Шу орада менга арз қилдиларки, бир тўда афғонлар Ҳиндистонга олиб борадиган йўлга босқин қилиб, у ерда қароқчилик қилаётган эканлар. Хусусан, булардан Каркас[1] қабиласининг бошлиғи Мусо Афғоний ҳаддидан ошаётган экан. Менинг вафодор хизматкор ва тобеъларимдан бири бўлган Лашкаршоҳ Афғонийни Пирмуҳаммад Жаҳонгир Эрёб қалъасини қўриқлашга қўйган эди. Мусо Афғоний мазкур қалъага от солиб, шиддат билан босиб олибди, Лашкаршоҳ Афғонийни ўлдириб, қалъадагиларнинг бор-йўғини талаб кетибди.
Шу пайтда (ҳузуримга) Лашкаршоҳнинг иниси Малик Муҳаммад дод-фарёд кўтариб келди. У оғасини ўлдирган Мусо Афғонийнинг жабру зулмидан шикоят қилди. Мен бўлсам (унинг сўзига қулоқ солмаган бўлиб): «Ҳой инсон, Мусо Афғоний менга хайрхоҳлардан биридир», дедим ва уни қамаб қўйишларини буюрдим. Амирларим мени ноҳақ зулм ўтказди, деб айбладилар.
Бироқ, бунинг аксинча, Мусо Афғоний Малик Муҳаммаднинг ҳибсга олингани ҳақидаги хабарни ва менинг айтган гапларимни эшитиб, кўнгли таскин топди. Шундан кейин, уни ҳузуримга келишини талаб қилиб ёзган ёрлиғимни олгач, ҳадиксирамасдан дарҳол етиб келиб, қалъани менга пешкаш қилди.
Мен у қалъани томоша қилиш учун ичкарисига кирганимда, унинг (Мусо Афғонийнинг) сипоҳийларидан бири мени ўлдириш қасдида ўқ-ёй отди. Кейин Мусо Афғоний ўзига яраша жазосини топди. Ҳиндистон йўли очилди.
[1] Каркас–хато ёзилган. Какар бўлиши керак. Ҳозирги Покистоннинг шимоли-ғарбида яшайдиган қабила. (–А.А.)
Амир Темур олимларга хайрихоҳ муносабатда бўлар ва билими билан ҳаллолигини кўрган олимларга ишонар эди. У тарихчи ва файласуфлар, илм-фан ва маъмурий соҳада билимдон бўлган кишилар билан суҳбатлашиш учун кўпинча тахтидан ҳам тушар эди. Амир Темур ўзидаги кишиларни бўйсундириш қобилиятига уларни ўз ҳукмронлиги остида бахтиёр қилиш истеъдодини ҳам қўшган эди. (Луи-Матьё Ланглэ)