Даставвал Илёс Хожа лашкарини бир жойга боғланган ҳолда ушлаб туриш учун зафарли фавжларимдан илғорини олдинга ташлашга қарор қилдим. Шу мақсадда амир Муаййид Арлот[1], Учқора баҳодир, амир Мусо бошчилигида икки минг отлиқ аскаримни Илёс Хожа қаршисидаги кўприк бошига жойлаштирдим. Ўзим эсам беш минг отлиқ билан дарёдан ўтиб, Илёс Хожа лашкари тепасидаги тоққа чиқиб ўрнашдим ва кечаси кўп жойга гулхан ёқишни буюрдим. Жета сипоҳлари тоғдаги беҳисоб гулханлару, Пули сангин бошида турган лашкаримнинг кўплигини кўриб, қўрқувдан саросимага тушиб қолдилар. Ўша тунни Илёс Хожа қўшини «Жангга ҳозирлан!» буйруғини кутиб (бедорликда) ўтказди. Мен туни билан тоғ устида ухламай Тангри таоло даргоҳига илтижо қилиб, ундан ожизу муҳтож бандасига мадад беришини тилаш ва пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам, унинг яқинлари ва саҳобаларига салавот айтиш билан машғул бўлдим. Ярим уйқу ва ярим уйғокдик орасида қулоғимга аллакимнинг: «Темур, фатҳу зафар сенга ёр бўлади!»–деган овози эшитилди. Тонг отиб, ёруғ тушгач, намозни жамоат билан ўқидим. Шу пайт қарасам, Илёс Хожа ўз амирлари билан отланиб, фавж-фавж бўлиб кетаётибди. Амирларим ва сипоҳийларим уларнинг кетидан қувиш қасдида мендан буйруқ беришимни илтимос қилдилар. Мен ўйлаб туриб, то ғанимнинг мақсади маълум бўлгунча таъқиб этишни бир оз кечиктиришни маслаҳат кўрдим. (Тахминан) тўрт фарсанг ерга бориб тўхтаганларидан кейин, уларнинг мақсадларини тушундим. Ниятлари–бизни тоғдан тушириб, яланг ерда жанг қилиш экан.
(Бир неча кун илгари) мен шикаст етказган ҳировул амирлари ҳам (Илёс Хожа) қошига қочиб борганда Илёс Хожа уларни тоза койиб берган экан.
Уларнинг ниятларидан хабардор бўлиб, тоғдан тушмаётганимни кўришгач, орқаларига қайтиб, менга ҳужум қилишга мажбур бўлдилар. Мен фавжларимни тоғ этагида сафга тизиб, жангга киришни мўлжалладим. Жета лашкари етиб келиб, нима қилишини билмай ҳайрон турганда, баҳодирларимга ёв устига ёмғирдек ўқ ёғдиришни буюрдим. Душманнинг кўпини ярадор қилдилар. Кеч кириб қоронғу тушганда, (ғанимларим) қўлларидан бир нима келмаслигини кўришгач, тоғ этагини гир айлантириб жойлашдилар. Ўша кеч лашкаримни тўрт фавжга ажратиб, ўзим бош бўлиб, тунда ғаним устига тўсатдан босқин қилиш фикрига келдим. Менинг бу кенгашим амирларимнинг ҳам дилига ўтиргач, тонгга яқин отландим ва тун панасида тўрт томондан уларнинг устига ҳамла қилдим. Жета лашкари ўзини йиғиб, тартибга келтиргунча баҳодир йигитларим уларни тўзитиб ташладилар. Чопқилашиш пайтида ҳар икки томондан жуда кўп аскар нобуд бўлди. Жета лашкари «ал-фирор»[2], «ал-фирор», дея чекиндилар. Мен Илёс Хожага етиб олиб, «Йўл бўлсин?» деб қичқирдим. Овозим Илёс Хожанинг қулоғига етгач, у ғазаб билан лашкарига дўқ-пўписа қилди ва аскарлари ортларига қайтдилар. Кун кўтарилгунча лашкарларимиз ўртасида жангу чопқин давом этди. Садоқ-ўқдонларимиз бўшади. Ғаним лашкари чекина туриб жанг қиларкан, тўрт фарсанг узокдикдаги ўз қароргоҳига тўкилиб-сочилиб, шикастаҳол, базўр етиб олди. Мен ҳам тизгин тортиб, орқаларидан бошқа қувламадим ва ўша атрофда қўндим.
Жета лашкари урушда енгилганига иқрор бўлганидан кейин иккинчи бор жанг қилишга ботинолмади. Мен эса сипоҳим билан Илёс Хожа қароргоҳини қуршаб олдим. Сўнг вақти-вақти билан уларга ҳужум қилдим. Тинкасини қуритдим. Охири чорасиз қолган Илёс Хожа Хўжанд сувидан ўтиб кетди. Мен ҳам уларни таъқиб қилиб ўтирмасдан фатҳу зафар билан Мовароуннаҳрга қайтдим.
(Шундан сўнг) салтанатимнинг мустақиллиги ва мустаҳкамлиги борасида кенгашлар ўтказдим. Кенгашларим ўзини шавкатли, буюк амир деб ҳисоблаган ва бошқа амирлардан ҳам улуғроқ билаётган амирларни итоат эттириб, бўйсундиришга қаратилганди. Биринчи навбатда Мовароуннаҳрда салтанат байроғини кўтарган амир Қазағаннинг набираси амир ҳусайнни давлатимга шерик деб атадим ва у билан муросаю мадора қилдим. Гарчи у ташқи кўринишидан менга дўстлик билдирсада, аммо ичидан ҳамиша ҳасад ва нифоқ мақомида турди. (Чунки) ўзи Мовароуннаҳр салтанати тахтига ўтиришни орзу этарди[3]. Унга ишончим йўкдиги туфайли уни хожа Шамсиддин[4] мозорига бошлаб бориб, дўстлик изҳор қилиб қасам ичдим. У ҳам дўстликка хилоф бирон иш қилмаслик ҳақида аҳду паймон қилди.
(Амир Ҳусайн) шундан кейин яна уч бор қуръони мажидни қўлига олиб, дўстлик бобида онт ичди. (Лекин) аҳдига вафо қилмагани учун охири менинг (жазойимга) гирифтор бўлди.
Амир Баён Сулдузнинг ўғли амир Шайх Муҳаммад ўзини улуғ амир деб ҳисобларди. Унинг ҳам (кўнглини топиб), ўз томонимга оғдириб олдим ва етти қўшинга бошлиқ атаб, ўзимга муте ва мулозим қилдим. Мазкур қўшинларнинг амирларидан ҳар қайсисига вилоят инъом этдим.
Мендан ажралиб, ўз улуси билан кетиб қолган Шер Баҳром ҳали ҳам менга бўйсунишни истамас эди. Уни ҳам ўзимга оғдириб олдим ва ҳузуримга чақиртирдим. У ўз улуси билан келиб, итоатда бўлажагини билдирди. Шер Баҳромни ўз мулозимим этиб, бир вилоятни унга тортиқ қилдим.
Амир Ҳусайн билан орамиздаги қариндошлик ришталарига кўра унга турли мурувватлар кўрсатиб, муросаю мадора қилдим, лекин менга дўст бўлмади. Иш шу даражага бориб етдики, Балх ва ҳисори Шодмон вилоятларини мендан тортиб олди. Синглиси ҳарамимда бўлгани боис уни сиқувга олмадим. У билан муросаю мадора қилишга шунчалик интилдимки, ҳатто унинг амирларига ҳам бу таъсир этиб, менга бўйсундилар. Лекин амир Ҳусайн ҳамма вақт мени мағлуб этиш пайида бўлиб, макру фириб бериб келарди. Охир-оқибат у ҳақидаги кенгашим шу бўлдики, уни шамшир зарби билан муте қилишга қарор қилдим.
Туронзамин вилоятини забт этиб, ғанимлар[5] вужудининг хас-хашагидан тозалаганимдан кейин, баъзи улусларнинг амирлари менга итоат билан бош эгишни истамадилар ва ҳар бири ўз қабилалари олдида ҳеч кимдан қўрқмаслигини кўрсатмоқчи бўлгандай, кибру ҳавога берилдилар. Амирларимдан баъзилари уларнинг ёнини олиб, менга: «Бу давлатга баримиз шерик бўлганимиздан кейин, уларни ҳам давлатга шерик деб билайлик»,–дедилар. Лекин уларнинг гаплари менинг салтанат юритишимдаги ғайратимга таъсир қилмади. Ўз-ўзимча: «Худо битта, унинг шериги йўкдир. Шундай бўлгач, Оллоҳ таолонинг муқаддас мулки–ер юзига эгалик қиладиган подшоҳ ҳам битта бўлиши керак»,–деб ўйлар эдим.
Шу пайт (авлиёлардан ҳисобланган) Бобо Али Шоҳ ҳузуримга келди ва: «Темурбек, Тангри таоло буюрганки, агар ерда ва кўкда икки худо бўлса, жаҳоннинг иши бузилур»,–деди. Мен унинг сўзларида ҳидоят топдим. Куръони мажиддан фол очсам, ушбу қутлуғ оят чикди: «Инна жаалнака халифатан фил арз», яъни «Биз сени ер юзига халифа қилдик»[6]. Мен буни (истиқболнинг) хайрлик ва муборак фоллари қаторига киритдим. Ўзларини давлат шериги билиб, менга бўйсунишни истамаган амирларни турли тадбирлар ишлатиб, ўзимга итоат эттириш учун турли йўллар қидирдим. Энг аввал Амир ҳожи Барлос олдига бориб, уни ўзимга иттифокдош қилдим. Баён Сулдуз ўғли Шайх Муҳаммад[7] шароб ва майхўрликка муккасидан берилиб кетганди. Охири шароб унинг бўғзидан олди ва у олам билан видолашди. Унинг вилоятини ўз тасарруфимга олдим. Амир Боязид Жалойир Хўжанд вилоятининг ҳокими эди. (Дўстона) насиҳат айласам, унга таъсир қилмади. Оқибатда ўз улусининг одамлари ўзига қарши чиқиб, олдимга кишанлаб келтирдилар. Мен (ўтган ишларни юзига солмай) унга илтифотлар кўрсатдим. Буни кўриб, ўзи (уятдан) шарманда бўлди.
Элчи Буға Сулдуз Балхда ўз салтанати туғини кўтарган эди. Бобоси Амир Қазаған тахти шу ерда бўлганлиги учун Балх тахтига даъво қилаётган амир Хусайнни Элчи Буғага қарши қайрадим.
Муҳаммад Хожа Апардий найман аймоғидан бўлиб, Шибирғонот[8] вилоятини босиб олиб, менга қарши исён туғини кўтарганди. Мен унга бошқа вилоят бериб, уни ўзимга содиқ навкар қилиб олдим. Бадахшон вилоятига эгалик қилаётган Бадахшон шоҳлари эса менга қарши душманлик йўлини тутдилар. Уларнинг ҳар бири билан турли келишувлар қилдимки, бир-бирлари билан урушиб кетдилар. Охири менинг паноҳимга кириб (бўйсундилар).
Кайхусрав Хутталон вилоятини ва Ўлжайту Апар-дий Арҳанг[9] вилоятини тасарруфларида тутардилар. Кайхусравга Улжайту Апардийнинг вилоятини босиб олиши учун мадад жўнатдим. У бориб Ўлжайту Апардийнинг вилоятини забт этди. Оқибатда Ўлжайту Апардий паноҳ излаб менинг хизматимга келди.
Амир Хизр Ясурий[10] ўз халқи–ясурийлар мадади билан Тотканд[11] вилоятини босиб олган эди. Кайхусрав билан Ўлжайту Апардийни бир-бири билан яраштир-дим. Буларга ёрдамчи куч йўсинида бир тўда киши қўшдим. Икковлари бирлашиб, ясурийларга ҳужум қилиб, талон-торож этдилар. Амир Хизр (Ясурий) ожиз қолиб, менинг паноҳимга келди.
Шундай қилиб, Мовароуннаҳрни уруш-талашдан тинчитдим. Менинг қаҳрамон аскарларим тўла куч-қувватга кирди. ҳар томонга барлос улусининг номи ва донғи таралди. Менинг ҳимматим билан Чиғатой қўшинлари ва туманларининг овозаси оламга ёйилди. Жами элу халқ, қўшунот ва тумонот ҳамда кўчманчилар менинг ҳукмронлигим остига ўтди. Бироқ Мовароуннаҳрдаги баъзи қалъалар (ҳамон) амир Ҳусайн қўлида эди, уларга менинг ҳукмим ўтмасди.
Амир Ҳусайн салтанатим азимати ва шон-шавкатининг кучайганини кўргач, унда ҳасад томирлари (қаттиқроқ) ура бошлади. қасам билан қилган аҳд-паймонларини бузиб, менга қарши исён туғини кўтарди. Мен унинг олдига кўп марта (лутф-марҳаматлар кўрсатиб) бордим, у бўлса асло қошимга келмади. Бунинг устига сиртидан такаллуфлар билдириб, аслида ҳийла-найранг ишлатиб, мендан қарши қалъасини олиб қўйди. қарши қалъасини қўрикдаб туриш учун қўрғонбеги амир Мусо бошчилигида етти минг отлиқ аскар тайинлади. Кейинроқ у ерга яна қўшимча беш минг отлиқ аскар юборди. Бу билан кифояланмай, мени ўлдирмоқчи бўлди. Мендаги салтанат ғайрати туғёнга келиб, қарши қалъасини ундан тортиб олишга ундади. Баъзи амирларим у ерга юриш қилиб, қалъани жанг билан қўлга киритишни менга маслаҳат бердилар. қарши қалъасини олиш режаларини туза бошладим. Улар айтгандай уруш билан олсам, бунинг хатарли томонлари кўплиги кўнглимдан ўтди. Ўзимча: «Мабодо қалъани жанг билан олмоқчи бўлсам, ғаним лашкарининг ёмон кўзидан қўшинимга зарар етса-чи?»–деб ўйладим. Сўнгра жанг қилиш фикридан вақтинча воз кечдим ва бошқа тадбирни қўллашга киришдим. Хуросон томонга юзланиб, бу билан қарши қалъаси бекларининг хотирини жам қилмоқчи бўлдим. Кейин эса лашкарим билан (яширинча) орқага қайтиб, тунда тўсатдан қалъага ҳужум қилиб, у ерни босиб олишни режаладим. Хуллас, бу ердан кўчиб, Хуросонга қараб йўлга тушдим.
Амуй сувидан[12] кечиб ўтганимда, Хуросон томондан қаршига келаётган карвонга дуч келдим. Карвон бошлиғи менга совғалар тақдим этди. Мен ундан Хуросон амирларининг ҳол-аҳволини суриштирдим ва Хуросон вилоятига бораётганлигимни айтдим, кейин кетишларига ижозат бердим. (Лекин) карвонга айғоқчи қўшиб юбордим ва дарё соҳилида бирон ёққа жилмай хабар келишини кутдим. Айғоқчи хабарига кўра, карвондагилар амир Мусога шундай деган эмишлар: «Амир Темурни Амуй суви ёқасида кўрдик, Хуросон тарафга кетаётган экан». Бу гап амир Мусо ва амир Ҳусайннинг лашкарига етгач, хурсанд бўлиб, ўйин-кулги ва айш-ишратга берилибдилар.
Бу хабарни эшитишим билан лашкарим ичидан энг ишончли, довюрак, жанг кўрган ёш баҳодир йигитлардан икки юз қирқ учтасини танлаб олдим ва дарёдан ўтиб, илрор юбордим. Ширкент[13] мавзеига етдим ва ўша ерда бир кеча-кундуз тўхтаб, (сўнг) яна йўлга тушиб, қарши қалъасидан бир фарсанг масофага келиб тушдим. (Одамларга) арқонларни бир-бирига боғлаб нарвон ясаб қўйишларини буюрдим. Шу пайт амир Жаку тиз чўкиб: «Бир гуруҳ баҳодирлар орқада қолдилар, улар етиб келгунча тўхтаб туриш зарур»,–деб ўтинч қилди. Шунда хотирамга бир фикр келди: баҳодирларим етиб келгунча қалъани ўзим кўздан кечирмоқчи бўлдим. қирқ отлиқ ҳамроҳлигида қарши қалъаси томон йўл олдим. Йироқдан қалъа қораси кўринганда, баҳодирларимни келган ерда тўхтатиб қўйдим ва уйимизда туғилиб ўсган Мубашшир ва Абдулло исмли (йигит)ларни бирга олиб кетдим. Хандақ[14] бўйига етдим. қарасам, хандақ сув билан лиммо-лим экан. Теварак-атрофга назар солиб, хандақ тепасидан ўтказилган, қалъага сув олиб борадиган тарновга кўзим тушди. Отимни Мубашширга қолдириб, ўша тарнов орқали хандақ устидан ўтдим ва қалъанинг хокрезига[15] етдим. Дарвоза олдига бориб, эшик қокдим. (Лекин) дарвозабонлар ухлаётган экан, (ичкаридан садо чиқмади). (ҳар эҳтимолга қарши) дарвозани ташқарисидан кесактош ва лой билан тўлдириб қўйишган экан. қалъа девори атрофини кўздан кечириб, нарвон ва зиналар қўйса бўладиган жойни топдим. (Сўнг) орқамга қайтдим ва отланиб баҳодирларим ҳузурига бордим.
Орқада қолган лашкар фавжи ҳам нарвонлар би-лан етиб келишган экан. Ҳаммалари шайланиб, нарвонларни олишди ва қалъа сари юзландик. Хандакдан тарнов орқали қалъага ўтдилар. Зиналарни ҳам олиб ўтдилар ва деворга қўйдилар. Эр йигитлардан қирқтаси тепага чиқиб, қалъага кириб олдилар. Мен ҳам нарвонга оёқ қўйиб энди қалъага кирмоқчи бўлган эдим, карнай тортиб, бурғу[16] чалдилар. Тангри таолонинг қўллаши билан қалъани қўлга киритдим.
Бу хабар амир Ҳусайнга етгач, (энди) макру ҳийла йўли билан, дўст-ошно либосини кийиб, мени ром этмоқчи бўлди.
[1] Арлот–туркий қабилалардан бирининг номи.
[2] «Ал-фирор» (қочмоқ, маъносида)–қуръони карим Аҳзоб сурасининг 16-оятига ишора. Оятда, хусусан, бундай дейилган: «(Эй Муқаммад) айтинг: агар сизлар ўлиш ёки ўлдирилишдан қочсангизлар, бу қочиш сизларга (барибир) бирон фойда бермас...»
[3] Амир Темур билан амир ҳусайн 1365 йилгача иттифокдош бўлишган. Лекин 1365 йили «Лой жанги» давомида амир ҳусайн ўз иттифоқчисини қўллаб-қувватламасдан, жанг майдонини ўзбошимчалик билан ташлаб чиқиб кетгандан бошлаб муносабатлари бутунлай бузилган. ( –А.А.)
[4] Бу ерда Шамсиддин Кулол назарда тутилган.
[5] Илёс Хожанинг қўшини назарда тутилади. (–А.А.)
[6] Қуръони карим, Сод сураси, 26-оят.
[7] Бу ерда гап ўғил эмас, ота амир Баён Сулдузнинг ўзи ҳақида кетмокда. (–А.А.)
[8] Шибирғонот–Балхдан жануби-ғарбий тарафда жойлашган вилоят, бош шаҳри Шибирғон. ( –А.А.)
[9] Арҳанг–қадимги Тоҳаристон вилоятидаги шаҳар; Амударёнинг юқори оқимидаги Таллиқоннинг шимоли-шарқидаги жой. XIV аср иккинчи ярмидан Арҳанг–Сарой деб номланган; тахм. XVI асрдан бошлаб уни Имом (ҳазрати Имом) деб ҳам атаганлар. ҳозирги номи Имомсоҳиб, Панж дарёсининг чап соҳилида, Афғонистонда.
[10] Хизр Ясурий–Чингизхон лашкарининг сўл қанотига қўмондонлик қилган амир Ясурнинг авлодларидан. Ясурий Вахш ва Таллиқонни босиб олишда иштирок этган ва эли ўша юртларда ўтириб қолган. Хизр Ясурий эса аввалига Амир Темурнинг ишонган яқин амирларидан ҳисобланган. Бироқ кейинчалик амир Ҳусайн томонида туриб жанг қилган ва шу жанглардан бирида ўлдирилган.
[11] Тотканд–ўрта асрларда Самарқанд ғарбидаги шу номли шаҳарча ва вилоят, ҳозир Самарқанддан 25 км ча ғарбдаги шу номли қишлоқ. (–А.А.)
[12] Амуй суви–Амударё.
[13] Ширкент–ҳозирги Бешкент, қарши туманининг маркази.
[14] Хандақ–шаҳар ёки қўрғон девори ташқарисидан гир айланасига душмандан мудофаа мақсадида қазилган чуқурлик, одатда унга сув тўлдириб қўйилган.
[15] Хокрез–душман ўкдари ва ҳужумидан ҳимоя мақсадида қалъа девори остига уюлган тупроқ.
[16] Бурғу–карнайнинг бир хили, ковак шох шаклида бўлган.
Деярли бартараф этиб бўлмайдиган икки ғов, бизнинг таассуб ва тарихнинг янглишилиги - бизнинг Амир Темурни билишимизга ва баҳолашимизга монелик қилди. Бироқ кўпгина муаллифларнинг ўз салномаларида уни сохта баён этганликлари муҳим эмас, ахир унинг номи миллатлар воқеаномаларида ўчмас ёзувларда қайд этилмаганми?! Ахир, авлодлари фойдаланиб келган зафарлари унинг буюк заковатини исботлаш учун етарли эмасми? (Луи-Матьё Ланглэ)