Амир Темур шахсини идрок этиш–тарихни идрок этиш демакдир. Амир Темурни англаш–ўзлигимизни англаш демакдир. Амир Темурни улуғлаш–тарих қаърига чуқур илдиз отган томирларимизга, маданиятимизга, қудратимизга асосланиб, буюк келажагимизни, ишончимизни мустаҳкамлаш демакдир.
Бу ҳақда гапирганда, Амир Темурнинг давлатчилик ва дипломатия, ҳарбий маҳорат, бунёдкорлик салоҳияти, илму фан, санъат ва меъморчиликка оид қарашлари, ҳаётнинг маъно-мазмуни, инсонни улуғлайдиган эзгу ишлар ҳақида билдирган фикрлари, дину диёнат ва адолатни жойига қўйиш, салтанат ишларини кенгаш ва тадбир асосида амалга ошириш, ҳар бир масалада узоқни кўзлаб, эл манфаатини ўйлаб иш тутиш билан боғлиқ ибратли фазилатларини алоҳида таъкидлаш ўринлидир. Айнан мана шундай масалалар Соҳибқирон тафаккурининг маҳсули бўлган «Темур тузуклари» асарида ҳар томонлама аниқ, ишонарли ва таъсирчан тарзда ёритилган, десак, ҳақиқатни айтган бўламиз.