Султон Маҳмуд[1], Маллухон[2] иккиси эллик минг отлиқ ва пиёда аскар, 120 занжирбанд фил билан Деҳли қалъасини мустаҳкамлаб, менга қарши жангга шайландилар. Кўнглим ғаш бўлди. Бордию Деҳли қалъасининг қамалига киришсам, бу иш узоқ муддатта чўзилиб кетса, (унда нима қиламан?) Кенгашни шундан топдимки, ғаним лашкари дадилланиб, (қалъадан) чиқиб, саф тортиб жанг майдонига кириши учун, ўзимни кучсиз ва (қўрққандек) қилиб кўрсатмоқчи бўлдим. Шу сабабдан, лашкардан узоқрокда хандақ қаздирдим. Лашкарим билан хандақ ичига яхшилаб жойлашганимдан кейин, лашкарларимнинг бир фавжини душманга қарши жангга ташладим. Душман қаршисига боргач, ўзларини кучсиз кўрсатиб, қўрққандай бўлиб чекинишларини ва ғанимларни дадиллантириб келишни буюрдим. Душман лашкари бу ҳолни кўриб ўзларини ғолиб ҳисоблаб, гердайиб жанг майдонига чиққан эдиларки, (менинг) қаҳрли лашкарим фавжлари билан юзма-юз келдилар. Деҳли ҳокими султон Маҳмуд жангга киришди ва енгилиб тоғ тарафга қочди. Беқиёс хазина ва мол-мулки сипоҳийларимга насиб бўлди.
Бир йил ичида Ҳиндистон пойтахти Деҳлини забт этдим[3] ва мазкур йилнинг охирларида салтанатим пойтахти (Самарқанд)га қайтдим[4].
[1] Султон Маҳмуд (Султон Носириддин Маҳмудшоҳ II)–Шимолий ҳиндистонни идора қилган Туғлуқийлар сулоласи (1320–1413)дан чиққан подшоҳ. У 1393–1399 йиллари мамлакат ҳукмдори бўлган.
[2] Маллухон–Султон Маҳмудшоҳ ҳукмронлиги даврида вазир ва амиралумаро бўлиб, ҳукуматни деярли ўзи бошқарган.
[3] Деҳли 1398 йил 18 декабрда забт этилган.
[4] Бу воқеа 1399 йил 27 апрелда юз берган.
Ҳофизи Абрўнинг ёзишича, Амир Темур турк, араб ва эронликлар тарихини чуқур билган. У давлат аҳамиятига эга бўлган ҳар бир масалани ҳал этишда, шу соҳанинг билимдонлари ва уламолари билан маслаҳатлашарди.