб қолишган эканлар.
Бу ердан кўчиб, Дашти кўланк[2] жилгасига бориб тушдим, (у ердан) Жета ва Илёс Хожа лашкарлари аҳволини билиб келиш учун айғоқчилар жўнатдим. Улар ўн кундан кейин хабар келтирдиларким, Жета амирлари: биринчиси–Куч Темур Беккичик ўғли, иккинчиси–Темур Нўбкон, учинчиси Сариқ баҳодир, тўртинчиси–Шингум, бешинчиси–ҳожибекнинг иниси Туғлуқ Хожа йигирма минг отлиқ аскар билан Халотий[3] ва Пули сангин[4] оралиғида турган эмишлар.
Улар мен турган ер ва лашкарим қай аҳволда эканлигини билиб келиш учун олдимга элчи жўнатдилар. (Элчини чалритиш мақсадида) лашкаримни икки марта қайта-қайта унинг олдидан ўтказтирдим, сўнг элчига рухсат бердим.
(Кейин) кенгашиб, унинг ортидан кетма-кет (қўшин тортиб) боришга қарор қилдим. Лекин лашкарим бу борада мен билан ҳамжиҳат бўлмади. Лашкаримни атрофимга бирлаштирмоқ учун баъзиларига мурувват, меҳрибонлик қилдим; бошқалари билан келишишга интилдим, яна бир гуруҳини эса молу дунё билан ўзимга қаратиб олмоқчи бўлдим. Яхши сўз, аҳду паймон ва ваъдалар билан қолганларининг кўнглига тасалли бердим.
Шу пайт хабар келдиким, илгари менинг навкарларим бўлган Туғлуқ Сулдуз ва Кайхусрав Жетанинг олти минг отлиқ аскарига бошчилик қилиб, менинг устимга келмокда эмишлар. Бу хабар лашкарим ўртасида тарқалгач, уларнинг иттифоқсизлиги янада кучайиб, саросимага тушиб қолдилар. Лекин амир Жаку, Ийгу Темур, амир Сулаймон ва амир Жалолиддин менинг ёнимда қолдилар.
[1] Хутталон–Панж дарёсининг ўнг соҳилидаги вилоят, ҳозир Тожикистоннинг Хатлон вилояти. Номи қадимги араб ва форс манбаларида Хуттал ёки Хутталон шаклларида ёзилган.
[2] Дашти кўланк–Хутталон яқинидаги мавзе.
[3] Халотий–аслида ҳулъату бўлса керак. ҳисор вилоятига қарашли мавзе.
[4] Пули сангин–луғавий маъноси «тош кўприк», ҳисор водийсида Сурхоб дарёсининг ирмоғи Оби ҳингоу дарёсида қурилган.
Самарқанд XV аср бошларида Осиё ва Европа халқларининг Марказий Осиё орқали олиб борган кенг кўламдаги савдосининг маркази бўлган. Самарқанддан Кичик Осиёга, Ўрта денгизга, Хитойга ва Ҳиндистонга олиб борувчи жаҳон аҳамиятига молик савдо йўллари ўтган. (Профессор Н.И. Леонов)