Амир Жаку, Ийгу Темур, амир Сулаймон, амир Жалолиддинларни хилватроқ ерга чорладим ва улар билан келишиб, ўзимга янада яқин тутдим, «Давлатимга шерик бўласизлар», дедим. Бу билан (уларнинг дилида) ўзларига ишонч ва менга хизмат қилиш учун қатъият туйғуларини уйғотдим. Шунга ўхшаш, мен билан иттифоқи бузилган тоифадаги бошқа амирларни ҳам бирма-бир холи жойга чорлаб, ҳар қайсиси билан алоҳида гаплашдим. Булардан мол-дунёга ҳирс қўйган очкўз ва тамагирларига мол-ашё ваъда қилдим, мансаб-мартабага, мамлакатларни бошқаришга кўз тиккан амалпарастларга қўлга киритган мамлакатлар, вилоятлардан бирининг ҳокимлигини бердим.
Уларнинг ҳаммасини умид ва қўрқинч орасида сақладим. ҳар бирига биттадан ноиб ва кутвол[1] тайинладим. Қолган сипоҳийларни ҳам емак-ичмак, кийим-кечак умиди, ширин сўз, очиқ юз билан ўзимга ром этдим. Бир хизматини ўн баробар қилиб тақдирлаб, дилларини хушнуд айладим. Натижада мени қўллаб-қувватлаганлар ҳам, тескари бўлган мунофикдар ҳам барчаси атрофимда бирлашди. Ҳар ишда бирлик-иттифоқлиқни маҳкам тутишга, амримдан чиқмасликка ваъда бериб, мен учун мол-жонларини аямай, майдонда жонбозлик кўрсатишга аҳд қилдилар.
Лашкардан кўнглим тинчигач, Илёс Хожага қарши жангга ҳозирлик кўра бошладим. Уни даф этиш ва (у билан) қай йўсинда уруш олиб боришим ҳақида кенгашдим, ғанимлар хабар топиб улгурмасдан, чапдастлик билан уларнинг устига қўққисдан босқин қилишга қарор бердим. Бу хусусда Куръони мажиддан фол очиб қарасам, ушбу ояти карима чиқди: «қанчадан-қанча кичкина гуруҳлар Оллоҳнинг изни билан катта гуруҳлар устидан ғалаба қозонган»[2].
Ушбу башоратни топганимдан кейин лашкаримни тартибга келтирдим. Уни етти фавжга бўлиб, йўлга тушдим. Тонг ёриша бошлаганда (Илёс Хожанинг) ҳировули бўлмиш Туғлуқ Сулдуз ва Кайхусравга етишдим. Икки ҳамла билан уларни енгдим ва (уларни) Илёс Хожа жойлашган Пули сангингача қувиб бордим. Оқшом тушгач, етган еримизда тўхтадик. Жанг майдони совиб қолмасдан, қизиғида Илёс Хожанинг қарийб ўттиз минглик лашкари устига тўсатдан босқин қилишга қарор қилдим. Бордию (юришни) тўхтатсам ва бирон корҳол юз берса, унинг иложини топиш учун (ўзгаларнинг) кўмагига муҳтож бўлиб қолишим мумкинлиги тўғрисида ўй сурдим. Орқадан амир Хусайн (лашкари билан) мени қўллаб-қувватлаб келаётган эди, бироқ мен ўзимни унинг ёрдамига муҳтож бўлиб қолиш даражасига етказмадим. Тўғри чораю тадбир ишлатиб, Илёс Хожа лашкарини енгдим.
Самарқанд XV аср бошларида Осиё ва Европа халқларининг Марказий Осиё орқали олиб борган кенг кўламдаги савдосининг маркази бўлган. Самарқанддан Кичик Осиёга, Ўрта денгизга, Хитойга ва Ҳиндистонга олиб борувчи жаҳон аҳамиятига молик савдо йўллари ўтган. (Профессор Н.И. Леонов)