Ҳиндистондан зафар қозониб қайтганимдан кейин, ҳали сафар чарчоғи чиқмай туриб, икки Ироқ ҳокимларидан менга арзнома келди. Ёзишларича, Гуржистон кофирлари ҳаддиларидан ошиб, чегарани бузган эмишлар.
Мен ҳамиша подшохдар учун кофирларга қарши ғазовот қилишдан, мамлакатларни забт этишдан ва жаҳонгирликдан яхшироқ иш йўқ, деган фикрда эдим. Гуржистон имонсизларининг туғён кўтаргани ҳақидаги хабар келиши биланоқ кенгаш ўтказиб, «ўша диёрдаги бошқа бузуқи одамларнинг ҳам бош кўтаришига йўл очилмасин», дея зудлик билан уларни даф қилишга тутиндим. Хинд юришидан келган сипоҳийларимга «хоҳловчилар шу ерда қолсин, хоҳловчилар мен билан борсин», деб ихтиёрни ўзларига бердим. Хуросон, Қандаҳор, Сейистон, Кермон, Табаристон, Гилон, Мозандарон ва Форс вилоятларидаги лашкарларимга жанг ҳозирлигини кўриб, Исфаҳон атрофига келиб, менинг зафарли лашкаримга қўшилсинлар, деб ёрлиғлар жўнатдим.
Хар бир мамлакатдаги итоатдан бўйинтовловчиларни турли ерларга тарқатиб юборишни маслаҳат кўрдим. Чунончи, Хуросон ва Форсдаги бўйинтовловчиларни Туронзаминга кўчирдим ва бу мамлакатларнинг сатҳини уларнинг мухолифлигидан тозаладим.
Сўнг Гуржистон вилояти қалъаларини забт этиш учун ўша мамлакат устига отландим. Сипоҳийларнинг кўнглига нима ўтирса, шуни қилдим. Бошимга пўлат дубулға, эгнимга довудий совут кийдим, белимга Миср қиличини боғлаб, баҳодирлигу кураш тахтига ўтирдим. Туронлик довюракларга, Хуросон паҳлавонларига, Гилон ва Мозандарон ботирларига қўрқинч солдим ва Сивос[1] ҳамда Гуржистон қалъаларини фатҳ қилдим. Қалъадан туриб (қаршилик кўрсатганларнинг) барчасини мағлуб этдим, қалъадан олган ўлжаларни эса ғолиб аскарларимга улашдим. Озарбайжонлик бузуқи, бевош кишиларни жазоладим.
Шундан кейин Малатия[2] қалъаси ва унинг теварагидаги ерларни фатҳ этишга киришдим. Ўша қалъаларни фатҳ айлаб хотиржам бўлганимдан сўнг Ҳалаб[3] ва Ҳумс[4] томонларга қараб йўналдим ва бир оз ҳаракат билан бу мамлакатларни ҳам ўзимга қаратдим. Сўнг Миср ва Шом мамлакатларини забт этишга камар боғладим[5].
[1] Сивос–Кичик Осиёнинг йирик қалъа-шаҳарларидан; ўрта асрларда Себастия деб номланган. «Султония–Табриз–Кўниё» карвон йўли устида жойлашган шаҳар. ҳозирги вақтда Туркиядаги шу номдаги вилоят маркази. (–А.А.)
[2] Малатия–Рум мамлакатининг машҳур шаҳарларидан. Ҳозирда Туркиянинг шу номдаги вилоят маркази.
[3] Ҳалаб – Шом(Сурия)нинг шимолида жойлашган қадимий шаҳар (милод.ав. 20-асрдан маълум), ўрта асрларда Алеппо номи билан машҳур бўлган.
[4] Ҳумс–қадимги Эмесса, Оси (Оронт) дарёси бўйида жойлашган ва Шомга қарашли қадимий шаҳар.
[5] Миср ва Шом забтига Амир Темур етти йиллик (1399–1404) юриш вақтида, аниқроғи 1399–1401 йиллари киришган.
Амир Темур кўп вақтни шатранж ўйини устида ўтказган. У ўз даврининг машҳур шатранжчилари билан бемалол беллаша олган. (Хильда Хукхэм)